date
views 365

Қаҳва соғлом кексайишга ёрдам берадими? Тадқиқот жавоб берди

Қаҳва соғлом кексайишга ёрдам берадими? Тадқиқот жавоб берди
Қаҳвани кундалик рационга қўшиш нафақат кун бошида серғайратлик бахшида этиши, балки аёллар учун кексайиш давридаги умумий саломатлик ҳолатига ижобий таъсир кўрсатиши мумкин. Бу ҳақда АҚШда ўтказилган йирик ва кўп йиллик тадқиқот — Nurses’ Health Study маълумотлари асосида хулоса чиқарилди, деб хабар берди CNN. Ушбу тадқиқот натижалари Орландо шаҳрида бўлиб ўтган Америка озиқ-овқат жамияти анжуманида эълон қилинди.

30 йиллик таҳлиллар нима кўрсатди?
Торонто университети доценти, тадқиқот муаллифларидан бири Сара Маҳдави маълум қилишича, кунига 1 дан 3 чашкагача кофеинли қаҳва истеъмол қилувчи 50 ёшлар атрофидаги аёлларда сурункали касалликлар камроқ қайд этилган. Бундан ташқари, уларда жисмоний фаоллик, руҳий барқарорлик ва ақлий саломатлик бошқаларга нисбатан яхшироқ сақланиб қолган.

Ушбу хулосалар 47 мингдан ортиқ аёлларни қамраб олган тадқиқот асосида берилган. Иштирокчилар овқатланишга оид анкеталарни тўлдиришган ва 30 йил давомида шифокорлар уларнинг умумий саломатлигидаги ўзгаришларни қайд этиб боришган. Кофеинли қаҳва мўътадил истеъмоли соғлом кексалик билан яқиндан боғлиқ экани аниқланган.

Чой ва кофеинсиз қаҳвада бундай таъсир қайд этилмади
Қизиғи шундаки, тадқиқот давомида чой ёки кофеинсиз қаҳва истеъмол қилган аёллар орасида бундай ижобий ўзгаришлар кузатилмади. Шунингдек, газланган ширин ичимликларни доимий истеъмол қилувчи аёлларда соғлом кексайиш эҳтимоли анча паст бўлган.

Ҳаммага қаҳва ичасиз дегани эмас
Сара Маҳдавининг таъкидлашича, бу тадқиқот барча аёлларга мажбурий равишда қаҳва ичишни тавсия қилмайди. Агар аёл аввал қаҳвани истеъмол қилмаган бўлса, энди кескин тарзда буни одат қилиш шарт эмас. Ҳар бир инсоннинг организми индивидуал ва кофеинга реакция шахсий ҳолатларга боғлиқ.

Гормонал ҳолат ва кофеин
Махсус қайд этилишича, аёллар организмидаги гормонлар, хусусан эстроген миқдори, кофеиннинг жигарда парчаланиш жараёнига таъсир кўрсатиши мумкин. Ҳомиладорлик, гормонал терапия ёки бошқа алоҳида ҳолатларда кофеин организмда анча узоқ сақланиб қолиши мумкин. Шу боис бундай вазиятларда қаҳва истеъмоли алоҳида тиббий маслаҳат асосида тартибга солиниши лозим.

Хулоса: меъёрдаги қаҳва – кексайишда барқарорлик манбаи бўлиши мумкин
Кунига бир ёки икки чашка кофеинли қаҳва ичиш айрим аёллар учун кексаликда саломатликни сақлаш, энергияни ушлаш ва ақлий фаолликни қўллаб-қувватлашда фойдали омиллардан бири бўлиши мумкин. Бироқ бу ҳар бир инсонда алоҳида кузатилиши лозим бўлган жараён эканини унутмаслик керак.

Демак, қаҳвани соғлом ҳаёт тарзига киритиш мумкин, лекин бу мўътадиллик ва индивидуал ёндашув билан амалга оширилмоғи шарт.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Фойдали » Қаҳва соғлом кексайишга ёрдам берадими? Тадқиқот жавоб берди