16:41 / 15.10.2024
58

Қандли диабет ҳақида тиббиёт инкор этадиган хато фикрлар

Қандли диабет ҳақида тиббиёт инкор этадиган хато фикрлар
Бугунги кунда қанд касаллиги энг кўп учрайдиган ва даволаниши узоқ давом этадиган касалликлардан бири бўлиб қолмоқда. Ширинликларни кўп истеъмол қилишнинг ушбу касалликка таъсири борми? Озғин инсонлар ҳам диабетга чалиниши мумкинми? Қуйида қанд касаллиги ҳақида аҳоли орасида кенг тарқалган янглиш фикрларни кўриб чиқамиз.

Фото: Shutterstock
1-янглиш фикр: Қанд касаллигида бутун умр давомида инсулин инексияларини олиш керак

Қандли диабетнинг икки тури мавжуд. 1-тоифада иммунитет инсулин ишлаб чиқарадиган ошқозон ости бези ҳужайраларини йўқ қилади. Ушбу гормоннинг нормал ишлаб чиқарилмаслиги оқибатида организмда углевод алмашинуви бузилади. Қондаги глюкоза даражаси хавфли даражага кўтарилади. Бундай ҳолларда тери остига инсулин инексиялари қилинади. Касаллик болаликдан ривожланади ва унинг юзага келиш сабаблари ҳозирча номаълум.

2-тоифа қанд касаллигида инсулин ишлаб чиқарилади, аммо тана ҳужайралари унга жавоб беришни тўхтатади. Натижада глюкоза қон таркибида қолиб кетади. Даволаниш учун тўғри овқатланиш, мунтазам жисмоний фаолият ва ортиқча вазнни йўқотиш лозим бўлади. Ушбу касалликда инсулин буюрилиши мумкин, аммо барча ҳолатлар индивидуалдир. Бунинг учун қон ва глюкоза таҳлили олинади ва керакли дорилар буюрилади.

2-янглиш фикр: Ширинликларни мунтазам истеъмол қилиш қанд касаллигига олиб келади

Семириш, жисмоний фаолликнинг етишмаслиги ва ирсият каби омиллар 2-тоифали қанд касаллигига чалиниш хавфини оширади. Аммо ширинликларни ортиқча миқдорда истеъмол қилиш айнан диабетни келтириб чиқармайди. Бундай овқатланиш тартиби углевод ва ёғларга бой бошқа маҳсулотлар каби ортиқча вазнга олиб келиши мумкин.

Нотўғри турмуш тарзи ҳар қандай ёшда, ҳатто болаликда ҳам касаллик келтириб чиқаради. Шунинг учун тўғри овқатланиш тартибини ёшликдан одатга айлантириш керак. Ортиқча овқатланиш ошқозон ости бези ва бутун овқат ҳазм қилиш тизимига оғир юк бўлади.

3-янглиш фикр: Озғин инсонлар қанд касаллигига чалинмайди

Фото: Lifehacker.ru
Семириб кетиш 2-тоифа диабет ривожланишининг асосий омили ҳисобланади. Бундан ташқари, касалликка ёш билан боғлиқ ўзгаришлар, турмуш тарзининг бузилиши кабилар ҳам сабаб бўлади.

2-тоифали қанд касаллиги дастлабки босқичларда сезилмайди. Уни ўз вақтида аниқлаш учун мунтазам тиббий кўрикдан ўтиш, 40 ёшдан бошлаб холестерин ва глюкоза миқдорини текшириш керак. Касалликнинг кейинги босқичларда баъзан кўз, юрак ва буйракларга зарар етади. Шунинг учун қанд касаллиги нафақат эндокринолог, балки кардиолог томонидан ҳам аниқланади.

4-янглиш фикр: Ота-онадан бири қандли диабет билан касалланган бўлса, хасталик болага ҳам ўтади

2-тоифа диабет ҳақиқатда ирсий жиҳатдан ўтиши мумкин, аммо кўп нарса инсоннинг турмуш тарзига боғлиқ. Агар ортиқча вазн юзага келмаса, мунтазам равишда спорт билан шуғулланилса ва ҳар йили профилактик текширувлардан ўтилса, касалликка чалиниш хавфи бир неча бор камайди.

5-янглиш фикр: Қанд касаллигидан азият чекадиган аёлларга фарзанд кўриш мумкин эмас

Фото: Lifehacker.ru
Диабет касаллигида ҳомиладор бўлиш тақиқланмайди, шунчаки ушбу жиддий масалага алоҳида тайёргарлик кўрилади. Фарзанд кўришни режалаштиришдан 2-3 ой олдин гинеколог ва эндокринологга мурожаат қилиш тавсия этилади. Шифокорлар керакли таҳлилларни буюради, натижалар асосида тавсиялар ва дори-дармонлар ёзилади.

Ҳомиладор бўлишдан аввал қандли диабет билан оғриган ота-оналар парҳез тутиши, соғлом турмуш тарзига риоя қилиши ёки инсулин инексиялари орқали глюкозага тўлган гемоглобин даражасини камайтиришлари керак.

Бундан ташқари, ҳатто соғлом аёлларда ҳам ҳомиладорлик даврида гестацион диабет ривожланиш ҳолатлари кузатилади, бу эса қондаги глюкоза даражасини ошириб юборади. Бундай ҳолат ҳомиланинг ривожланишига салбий таъсир қилади. Шунинг учун ҳомиладорликда ўз вақтида скринингдан ўтиб туриш зарур.

6-янглиш фикр: Қанд касаллигини халқ табобати ёрдамида даволаш мумкин

Диабет сурункали ва юқумли бўлмаган хасталиклар гуруҳига киради. Уни тўлиқ даволашнинг иложи йўқ, лекин бошланғич даврида ташхис қўйиш, парҳез ва дори-дармонларни тўғри танлаш орқали жиддий асоратларнинг олдини олиш мумкин.

7-янглиш фикр: Барча беморлар жисмоний ҳаракатни чеклаши керак

Фото: Lifehacker.ru
Спорт машқлари 1-тоифа қанд касаллигига чалинган одамларда гипергликемия ёки гипогликемияни келтириб чиқариш эҳтимоли бор. Бирор машғулот билан шуғулланишни бошлашдан аввал ва кейин глюкоза даражасини назорат қилиш керак. Фақат парҳезга риоя қиладиган 2-тоифали хаста инсонларгина бундай хавфга дуч келмайдилар. Аксинча, жисмоний машқлар улар учун фойдалидир. Чунки камҳаракат турмуш тарзи семизликка олиб келади.

Агар бемор 1- ёки 2-тоифа қанд касаллигига яқин орада чалинган бўлса, у ҳар қандай жисмоний фаолият билан шуғулланиши мумкин.

Қандли диабет, Ҳомиладор бўлиш, Семириб кетиш, Озғин инсонлар, Ортиқча овқатланиш, Хато фикрлар

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Қандли диабет ҳақида тиббиёт инкор этадиган хато фикрлар