Олимлар инсон саломатлиги билан боғлиқ яна бир қизиқарли натижага эришишди. Халқаро тадқиқотчилар гуруҳи томонидан ўтказилган изланишлар кўп телевизор кўришнинг руҳий ҳолатга жиддий таъсир қилиши мумкинлигини кўрсатди.
Маълумотларга кўра, 65 мингдан зиёд катта ёшли иштирокчилар маълумотлари таҳлил қилинди. Натижада, экран қаршисида ортиқча вақт ўтказиш депрессия ривожланиши эҳтимолини ошириши мумкинлиги аниқланди.
Ушбу тадқиқотнинг натижалари European Psychiatry журналида эълон қилинди. Мутахассислар айтишича, телевизор қаршисида ўтказиладиган вақтнинг бир қисмини жисмоний ҳаракатлар ёки тўғри уйқу билан алмаштириш орқали инсон ўзини ҳимоя қилиши мумкин.
Хусусан, ўрта ёшдаги кишиларда экран қаршисида узоқ ўтиришнинг салбий таъсири кўпроқ сезилар экан. Улар жисмоний машғулотлар ёки тўлиқ дам олиш орқали руҳий ҳолатни яхшилашлари мумкин.
Кекса ёшдагиларда эса бундай ижобий таъсир асосан спорт машғулотлари билан боғлиқ бўлиб чиқди. Яъни жисмоний фаоллик кексаларнинг депрессияга тушиш эҳтимолини камайтиради. Ёш иштирокчиларда эса кўп телевизор кўришнинг жиддий салбий таъсири топилмади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!