Исроилнинг Ливанга қилган ҳужуми ҳамда “терроризмга қарши кураш” туфайли, Ислом олами Америкадаги ҳар бир оиланинг диққат марказида бўлиб қолди. Мен Ливаннинг бошига тушган вайронгарчилик, қирғинбарот ва ўлимни кўриб турибман. Шу билан биргаликда, яна бошқа бир нарсани – сизни (муслима аёлларни) кўриб турибман. Кўзим тушган аёлларнинг деярли барчасининг атрофида фарзандлари бор ёки улар ўз гўдакларини опичлаб олган. Либослари камтарона бўлса-да, уларнинг гўзалликлари таралаётган нур каби порлаб турибди. Бироқ мен пайқаган гўзаллик фақатгина зоҳирий эмас. Уларга тикилар эканман, ич-ичимни ғалати бир ҳиссиёт чўлғайди: мен қалбимда уларга нисбатан ҳавасни ҳис қиламан. Ливан аҳолиси бошидан кечираётган даҳшатли азоблар ва уларга нисбатан содир этилган жирканч ҳарбий жиноятларни кўриб қаттиқ изтироб чекаман. Лекин, минг афсуслар бўлсинки, бирор бир кўмак беришга ожизман. Шундай бўлса-да, сизнинг иродангиз, гўзаллигингиз, камтарлигингиз ва барчасидан ҳам кўпроқ, сиз эга бўлган бахт мени ўзига маҳлиё этади.
Ҳа, бу ғалати туйилиши мумкин, бироқ доимий портлашлар остида бўлсангиз ҳам, сиз биздан кўра бахтлироқ кўринасиз. Чунки сиз ҳамон ҳақиқий аёллик ҳаётини яшамоқдасиз. Сиз яшаётган ҳаёт тарзи инсон яратилгандан бери аёллар яшаб келган ҳаёт тарзидир. Яна бу шундай ҳаётки, биз Ғарб аёллари ҳам 1960-йилларгача – сиз каби бомбардимон қилингунимизга қадар яшаганмиз. Фақат биз ҳақиқий портловчи бомбалар билан эмас, ахлоқсизлик ва илғаб олиниши ниҳоятда мушкул бўлган ҳийлалар билан бомбардимон қилиндик.
Йўлдан оздириш
Биз америкаликлар реактив самалётлар, Американинг ўзида ишлаб чиқарилган танклар билан эмас, Голливуд орқали бомбардимон қилиндик. Улар мамлакатларингизда инфраструктурани вайрон қилиб бўлгач, сизни ҳам худди бизга қўлланган усул орқали бомбардимон қилмоқчилар. Мен ушбу найранглар сизларнинг ҳам бошингизга тушиши ва ўзига жалб этишини асло истамайман. Агарда бу найрангларга учсангизлар, сиз ҳам биз каби таҳқирланасизлар, камситиласизлар. Бу каби таназзулга юз тутмайлик десангиз, найранглар қурбонига айланган ва улардан қаттиқ азият чеккан кишиларга – бизга қулоқ тутинг. Сизга Голливуд томонидан намойиш қилинаётган жимжимадор саҳналарнинг барчаси ҳақиқатнинг бузиб кўрсатилган шакли, ёлғонлар мажмуидан бошқа нарса эмас. Улар аянчли қурбонликлар келтириб чиқарадиган номаҳрамлар билан бўлган жинсий алоқаларни ҳеч бир зарарсиз одатий кўнгилхушлик, лаззат қилиб тасвирлайдилар. Чунки уларнинг мақсади ўзларининг заҳарли дастурини тарқатиш орқали жамиятлардаги ахлоқ қоидаларини бузиш ҳисобланади. Сиздан ўтиниб сўрайман: уларнинг оғусини зинҳор ича кўрманг. Чунки ундан бир марта татиб кўрган инсон тўла заҳарланади ва бу заҳарланишдан қутқарадиган аксил-восита мавжуд эмас. Узоқ муддат давомида оғу таъсиридан қисман қутулишингиз мумкин, лекин ҳеч қачон олдингидек бўла олмайсиз. Бу иллатнинг олдини олиш унинг натижасида келиб чиққан салбий оқибатларни тузатишдан минг чандон яхшироқ ва енгилроқдир.
