date

Юракда муаммо бўлса — ҳаводан эҳтиёт бўлинг!

Юракда муаммо бўлса — ҳаводан эҳтиёт бўлинг!
Ҳар қандай саёҳат яхши кайфият ва кутилган дам олиш билан боғлиқ бўлса-да, барча учун ҳаво қатнови бирдек хавфсиз эмас. Хусусан, юрак-қон томир касалликлари билан оғриган шахслар учун самолётдаги парвоз жиддий хавф солиши мумкин, деб огоҳлантирмоқда шифокор Елена Павлова, деб ёзади news.ru.

Унинг таъкидлашича, самолёт салонидаги босимнинг пасайиши, ҳаводаги кислород даражасининг камайиши ва узоқ вақт ҳаракатсиз ҳолда ўтириш — организм учун катта синовдир. Бу омиллар айниқса юрагида нуқсони бўлганлар учун хавфли бўлиши мумкин.

Шифокор фикрига кўра, яқинда инфаркт, юрак етишмовчилиги ёки кучли гипертонияни бошидан кечирганлар самолётда парвоз қилишдан вақтинча тийилиши керак. Чунки ҳар қандай оғир жисмоний ёки эмоционал босим юрак фаолиятига кучли таъсир кўрсатиши мумкин.

Шунингдек, тромбоз, сурункали диабет ва ўпка билан боғлиқ муаммолар (хусусан, бронхиал астма ёки ХОБЛ) бўлган беморлар ҳам ҳаво қатнови пайтида ўзини ёмон ҳис қилиши мумкин. Пневмония, пневмоторакс ёки пастки тана қисмида шиш кузатилган ҳолатларда ҳам парвоз тавсия этилмайди.

Айниқса, яқинда оғир жарроҳлик амалиётини бошидан кечирганлар, хусусан, кўкрак ёки қорин бўшлиғидаги операциялардан сўнг, шифокорлар парвоздан камида 2-3 ҳафта тийилишни маслаҳат беришади. Организм тўлиқ тикланмасдан ҳаво сафарини бошлаш жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Инфекцион касалликлар — масалан, грипп, COVID-19 ёки сувчечак билан оғриганлар ҳам парвозга чиқмасликлари лозим. Бу нафақат беморнинг ҳолати, балки атрофдаги бошқа йўловчиларнинг саломатлиги учун ҳам хавф солади.

Ҳомиладор аёлларга келсак, Елена Павлованинг сўзларига кўра, улар фақат антенатал клиникадан олинган махсус тиббий рухсатнома (сертификат) асосида учишлари мумкин. Айниқса, ҳомиладорликнинг 28-ҳафтасидан сўнг ушбу рухсатнома талаб қилинади.

Хулоса қилиб айтганда, самолётда парвоз қилишдан аввал соғлиғингизни синчковлик билан баҳолаш муҳим. Агар сизда юқорида зикр этилган ҳолатлардан бири мавжуд бўлса, парвозга чиқишдан олдин шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг. Ахир саломатлик — барча саёҳатлардан муҳим!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Фойдали » Юракда муаммо бўлса — ҳаводан эҳтиёт бўлинг!