10:50 / 14.01.2017
7 348

Айрим нопок ва ғаразгўй кимсалар ҳақида кечиккан фельетон

Айрим нопок ва ғаразгўй кимсалар ҳақида кечиккан фельетон

Бензин аввал камайи-иб, сўнг нархи бирдан осмонга сапчиб, аҳолининг чўнтагига тепди. Мен бунга қараб тураманми?

– Ҳап, саними, шошмай тур қимматфурушлар, бир адабингни бермасамми, – дедим.

Икки қулоч шикоятни тегишли жойга жўнатганимдан роппа-роса бир ҳафта ўтгач, жавоб хати келди. Унда “… Айрим нопок ва ғаразгўй кимсалар бензинни керагидан ортиқча ғамлаб сотаётганлиги туфайли танқислик юзага келмоқда… ўринли эътирозларини инобатга олиб… бундан буён мазкур қонунга зид ҳолатларга узил-кесил барҳам бериш мақсадида… назорат ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари…”

Лаънати нопок шахсларни кўргани кўзим йўқ!

* * *

Уйимга оқиб келаётган газни биров бўйнидан бўғгандай озайиб-озайиб, охири шамдеккина алангага айланди-қолди. Бу ҳолва экан – газ труба ҳаво сўрадиган чангюткичга айланса нима дейсиз? Гугурт чақиб алангасини тутсанг, ичкарига тортилади.

Шошмай тур, газчилар! Авра-астарингни ағдармасамми?

Райгаз ва облгазнинг устидан қоп-қоп шикояту аризалар ёзиб, снаряддек учира бошладим. Ҳаммасини тўплаб жавоб қайтаришди: “Баъзи нопок ва ғаразгўй кимсалар газни ноқонуний равишда улаб олганликлари ҳамда тўловни ўз вақтида… эътирозларини инобатга олиб… бундан буён мазкур қонунга зид ҳолатларга узил-кесил барҳам бериш мақсадида… назорат ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш…”.

Дрр-р-р, совқотяпман.

* * *

Ток билан обод уйинг, гар бўлса у вайрона ҳам, гар электр келмаса, вайронадур кошона ҳам! Буни Эркин Воҳидов эмас, уйимда электр узилганда мен ёзганман. Хонадонингизга свет жаноби олийлари атиги 1-2 соатгина меҳмон бўлса, сиз ҳам шоирга айланасиз. Ҳа, оғзингиздан турфа халқ оғзаки ижоди қайнаб чиқа бошлайди!

Аммо бундан наф борми? Наф бўлиши учун электр тармоқлари идорасига хатларни ёмғирдек ёғдирдим. Ниҳоят кеч келган жавобни шам ёруғида ўқиш бахтига мушарраф бўлдим: “…Айрим нопок ва ғаразгўй кимсалар электр тўловини ўз вақтида амалга оширмаганлиги ва ортиқча энергия сарфлаётганлиги сабабли узилишлар рўй бермоқда… ўринли эътирозларини инобатга олиб… бундан буён қонунга зид ҳолатларга чек қўйиш мақсадида… назорат органлари…”

Уйинг пақиллаб портлаб кетсин нопок ва ғаразгўй шахслар! Электрдан портласин!

* * *

От айланиб қозиғини топади. Дунёни ўзгартиргунча ўзингни ўзгартир. Менга Худо инсоф бериб, ибодатга шайландим. Нари туринг, дунёнинг ташвишлари, энди мен масжидга қатнайман. Худога “муаммоим бор” демайман, муаммоларга “Худойим бор”, дейман!

Дилга эзгу мақсадни тугганча қалампир гулли дўппини бостириб, чоллар қатнайдиган маҳалла масжидига йўл олдим. Кирсамки, маҳалланинг старший устаси Нормат пиён тақир-туқурларини ёйганча икки шогирди билан қарши олди. Катта тўнгак-стол устида пиво шишалар дегандай.

– Бу қанақаси, Аллоҳнинг уйида! – ғазабим қайнаб бақирдим.

Нормат пинагини бузмай:

– Сотиб олганман, цех очдим, билганимни қиламан, – деди. – Эй, думбул, мачитинг ишлаб чиқарувчи тадбиркорларга берилганини билмайсанми?

Билмайман, билишни ҳам истамайман! Ўртага икки шогирди тушмаганда Норматни бир ёқли қилиб, узоқ йиллик “санаторий”га кетардим.

Цехга айлантирилган мачитни қайтариш учун узоқ югурдим. Жавоблар бир-бирига ўхшаш бўлди: “… Айрим нопок ва ғаразгўй кимсалар ғўр ёшларни йўлдан оздириб ва муқаддас динимизни обрўсизлантириб турли оқимларга кириб кетаётганликлари туфайли… ўринли эътирозларини инобатга олиб… мазкур қонунга зид ҳолатларга узил-кесил барҳам бериш мақсадида… назорат ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар…”

Ло ҳавла ва ло қуввата илло биллоҳ

* * *

Нопок ва ғаразгўй шахслар бунча кўп бўлмаса…

Уларнинг гавдаси, афт-ангори, ранг-туси, феъл-атвори, ҳиди, вазни борми? Уларни ҳаётдан эмас, фантастик кинодан қидиришимни маслаҳат берарсиз?

Уларни тутишга уриндим, балиқ ва совунни тутолмагандек қўлим сирғалиб кетди.

Алам билан йўлда қайтаётиб бир қизга тегажоғлик қилаётган икки ҳўкиздек бекорчини учратдим. Мана сенга нопок ва ғаразгўй кимсалар!

Иккаласини хумордан чиққунча саваладим. Одам маза қилди, вей!

Сизга ҳам шу маслаҳатни бераман!

Алфраганус

Манба: Sof.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Айрим нопок ва ғаразгўй кимсалар ҳақида кечиккан фельетон