Улар ўзларининг жимжимадор фильмлари ва мусиқий видеолари билан биз америкалик аёлларнинг аслини бузиб — фоҳишалар каби кийиниб юришдан ғурурланаётгандек, оиласиз ҳаёт кечиришдан мамнундек ва ҳаётдан бахтлидек қилиб кўрсатадилар ҳамда бу билан сизларни қизиқтириш орқали йўлдан оздиришга ҳаракат қилишади. Аммо, минг афсуслар бўлсинки, бизларнинг кўпчилигимиз асло бахтли эмасмиз, ишонинг. Биз — миллионлаб америкалик аёллар ўз ишимиздан нафратланамиз, аввал севишини айтган, кейинчалик биздан очкўзларча ҳирсларини қондиришда фойдаланиб, охир оқибат ҳеч нарса бўлмагандек ташлаб кетган йигитлар дастидан тунлар ҳунграб йиғлаб чиқамиз ва аламимизни асабларни тинчлантирувчи дорилар орқалигина қисман енгамиз, холос – бизнинг ҳаётимиз мана шу дориларга боғланиб қолган.
Улар оилангизни бузиш ниятидалар ва камроқ фарзанд кўриш яхши эканлигига сизни ишонтиришга уринишади. Буни оилавий ҳаётни қуллик, оналикни лаънатланиш, камтарлик, поклик ва бокираликни қолоқлик сифатида бузиб кўрсатиш орқали амалга оширадилар. Улар сизни ишончдан, эътиқоддан маҳрум бўлишингизни ва ўзингизни арзонлаштиришингизни истайди. Бу худди илон Момо ҳавони олма билан йўлдан оздиришига ўхшайди. Уларнинг олмасини тишламанг!
Ўз қадрини билиш
Сиз кўз олдимда қиймати ўлчанмас дур, соф олтин, Библияда айтилганидек – “Бебаҳо марварид” (Мatthew, 13:45) каби намоён бўласиз. Жамики аёллар ва уларнинг софлиги, бокиралиги бебаҳо марваридлардир, бироқ бизга бокиралигимиз, софлигимиз ва беғуборлигимиз ҳеч қандай қийматга арзимаслиги ҳақида уқтирилади. Афсуски баъзи бирларимиз бундай уйдирмаларни ҳақиқат дея қабул қилиб, бокиралик ва софлик баҳосиз эканлигига шубҳа билан қарай бошлаймиз. Исо шундай деган эди: “Итларга муқаддас бўлган нарсаларни берманг, тўнғизлар олдида марваридларингизни намойиш қилманг — уларни оёқости қилишади, дилингизни oғритиб, кўксингизни парча-парча қилишади (Мatthew, 7:6)”. Бизнинг бокиралик, мусаффолик, беғуборлик каби марваридларимиз баҳосиз, лекин бизга “улар ҳеч қандай қийматга эга эмас” деб тушунтирадилар. Аммо менга ишонинг: кўзгуга тикилиб мусаффо, бегуноҳ ва ўз қадрини биладиган нигоҳнинг ўзингизга қараб турганини кўришдан олийроқ неъмат мавжуд эмас.
Ғарбнинг мода саноати шаҳвоний кўриниш ҳамда шаҳвоний жозибадорликни аёлларнинг энг қимматли сифати эканлигига сизни ишонтириш учун мўлжалланган. Бироқ сизнинг камтарона либосларингиз ва нафис рўмолларингиз Ғарб модасининг ҳар қандай муҳташам либосларидан афзал ва устундир. Чунки аёллик зийнатларингизни кўздан пана қилиб турган бу либосларингиз сизни мафтункор ва сирли хилқатга айлатиради, ўзингизга бўлган ҳурмат, ишонч ва ўз қадрини билиш каби хислатларингизни намоён этади. Аёлнинг зийнатлари ва гўзаллиги уни чин дилдан севган, ҳурмат қилган ва у билан турмуш қуриб, бутун умрини бирга ўтказишга тайёр бўлган муносиб эркак учунгина аталган туҳфадир. Шу сабабли, аёл зийнати ва гўзаллиги нолойиқ кўзлардан беркитилиши, ҳимоя қилиниши лозим. Сизнинг эркакларингиз ҳали ҳам жасоратли экан, ўз ватанларини мардонавор ҳимоя қилаётган экан, демак улар сизнинг садоқатингизга муносибдирлар. Бизнинг эркаклар эса ҳатто бокираликни ҳам хоҳлашмай қўйди. Улар энди бокиралик ва мусаффолик марваридлари қадрини англамай ҳам қўйишган, танловда шунчаки зоҳирий ялтироқ бўлган арзон “тош”ларни афзал кўра бошлаганлар. Уларни ҳам фақат қайтадан улқотириб кетиш учун танлайдилар, холос!
