08:31 / 27.06.2017
34 202

10 та эр кўрган аёлнинг қизларга маслаҳати...

10 та эр кўрган аёлнинг қизларга маслаҳати...
Қизларжон, маслаҳатимга яхшилаб қулоқ солинг! Ҳар бир гапимни диққат билан тингласангиз, албатта эрсиз қолмайсиз, менга ишонаверинг!

Эр танлашда аёл овчидек ўткир кўзли, ҳушёр бўлмоғи зарур. Шундай экан, эрни қармоққа илинтиргандан сўнг иссиғида уни ўзингизники қилишга урининг! Майли, у балки сизни кўрмагандир. Аммо сиз ҳушёрликни қўлдан бой бермасангиз бас.
Жуда бўлмаса, ёлғондакам кўз сузиб кўринг. Бу танишишнинг, қўлга олишнинг ажойиб усули. Биринчи бор илғамаслиги мумкин, аммо иккинчи марта албатта эътибор беради.

Хуллас, илинтирдик ҳам дейлик. Лекин бу сизга ҳозироқ уйланади дегани эмас. Шундай экан, мабодо ресторанга таклиф қилса, кийишга ҳеч вақом йўқ деб туриб олинг. Уйланмасдан туриб эркакларнинг қалби муҳаббатдан ёниб туради. Айтганингизни хасислик қилмасдан олиб бераверади. Агар шу пайтда олдириб қолмасангиз, уйлангандан кейин ҳеч қачон олдиролмайсиз. Хуллас, шундай пўстагини қоқингки, армонингиз қолмасин! Бу масалада шартакироқ, бети қаттиқроқ бўлаверинг! Ана, нечта аёлни кўрганмиз. Нимаймиш, виждони йўл қўймасмиш эркакни харажатга туширишга. Шу сабаблиям ҳали ҳануз эрга тега олишмайди ёки теккан тақдирдаям битта кўйлакни қишин-ёзин ечишмайди. Шундай экан, ёшликда эркакнинг бўйнига миниб олаверинг. Қариганингизда ҳеч қачон мина олмайсиз.

Агар уйланишга сира кўндира олмасангиз, қўрқитинг! Ҳомиладорман сендан деб очиқ айтаверинг! Ҳа-а, улар бу хабардан жуда-а қўрқишади. Аслида сизмас, гўё ўзи ҳомиладордек типирчилаб қолишади. Қўрқита олдингизми, дарҳол ҳужумга ўтинг! Майли, кейинчалик ҳомиладор эмаслигингизни билсин. Барибир кеч бўлади. Чунки уйланган, ола хуржун бўйнига илинган. Қочиб қаерга борарди?..
Айтганча, тез-тез жанжал кўтариб туринг! Шунда семириб кетмайди, ҳадеганда сизга бақиравермайди. Жанжалга эса ҳар доим ҳам баҳона топиш мумкин. Қолаверса, жанжалкашроқ хотин ҳар қандай эркакка ёқади. Сабаби, ювош хотин билан яшаган эр ўзини худди филармонияга кириб қолгандек ҳис этади, зерикади, дунё кўзларига жуда тор кўринади.

Эрни ўзингизга қаттиқроқ боғлаб олиш, қалбидаги муҳаббат алангасини кучайтириш йўлида рашкини қўзғатиш усулидан фойдаланинг. Ёлғондан бўлсаям, ўнта эркак ортингиздан чопишига шаъма қилинг. Атайин ўз қўлингиз билан бегона эркак номидан хушомадларга тўла мактуб ёзинг-да, столи устига қўйинг. Ана шунда эрингиз ҳушёр тортади. Сизнинг бу қадар жозибали, кўзга яқинлигингизга қойил қолиб, кўзлари мошдек очилади. Сизни қаттиқроқ қизғона бошлайди, хушомад қилишга тушади.

Ундан кейин тез-тез бўлар-бўлмасга йиғлашни канда қилманг. Баъзида яқин қўшними, дугонангизникигами беркиниб уни излашга мажбур этинг. Ишонинг, сизнинг уйда йўқлигингизни кўргач, эрингизнинг пайтавасига қурт тушади. Итдай чопиб сизни қидиради. Кўрибсизки, қадрингиз ошади.

Э, бир нарсани айтишни унутибман-ку! Учрашиб юрган қизларимизга маслаҳатим шуки, ҳали Загсдан ўтмай туриб айтганингизни қилдиришга урининг. Керак бўлса, нозланинг, кўнглига ёқадиган муқомлар қилинг. Паспортига муҳр тушсин, кейин билганингизни қилаверасиз. Нега деганда, муҳрдан сўнг у ҳеч қаерга қочиб кетолмайди.
Ҳа-а, қизларжон, илгари бошқача эди. Эркакни янги туфли кийиб ҳам осонгина қўлга киритиш мумкин эди. Ҳозирги эркакларга бу ҳунарингиз ўтмайди…

Қисқа қилиб такрор айтадиган бўлсам, ҳозирги аёл мисоли овчи қиёфасига кириши лозим. Қармоқ ташлаб, ёш, қалби қайноқ эркакни илинтира олсангиз, марра сизники. Фақат овга баҳор ва ёз ойларида чиққанингиз маъқул. Бу мавсумда эркакларнинг қалби ёнади, вужуди жунбушга келади. Қармоқни кўрди дегунча ўзи чопиб келиб илинади.

Буни мен-ўн марта эрга тегиб чиққан аёл гапиряпман! Тажрибамга ишонинг, қизларжон!


Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » 10 та эр кўрган аёлнинг қизларга маслаҳати...