Бир ҳафтада 1 килограмм озиш учун қанча қадам юриш керак?

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Бир ҳафтада 1 килограмм вазн йўқотиш учун тахминан 7 700 килокалория энергия танқислигини ҳосил қилиш талаб этилади.
- Овқатланиш тартибини ўзгартирмасдан, фақат пиёда юриш орқали шунча энергия сарфлаш учун кунига 22 мингдан 27 500 тагача қадам ташлашга тўғри келиши мумкин.
Пиёда юриш вазнни назорат қилишнинг энг қулай усулларидан бири ҳисобланади. Аммо бир ҳафтада 1 килограмм вазн йўқотиш учун фақат юришнинг ўзи етарли бўлмаслиги мумкин. Бунинг учун организм сарфлайдиган энергия миқдори истеъмол қилинадиган калориядан кўпроқ бўлиши керак. Керакли қадамлар сони эса инсоннинг вазни, юриш тезлиги, кундалик фаоллиги ва овқатланиш тартибига боғлиқ, деб хабар беради MSN сайти.
Бир ҳафтада 1 килограмм озиш учун қанча юриш керак?
NDTV нашрида келтирилган ҳисоб-китобларга кўра, 1 килограмм вазн йўқотиш учун тахминан 7 700 килокалория энергия танқислиги талаб этилади. Бу миқдорни бир ҳафтада ҳосил қилиш учун кунига ўртача 1 100 килокалориялик танқислик керак бўлади.
Агар инсон овқатланиш тартибини ўзгартирмасдан, фақат пиёда юриш орқали шунча энергия сарфлашни мақсад қилса, кунига тахминан 22 мингдан 27 500 тагача қадам юришига тўғри келиши мумкин. Бироқ бу умумий ҳисоб бўлиб, натижа ҳар бир одамда фарқ қилади.
Бундай миқдорда юриш ҳамма учун ҳам мос эмас. Узоқ вақт давомида жуда кўп қадам ташлаш бўғимларга ортиқча юк тушириши, мушакларда оғриқ ва чарчоқ келтириб чиқариши мумкин. Шунинг учун тез натижага эришиш мақсадида жисмоний имкониятдан ортиқ ҳаракат қилиш тавсия этилмайди.
Овқатланиш ва юришни бирлаштириш самаралироқ
Вазн камайтиришда фақат қадамлар сонига эмас, овқатланишга ҳам эътибор бериш муҳим. Кунлик калория истеъмолини меъёрлаштириш ва мунтазам юриш биргаликда энергия танқислигини ҳосил қилишга ёрдам беради.
Умумий фаолликни ошириш учун кунига 10 мингдан 12 мингтагача қадам юриш кўпчилик учун амалий мақсад бўлиши мумкин. Бироқ бу кўрсаткич бир ҳафтада аниқ 1 килограмм озишни кафолатламайди. Натижа инсоннинг бошланғич вазни, овқатланиши ва жисмоний фаоллигига қараб ўзгаради.
Юришни энди бошлаётганлар қадамлар сонини бирданига кескин оширмаслиги керак. Аввало кун давомида қанча қадам юрилаётганини аниқлаб, кейин бу кўрсаткични аста-секин кўпайтириш маъқул. Тезроқ юриш ҳам энергия сарфини ошириши мумкин, аммо суръат инсоннинг саломатлиги ва жисмоний имкониятига мос бўлиши лозим.
Етарлича ухлаш, сув ичиш ва тикланиш учун дам олишга вақт ажратиш ҳам муҳим. Агар инсонда сурункали касалликлар ёки ҳаракатланиш билан боғлиқ муаммолар бўлса, юриш режасини шифокор билан маслаҳатлашиб тузгани маъқул.































Изоҳлар 0
…