10:14 / 23.11.2016
21 732

Иккинчи турмуш "Кўрпанинг ямоғи"ми?

Иккинчи турмуш "Кўрпанинг ямоғи"ми?

Аёлимни севиб уйлангандим. Доим кулиб турадиган, ҳар қандай вазиятда ҳам, менинг кўнглимни кўтаришга уринадиган рафиқам билан муносабатимиз ҳавас қилгулик даражада эди. Уч нафар фарзанд кўрдик. Ота-онамдан алоҳида бўлиб, бошқа уйга кўчиб чиқдик. Икки хонали уй ёнига янги уй қурдираётган кунларимиз эди. Мен ишда эдим. Бир куни уйга келсам, онам ва аёлим жанжаллашишяпти. Ҳайрон бўлдим. Ойим: “Ўғлим, мени десанг, хотининг билан ажрашасан, уйингга келсам, унинг хонасидан уста йигитлардан бири чиқиб келаётган экан”, деди. Бу гапдан кейин бошимга қаттиқ оғриқ кирди. Қўлларим ғазабдан титрай бошлади. Аёлим: “Ойи, у уйига кетмоқчи экан, шу боис пулимни беринглар, кетаман, деди. Мен, эрим келса, ўзи билан гаплашасиз, дегандим. Сиз бутунлай нотўғри тушундингиз”, деди. Мен уста йигит билан алоҳида гаплашдим. У хотиним айтган гапларни такрорлади. Онам эса, йўқ, бу ерда бир гап бор, деб туриб олди. Мен хотинимга ишонардим. Лекин онамнинг гаплари мени шубҳага солди. Ахир, ўртада шайтон бор. Энг ёмони, бу муаммога аниқлик киритгунимча, ойим бу гапларни қариндош-уруғга ҳам тарқатиб юборибди. Энди аёлим билан яшашнинг иложи йўқ эди. У ўзини оқламади, жанжал ҳам қилмади, шунчаки, менга ишонмайсизми, деб сўради, холос. Мен эса, елка қисдим. У, ҳамманинг нима дейиши менга аҳамиятсиз, лекин мен ўзимга ишонмайдиган одам билан яшолмайман, деди-ю кетди. Мен эса, аросатда қолдим. Ойим орадан ярим йил ўтар-ўтмас, бир ойгина турмуш қурган аёлга мени уйлантириб қўйди. Инсоф билан айтганда, ўша аёлда бир оилани бахтли қилиш учун етарли ҳамма сифатлар бор эди. Чаққон, пазанда, муомалали. Лекин минг қилса ҳам, уни биринчи аёлимга ўхшатолмадим. Ҳар бир ҳаракати менинг жаҳлимни чиқарарди. У менга ёқишга урингани сари асабийлашардим. Онам менга, уям бировнинг боласи, яхши гапир, деб қайта-қайта тайинласа-да, муносабатим кундан-кун совуқлашиб бораверди. Уйга келгим келмас, ундан биринчи хотинимга ўхшаш белгиларни тополмай сиқилиб кетаверардим. Орадан бир йил ўтди. Охири ўзим унинг жавобини бердим. Балки бошқа одам билан бахтли бўларсан, мендан рози бўл, деб хайрлашдим. Ойим яна мени уйлантириш тараддудига тушди. Ҳар куни ҳар хил қиз ҳақида гапиради. Бошқага уйланиб, униям бахтсиз қилсамчи, деб ойимга рад жавобини беравердим. Барибир ойим айтганидан қолмади. Энди турмушга чиқмаган қизга уйландим. Ёш, кўркамгина. Бироқ барибир, бу қиз ҳам кўнглимга сира ўтирмади. Қандайдир камгапми, хаёлпарастми?! Ўзимнинг Лобарим эса, кўнглимдагини дарров сезарди. Унинг кулгусини ҳам, жаҳлини ҳам бирам соғинардимки, асти қўяверасиз. Вақти-соати билан ўтиб кетади, бунисига ўрганиб қоласан, деб ойим мени юпатгани билан, ўзини ҳам, мени ҳам алдаётганлигини сезарди. Бу турмушим ҳам ўхшамади. Ҳеч нарса менда бу аёлга нисбатан илиқ туйғулар уйғота олмади. Балки ўзим ҳаммадан Лобарни излаганим учун шундай бўлгандир. Орадан бир ярим йил ўтиб, бу аёл билан ҳам ажрашдим. Шу ўртада битта фарзандли бўлганим қолди. Яқинларим, бунча иродасизсан, шунчалик ҳам бўласанми, ҳамма хотин ҳам шунақа бўлади-да, яшайвермайсанми, деб мени койишгани койишган. Мен эса, “иккинчи турмуш — кўрпанинг ямоғи” деган гапнинг мағзини тушуниб етдим. Ҳатто, сиз энг ёмон деган биринчи жуфтингиз ҳам, ишонинг, кейинги ўнтасидан яхшироқ бўларкан. Балки биринчи турмушда туйғулар ҳам, ҳаяжон-у камчиликлар ҳам илк марта бўлгани учун ёдимизда абадий қолар. Яна ким билади, дейсиз?..

“АЖРАШГАЧ, ҚАДРИМГА ЕТДИ”

Эндигина ўттиз бешга кирган Равшаннинг ҳикояси мени ўйлантириб қўйди. Наҳотки, биринчи турмуш шунчалик қадрли бўлса, ахир, икки марта турмуш қилганлар ҳам бинойидек яшаяпти-ку, деб ўйладим. Кейинги суҳбатдошим Санобарнинг ҳикояси эса, айни мавзуни давом эттирди…

Умр йўлдошим билан совчилар орқали танишиб, турмуш қургандик. Оиламиз ҳамма қатори, бинойидек умр кечирардик. Лекин бора-бора турмуш қийинчиликлари, оилавий муаммоларимиз кўпайгани сари бир-биримизни тушунолмай қолдик. Кунда кунора жанжал, арзимаган нарсага ҳам бир-биримиз билан уришиб қолаверардик. Мен ота уйимга бориб, у ерда уч-тўрт кун тургач, яна уйга қайтардим. Ҳар сафар турмуш ўртоғим мени ўзи бориб олиб келарди. Ўртада битта боламиз бор. Лекин охирги жанжалимиздан кейин эрим нимагадир келмади. Ўзим борай десам, ойим кўнмади. Орадан ярим йил ўтиб, эримнинг қайта уйланаётганини эшитдим. Мен кеч қолгандим. Суд орқали ажрашдик. Эрим уйланди. Мен эса, ўзимни бепарво кўрсатсам-да, одамлардан, таниш-билишларим дан доим эрим ҳақидаги гапларни эшитиб турардим. Ўзимча, эрим барибир, мени унутолмаса керак, деб ўйлардим. Лекин ғишт қолипдан кўчганди. Йўқ, у уйланганига бир йил бўлмасдан, хотинидан ажрашибди. Энди эрим менга ярашишни таклиф қилди. Биз ярашдик. Ҳеч қачон биринчисидан айирмасин экан, деди эрим. Биз энди аҳилмиз. Назаримда, энди у менинг қадримга етди.

АЖРИМДАН КЕЙИН…

Албатта, иккинчи турмушида ҳам бахтли яшаётганлар истаганча топилади. Қолаверса, ҳеч ким ажрашаман деб, оила қурмайди. Ҳамма оила тимсолида бахту камолини орзу қилади. Лекин тақдир тақозоси билан турмуш ўртоғи вафот этган ёки ажрашишга мажбур бўлганлар иккинчи турмушда бахтли бўлишлари учун нималарга эътибор беришлари лозим? Ажрашган одамга у эркакми, аёлми, жамият аъзолари бирдек яхши муносабатда бўлмайдилар. Сиз ҳам айнан ажрашганингиз учун муҳокама мавзусига айланасиз. Баъзан кимдир айнан шу бахтсизлигингиз ҳақида гапириб, ярангизни янгилайди. Шусиз ҳам ўзини тушкун, ҳеч кимга кераксиздек сезаётган инсон бундай суҳбатлардан сўнг, ўзининг бахтсизлигига чиндан ҳам ишониб қолади. Ажрим баъзан қалбда бўшлиқ пайдо қилади. Ўзини ёлғиз ҳис қилади, айбдорлик ҳисси қийнайди. Сиз ўзингизни ташлаб кетилган, ёмон ёки бирор ишни уддалай олмайдиган деб ҳисобламанг. Ҳаётингиз ва олдинги оилангиз ҳақида кимгадир ҳисобот беришга мажбур эмассиз. Ажрашишингиз сабабларини ҳам айтиб ўтиришингиз шарт эмас. Олдинги турмуш ўртоғингизга жаҳл қилиб, ўзингизни кўрсатиб қўйиш мақсадида шошилиб, иккинчи турмуш қурманг. Ахир, оила қуришдаги биринчи шошма-шошарликда н сиз етарли сабоқ олдингиз. Ҳар бир нарсадан ўрганиш мумкин. Сизда энди яхшими, ёмонми, оилавий ҳаёт ҳақида тажриба бор. Сиз энди нима қилиш кераг-у, керакмаслигини ажрата оласиз. Ўзингизни қўлга олинг. Севган ишингиз билан шуғулланинг, ўзингизга бўлган ишончни ўстиринг, менинг бошқалардан нимамдир кам, деб ўйламанг. Ахир, бахтли бўлишга ҳаммамиз ҳам ҳақлимиз.

Зуҳра РЎЗИЕВА

Манба: diydoraziz.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Иккинчи турмуш "Кўрпанинг ямоғи"ми?