Сизнинг энг қимматбаҳо сифатларингиз ички гўзаллигингиз, беғубор ва бегуноҳ эканингиз ва сизни айнан ҳозирги “сиз” қилиб турган барча амалларингиздир. Бироқ шуни ҳам пайқайманки, баъзи муслима аёллар мавжуд ахлоқ чегараларини четга суриб ташлашга уринадилар, бошига рўмол ўраб юрсалар-да (рўмоли сочларини тўла бекитмаган ҳолда), имкон қадар Ғарб аёлларидек бўлишга, уларга ўхшашга ҳаракат қиладилар. Эй, муслима аёллар, йўқотилган қадри учун аллақачон афсус ва надоматлар қуршовида қолган ёки тез орада пушаёнликка юз тутиши аниқ бўлган аёлларга тақлид қилмоқлик нечун? Бу йўқотиш ўрнини ҳеч қачон ва ҳеч бир амал ёки хислат билан тўлдириб бўлмаслигидан бехабармисиз!? Сиз бенуқсон олмоссиз. Ўзингизни зоҳирий ялтироқлигидан бошқа нарсаси бўлмаган қалбаки тошга айлантириб қўйманг. Мода журналлари ва Ғарб телевидениясида кўрсатилаётган барча саҳналар – ёлғон. Улар Иблис тузоғидан бошқа нарса эмас.
Аёл қалби
Мен, сизда оз бўлса-да қизиқиш бор бўлиши мумкинлигини ҳисобга олиб, кичик бир сирни сизга ошкор қиламан: турмушга чиқишдан олдинги жинсий алоқа улар тасвирлаганидек яхши эмас. Биз Ғарб фильмларини томоша қилиб улғайдик ва улардаги воқеаларни ҳақиқат деб қабул қилдик. Шу сабабли, танимиз ва бутун борлиғимизни севган йигитларимизга бахшида қилдик. Ўйладикки, бизнинг бу ҳаракатларимиз туфайли, худди фильмлардагидек, кўнгил қўйган кишимиз бизни кўпроқ севади ва келажакда биз билан турмуш қуради. Аммо бу келажакдаги турмушнинг кафолати эмас эди ва ўзимизни тўлиқ топширган эркаклар биз билан умрбод қолиш ёки қолмаслиги бутунлай номаълум эди. Бунинг устига, қилмишларимиз фильмлардагидек ёқимли ҳам эмасди. Бу – аянчли хато! Бу билан фақат ёшлигимиз, қадримиз ва бокиралигимизни қурбон қилдик, холос. Охир оқибат эса, аччиқ кўз ёшлар билан қолавердик.
Бир аёлнинг иккинчи аёлга ҳасратини айтаётганини ҳисобга оладиган бўлсак, ишонаманки, сиз бизнинг аҳволимизни жуда яхши тушуниб турибсиз. Чунки фақат аёлгина бошқа бир аёлнинг қалбини, алам ва дардини тўла англий олиши мумкин. Биз барчамиз деярли бир хилмиз. Ирқимиз, динимиз ва миллатимиз аҳамиятга эга эмас. Аёл қалби ҳамма ерда бир хилдир. Биз севамиз ва бу — бизнинг бошқа барча нарсалардан мукаммалроқ даражада қила оладиган ҳамда энг олий амалимиздир. Биз фарзандларимиз ва оилаларимизни тарбиялаш, севиш орқали умр йўлдошимизга куч, илҳом ва шижоат инъом эта оламиз. Бироқ, афсуски, биз – америкалик аёлларни “карьера қилаётган, ўзининг шахсий уйига эга, оиласиз ёлғиз яшайдиган ҳамда муҳаббати ва танини истаган эркакка бериш эркинлигига эга бўлган аёл энг бахтли аёлдир” деб ишонтиришга муваффақ бўлишди. Ишонинг – бу эркинлик эмас. Ва бу муҳаббат ҳам эмас. Фақат никоҳ аталмиш бошпанадагина аёлнинг вужуди ва қалби ҳақиқий, хотиржам ва хавфсиз муҳаббатга эриша олади. Никоҳдан бошқа ҳеч нарса эвазига муҳаббатингиз ва вужудингизни инъом этманг — оила қуришдан бошқа ҳеч нарса бунга муносиб эмас. Бундай қилмас экансиз, кейинчалик амалларингиз ўзингизга жирканч кўрина бошлайди, ҳатто ўзингиздан нафрата бошлайсиз. Муҳаббат ва вужудингизни бахшида қилган эркак эса сизни шунчаки ташлаб кетади.
Ўзликка раддия
Гуноҳ ҳеч қачон манфаат ёки яхшилик олиб келмайди. Аксинча, у доим ортимиздан таъқиб қилади. Агар менинг ор-номусим ва ғуруримни қайтариш имкони бўлганда ва мен уни қайтарганимда ҳам, энди у дастлабки соф, мусаффо ҳолати билан тенглаша олмайди. Биз – Ғарб аёллар онггига муслима аёлларнинг ҳуқуқлари доим поймол қилинади, улар жабр ва зулм остида деган тушунча сингдирилган. Аслида эса, жабр ва зулм остидагилар бизмиз; бизни камситувчи ва ўзимиздан қониқмаслик ҳиссини уйғотувчи модага қулмиз; вазнимиз бутун ўйимиз ва хаёлимизни эгаллаб олган; улғайишни истамайдиган, масъулиятни ҳис қилмайдиган, гўдаклардек инжиқ эркаклардан меҳр ва муҳаббат тилаб илтижолар қилиб юрибмиз. Ич-ичимиздан англаймиз: биз найрангларга алданганмиз.
Биз – Ғарб аёллари, кўпчилигимиз очиқ тан олмасакда, сизга ғойибона ҳавас қиламиз. Аммо, бизга худди буюмлар каби назар ташламаслигингизни илтимос қиламан. Бу бизнинг хатойимиз эмас. Ёшлигимизда кўпчилигимизнинг ҳимоя қилувчи оталаримиз бўлмаган, чунки оилаларимиз аллақачон барбод қилинганди. Бундай аянчли саҳна ортида ким турганини жуда яхши биласиз. Муслима сингилларим, найрангларга учманг. Уларга сизни ҳам ишғол қилишлари учун имкон берманг. Бокира, покиза, бегуноҳ ва софлигингизча қолинг. Биз — насроний аёллар ҳақиқий аёллик ҳаёти қандай бўлиши кераклигини кўришга муҳтожмиз. Бизни сиздан ўрнак олишга, сизни наъмуна қилиб ўзимизга кўрсатишга муҳтожмиз. Чунки биз аллақачон йўлдан адашиб бўлганмиз. Покизалик ва софлигингизни сақланг.
Унутманг: идишидан чиқарилган тиш пастасини қайтиб идишга сололмайсиз. Шундай эка, “тиш пастангиз”ни эҳтиётлик қилинг! Ушбу мактубни ва маслаҳатларни сизга бўлган ҳурмат, маҳлиёлик ҳамда дўстлик руҳиятида ёздим. Ва умид қиламанки, ёзганларимни ўз руҳиятида, ўз маъносида қабул қиласиз.
Сизни севиб қолувчи насроний опангиз,
Жоанна Франcис.
Ёзувчи, журналист – АҚШ.
Мақсуд Саломов таржимаси.
Манба: Diydoraziz.uz “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Ҳусийлар Исроил авиабазасига гипертовушли ракета билан зарба берди
БААда исроиллик раввин ўлдириб кетилди
Медведев: Махсус ҳарбий операция учун қуролларнинг аксарияти Россияда ишлаб чиқарилади
Украина Курск областида эгаллаб олган ҳудудларининг 40 фоиздан ортиғини йўқотди
Италиянинг Сардиния оролида уйлар 1 евродан сотилмоқда, лекин...
Украина аскари машғулотлардан бир ҳафта ўтиб қандай қилиб асирга тушганини айтиб берди
Шавкат Мирзиёев «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасининг янги боғида кўчат экди (фото)
Галактикалар тўқнашувидан ҳосил бўлган зарба тўлқинлари Ерда ҳам сезилди