Ҳиндистонда кексаларга пул эвазига суҳбатдош ва ҳамроҳ топиб берувчи хизматлар пайдо бўлмоқда

Ҳиндистонда кексаларга пул эвазига суҳбатдош ва ҳамроҳ топиб берувчи хизматлар пайдо бўлмоқда
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Ҳиндистонда оилаларнинг кичрайиши ва ёшларнинг узоқлашиши оқибатида ёлғиз қолаётган кексалар учун пулли ҳамроҳлик хизматлари ривожланмоқда.
  • Мумбай шаҳрида бир соатлик ҳамроҳлик хизмати учун 2 500–4 000 рупий тўланади ва бу жараёнда ЭлдерАид Веллнесс компаниясининг Каре Friend каби лойиҳалари суҳбатлашиш, сайр қилиш ёки кинога бориш каби хизматларни таклиф этади.

Ҳиндистонда ёлғиз яшаётган кексалар учун пулли ҳамроҳлик хизматлари ривожлана бошлади. Энди ёши катта инсонлар суҳбатлашиш, бирга чой ичиш, сайр қилиш ёки кинога бориш учун махсус ҳамроҳ ёллаши мумкин.

The Economic Times нашрининг ёзишича, мамлакатда оилаларнинг кичрайиши ва ёшларнинг ота-оналаридан узоқда яшаши оқибатида ёлғиз қолаётган кексалар сони ортмоқда. Шу билан бирга, уларни қўллаб-қувватлашга мўлжалланган ижтимоий хизматлар ҳали етарли даражада ривожланмаган.

Масалан, Мумбай шаҳрида ёлғиз яшовчи кекса инсон бир соатлик ҳамроҳлик хизмати учун 2 500–4 000 рупий (тахминан 26–42 доллар) тўлаши мумкин. Бунинг эвазига ҳамроҳ у билан суҳбатлашади, ҳикояларини тинглайди, бирга чой ичади ёки сайр ва кинога боради.

Мамлакатда бундай хизматларни таклиф қилувчи турли лойиҳалар ҳам пайдо бўлмоқда. Жумладан, ElderAid Wellness компаниясининг Care Friend хизмати кексаларга суҳбат, сайр, кино ва севимли машғулотларида ҳамроҳлик қилади. Бошқа лойиҳалар эса катта ёшдагилар учун учрашувлар, машғулотлар ва жамоавий тадбирлар ташкил этмоқда.

Шунга қарамай, экспертлар бу йўналишни барқарор бизнесга айлантириш осон эмаслигини таъкидламоқда. Сабаби, кўплаб кексалар ёлғизликдан халос бўлиш учун бегона инсонга пул тўлашга иккиланади. Айрим оилалар эса ҳиссий қўллаб-қувватлашдан кўра тиббий хизматларга кўпроқ маблағ ажратишни маъқул кўради.

БМТ прогнозларига кўра, 2050 йилга бориб дунёда 60 ёш ва ундан катта инсонлар сони икки баробар кўпайиб, 2,1 миллиард нафарга етади. UNFPA прогнозига кўра, шу даврда Ҳиндистондаги кексалар сони ҳам 347 миллион нафарга етиши мумкин.

Бу эса келажакда ёши катта инсонларнинг нафақат тиббий, балки ижтимоий ва руҳий қўллаб-қувватлашга бўлган эҳтиёжи ҳам ортиб боришини кўрсатади.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар