date

Тозаланмаган зайтун мойи мияни қўллаб-қувватлаши мумкинлиги аниқланди

Тозаланмаган зайтун мойи мияни қўллаб-қувватлаши мумкинлиги аниқланди

Испаниянинг Ровира-и-Виргили университети олимлари ўтказган янги тадқиқот зайтун мойининг сифати инсон саломатлигида, айниқса мия фаолиятини асрашда кутилганидан ҳам муҳимроқ ўрин тутиши мумкинлигини кўрсатди. Мутахассислар хулосасига кўра, айнан тозаланмаган, яъни рафинация қилинмаган зайтун мойи ичак микробиотасига ижобий таъсир кўрсатиб, когнитив саломатликни қўллаб-қувватлашга ёрдам бериши мумкин. Олимлар бу ерда гап оддий зайтун мойи ҳақида эмас, балки биофаол моддалари сақланиб қолган биринчи тозалов маҳсулоти ҳақида кетаётганини алоҳида таъкидламоқда.

Тадқиқот доирасида ортиқча вазн ёки семириш муаммосига эга, шунингдек метаболик синдром кузатилган 55–75 ёш оралиғидаги 656 нафар иштирокчи ўрганилди. Олимлар икки йил мобайнида уларнинг кундалик овқатланиш тартибини, жумладан қайси турдаги зайтун мойини истеъмол қилаётганини, ичак микробиотаси таркибини ва фикрлаш ҳамда хотира билан боғлиқ когнитив кўрсаткичлардаги ўзгаришларни кузатиб борди. Натижада тозаланмаган зайтун мойини мунтазам қабул қилган иштирокчиларда когнитив функциялар яхшироқ сақлангани аниқланди.

Энг қизиқ жиҳат шундаки, бундай иштирокчиларда ичак бактериялари хилма-хиллиги ҳам юқорироқ бўлган. Бу эса нафақат ичак, балки умумий метаболик саломатлик учун ҳам муҳим белгилардан бири ҳисобланади. Тадқиқот муаллифлари айнан ичак микробиотаси мия фаолиятига таъсир қилувчи асосий “кўприк”лардан бири бўлиши мумкинлигини қайд этмоқда. Хусусан, айрим фойдали бактериялар тозаланмаган зайтун мойи истеъмоли билан боғлиқ ҳолда когнитив кўрсаткичларни сақлашда воситачи рол ўйнаши мумкинлиги ҳам илгари сурилган.

Мутахассислар мой турлари ўртасидаги асосий фарқни унинг ишлаб чиқариш усули билан изоҳлайди. Тозаланмаган зайтун мойи механик усулда, қаттиқ кимёвий ёки саноат қайта ишловисиз олинади. Шу боис унда полифеноллар, антиоксидантлар ва бошқа қимматли биофаол бирикмалар сақланиб қолади. Рафинация жараёнида эса айнан шу моддаларнинг катта қисми йўқолади ёки анча камаяди. Натижада ташқи кўриниши ёки таъми енгилроқ бўлган тозаланган мой саломатлик нуқтаи назаридан бир хил даражада фойдали бўлмаслиги мумкин.

Олимлар айтаётган энг муҳим хулоса шундай: рациондаги ёғ миқдорининг ўзи эмас, унинг сифати ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Айниқса, ёш ўтган сари мия қариши жараёни тезлашиши мумкин бўлган бир паллада, қандай ёғни танлаш масаласи янада долзарб тус олади. Албатта, бу тадқиқот зайтун мойини “сеҳрли восита” деб кўрсатмайди. Бироқ у тўғри овқатланишда майда туюлган танловлар ҳам узоқ муддатли саломатликка жиддий таъсир қилиши мумкинлигини яна бир бор эслатиб турибди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Фойдали » Тозаланмаган зайтун мойи мияни қўллаб-қувватлаши мумкинлиги аниқланди