20:53 / 15.05.2017
8 045

2017 йил 16 май куни юлдузлар сизга нималарни ваъда қилмоқда?...

2017 йил 16 май куни юлдузлар сизга нималарни ваъда қилмоқда?...
ҚЎЙ (21. 03 — 20. 04)
Бугун шахсий ҳаётда сизни омад кутиб турибди. Бундан ташқари, молиявий жиҳатдан ҳам омадингиз келиши кутилмоқда. Бир кунда шунча муваффақиятга эришиш албатта сизга ёқиб тушиши тайин. Фақат бундан ғурурланиб кетманг, акс ҳолда кўз тегиши ҳеч гап эмас. Эҳтиросларни жиловлашингиз бугуннинг бош талаби эканини унутманг. Чунки баъзида эҳтирослар ҳам инсонни кўнгилсизликларга дучор этиши мумкин.

БУЗОҚ (21. 04 — 21. 05)
16 май куни нотаниш одамлар билан мулоқот қилманг, бу сизга ортиқча муаммолар туғдириши мумкин. Аниқроғи, ким биландир жанжаллашиб қолишингиз эҳтимоли бор. Шу билан бирга ҳамкасбларга нисбатан ҳам эҳтиёткорликни қўлдан берманг. Яқинларингиз билан муносабатларда дипломатликка аҳамият қаратинг. Кечқурунга яқин қўққисдан хизмат сафарига жўнашингиз кутилади. Шу сафар баҳонасида моддий аҳволингизни яхшилаб оласиз.

ЭГИЗАКЛАР (22. 05 — 21. 06)
Юлдузлар бугун кунингиз тинч ўтишини башорат қилишган. Аммо баъзи бир тўсиқлар ҳам кун давомида йўлингизга кўндаланг бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Агар иш жойингизда астойдил тиришсангиз, моддий аҳволни ҳам тез фурсатда яхшилаб оласиз. Кечқурун сиздан қарз олганлар қарзини қайтариши мумкин. Кечқурунги вақтингизни фақат оила даврасида кечиришингиз тавсия этилади.

ҚИСҚИЧБАҚА (22. 06 — 23. 07)
16 май куни янги ишларга сира қўрқмасдан қўл ураверсангиз бўлади. Уларни жуда тез уддалайсиз. Эркакларга юлдузлар бугун бегона аёллар билан яқин муносабатга киришмасликни маслаҳат беришмоқда. Бу шармандалик ва фожиа билан якун топиши мумкин экан. Бугун зарарли одатлардан воз кечиб, маънавиятдан янги дарслар олиш муваффақиятли кечади. Саломатликни эҳтиёт қилиш ҳам ёдингиздан кўтарилмасин.

АРСЛОН (24. 07 — 23. 08)
Юлдузлар бугун омадга эришиш учун қалб ва ақл ёрдамига таянишни маслаҳат беришади. Молиявий муаммоларни ҳал этишда эса ўнқир-чўнқир йўлларни олдиндан режалаштирилган усуллардан унумли фойдаланган ҳолда босиб ўтишингизга тўғри келади. Ҳаёт қонунлари, қоидаларига бугун асло қарши борманг, тақдир ғазаби кучли бўлади. Бу, айниқса, муҳаббат ва оилавий муносабатларда аксини топиши мумкин. Кечки пайт саломатлигингиз панд бера бошлаши мумкин. Бунга ҳаддан зиёд иссиқ ҳаво ҳам сабабчи бўлиши ҳеч гап эмас.

ПАРИЗОД (24. 08 — 23. 09)

16 май куни билим олиш ва интернет орқали дунёдан бохабар бўлиш биринчи ишингизга айланса, фойдадан холи бўлмасди. Атрофдагилар, яқинларингиз билан мулоқотда ҳар бир сўзни ўйлаб гапиринг, акс ҳолда ким биландир жанжаллашиб қолишингиз мумкин. Бугун сафарлар ва йиғинлар сиз учун муваффақиятли кечади. Шахсий ҳаётингиз осмонида булутлар пайдо бўлса, уларни ҳайдашда қондошларингизнинг ўзлари ёрдам беришади. Сурункали хасталик билан оғриганлар иссиқ ҳавода кўп юрмасликлари тавсия этилади.

