date

Ишонч ва бахт ўртасидаги боғлиқлик: олимлар нега ҳайратда?

Ишонч ва бахт ўртасидаги боғлиқлик: олимлар нега ҳайратда?
Ишонч ва бахт – бу икки тушунча одам ҳаётида алоҳида аҳамият касб этади. Аммо улар фақат алоҳида эмас, балки ўзаро боғлиқ ҳолда ишлайдиган кучли психологик механизмлар экани аниқланди. Утрехт университети ва бошқа қатор илмий марказлар томонидан олиб борилган йирик таҳлил бунга яққол исбот бўлди. Тадқиқотчилар 2,5 миллиондан ортиқ иштирокчи ва қарийб мингта турли илмий ишларни таҳлил қилиб, муҳим хулосага келишди: ишонч инсонни бахтлироқ қилади, бахт эса ишончни мустаҳкамлайди.

Мутахассислар бу ҳолатни "ишонч ва бахтнинг ўзаро боғлиқ айланаси" деб аташмоқда. Яъни, бошқаларга ишонган инсонлар ўзини хотиржам, тинч ва бахтли ҳис қилади. Шу билан бирга, бахт ҳисси ортиши одамнинг ишонувчанлигини оширади — у дўстларга, оилага, ҳатто нотанишларга нисбатан ҳам очиқроқ бўлади.

Бу таъсир фақат қисқа муддат эмас, балки узоқ муддатли таъсирга ҳам эга. Вақт ўтиши билан ишончли инсон янада бахтлироқ бўлиб боради. Шу билан бирга, бахтли инсонлар кўпроқ ижтимоий алоқалар ўрнатишга мойил бўлади, бу эса янги ишонч муҳитини яратади.

Тадқиқотда, инсоннинг ҳиссий ҳолатига энг кучли таъсир қиладиган ишонч тури — бу яқинлар, яъни дўстлар, оила аъзолари ва ҳамкасбларга бўлган ишонч экани таъкидланган. Кейинги ўринда нотанишларга нисбатан умумий ишонч, сўнгги ўринда эса давлат ва ҳукумат тузилмаларига ишонч туради.

Қизиқ жиҳати шундаки, бу боғлиқлик болалар, ўсмирлар ва кексалар орасида айниқса кучли. Ёшларда ишонч ижтимоий дўстлик ва муносабатлар қуришда муҳим рол ўйнаса, кексаларда бу эҳтиёж ортиб бораверади — улар учун бошқаларнинг ёрдами ва кўмаги жуда муҳим. Ўрта ёшдаги инсонларда эса бу боғлиқлик бир оз сусайган, чунки бу ёшда мустақиллик ва иш билан бандлик биринчи ўринда туради.

Олимлар шуни ҳам таъкидлашмоқдаки, бир-бирига ишонган жамиятларда одамлар ўзини бахтлироқ ҳис қилади. Масалан, Финляндия ва Дания сингари мамлакатлар аҳолиси ўртасида ишонч даражаси юқори ва бу уларнинг психологик саломатлигига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Бу тадқиқотдан олинган хулосалар ижтимоий сиёсат ва руҳий соғломлаштириш дастурлари учун катта аҳамиятга эга. Чунки ишонч — бу нафақат шахсий бахт, балки бутун жамият руҳиятининг пойдевори экани яна бир бор исботланди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Фойдали » Ишонч ва бахт ўртасидаги боғлиқлик: олимлар нега ҳайратда?