ТАРОЗИ (24. 09 — 23. 10)
Бугун юлдузлар сизга атрофдагиларга, ҳатто сизни кўролмайдиган, ҳасад қиладиганларга ҳам адолатли муносабатда бўлишни маслаҳат беришади. Куннинг иккинчи ярмида негадир башоратчилик қобилияти озми-кўпми, қалбингизда жўш ура бошлаши мумкин. Бу ҳам кўпгина муаммоларни осон ҳал этишда ёрдам беради. Иш жойингизда ўтмиш хатоларни, хафагарчиликларни эсламасликка ҳаракат қилинг. Ўзингизни эҳтиёт қилинг.

ЧАЁН (24. 10 — 22. 11)
16 майни яқин кишингизга ўзингиз ҳар жабҳада ҳақлигингизни исботлаш билан бошлашингиз кутилади. Фақат бу жараёнда жанжал чиқмаслигига алоҳида эътибор билан ёндашинг. Ҳамма нарсанинг меъёри бўлгани яхши. Асосийси, кун давомида асабларни асранг. Ҳали улар сизга кўп керак бўлади. Кечки пайт уйингизга кутилмаган меҳмон ташриф буюриши мумкин. Бу кайфиятингизни кўтаради.

ЎҚОТАР (23. 11 — 21. 12)
Бугун яқин қариндошлар, дўстлар, қўшнилар бўладими, нима ёрдам сўрашса, рад этмаслигингиз шарт. Бу сизга иншооллоҳ бир олам савобни ҳадя этади. Чунки бу дунёни қайтар дунё деб беҳуда айтишмайди. Сиз ҳам қачонлардир кимлардандир ёрдам кутган бўлишингиз мумкин. Ота-она, фарзандлар ва дўстлар билан мулоқот қилиш учун 16 май жуда хайрли кечади. Куннинг иккинчи ярмида табиат қўйнида дам олиб қайтсангиз ҳам ортиқчалик қилмайди.

ТОҒ ЭЧКИСИ (22. 12 — 20. 01)
16 май куни оилавий ришталарни янада мустаҳкамлаш ҳамда эски урф-одатларни бир эслаб қўйиш учун қулай фурсат туғилади. Ишларни тушга қадар тўлиқ тамомлашга уринманг, жисмоний зўриқишга учрашингиз эҳтимоли бор. Тез-тез сиз билан жанжаллашиб турадиган одам бугун ҳам асабингизга тегиши мумкин. Бугун оммавий тадбирларда умуман иштирок этманг. Асабларни асранг.

ҚОВҒА (21. 01 — 19. 02)
Бугун ҳаётингизда содир бўладиган ҳар бир воқеа-ҳодисани чуқур таҳлил қилиб ўтиришингиз шарт эмас. Оила қурмаганлар кимнидир ёқтирса-ю, бу ҳақда ўзига айта олмаган бўлса, шу манзара бугун намоён бўлиши кутилади. Ҳар бир ишни амалга оширишда фақат қалб садосига қулоқ тутинг. 16 май куни ўзгалар маслаҳати сизга наф бермайди. Кечқурун ёлғиз қолинг ва яхшилаб дам олинг. Шунда эртанги кун учун етарлича куч йиғиб оласиз.

БАЛИҚ (20. 02 — 20. 03)
16 май куни молиявий муаммоларни муваффақиятли тарзда ҳал этиш ва муҳим ҳужжатларга имзо қўйишингиз учун қулай баҳона ва сабаблар пайдо бўлади. Бугун барча сиздаги ирода кучи ва тенгсиз истеъдодга ҳавас билан қарайди. Ишдаги сифатни ва ижодий ёндашувларни эса раҳбарият мақтайди, мукофотини ҳам олиб қолсангиз ажабмас. Кун давомида ўзингизни эҳтиёт қилинг.

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » 2017 йил 16 май куни юлдузлар сизга нималарни ваъда қилмоқда?...