— Мен ушбу мактубни нимадан бошлашни билолмай қийналдим. Аввалига ёзсамми-ёзмасамми, деб ўйладим. Сўнгра бошимдан ўтганларни ёзсам, енгил тортарман, дедиму, қўлимга қалам олдим. Ҳозир қирқ етти ёшдаман. Тўрт нафар фарзанднинг онасиман. Икки ўғлим оддий ишчи. Топгани рўзғоридан ортмайди. Хўжайиним эса: «Бўлди, мен ишламайман. Шунча йил меҳнат қилиб толиқдим», деб уйда ўтирибди. Ўзим ҳам ҳозирча ишсизман, аммо доим меҳнат қилиб келганман. Жуда сиқилиб кетдим. Шу чоққача ишлаган одамнинг уйда ўтириб қолиши унга ёмон таъсир қилар экан.
Негадир икки йилдан буён ҳеч ишларимиз юришмайди. Қайси ишнинг бошини тутмай, чаппасига кетади. Савдо соҳасига кўп йиллар ишлаганим учун тағин шу соҳанинг этагидан тутмоқчи бўлдим, бироқ мақсадларимни амалга оширгани керагича пул тополмадим. Банкдан кредит олай десам, гаровга қўйишга арзийдиган бирор нарсам ҳам йўқ. Одамлар: «Гаровга қўйишга нарсангиз бўлмаса, пул ололмайсиз», дейишди. Бошим қотди. Аслида, бундай қарзга ботиб қолишимизга сабаб, фалокат босиб, набирамнинг куйиб қолгани эди. Уни даволатиш учун анча-мунча маблағ кетди.
Мен фоизга қарз олдим ва шу пул анчагина бўлиб қолди. Ҳар ой охирлаганда безиллаб «Қарзни қандай қайтарар эканман?!» дея ўйлайман. Бўйнимизда шунча қарз борлигини билиб ҳам, уйдагиларим пинагини бузмайди. Нима қилсам ҳаётимиз ўзгаради? Сиздан илтимос, маслаҳатингизга муҳтожман.
Г. Сурхондарё вилояти
Иқбол АДИЛОВА, руҳшунос:
— Ўзингизни ўққа-чўққа урганингиз билан ҳеч нарса ўзгариб қолмайди. Фақат соғлиғингизнинг ёмонлашгани қолади. Бу вазиятда яқинларингиз билан бир ёқадан бош чиқариб, мазкур ҳолатдан чиқиш йўлини биргаликда излашингиз керак. Мусибат ҳамма оиланинг бошида бор. Шундай қийин кунларда фақат бир-бирини тушуниш ва биргаликда ҳаракат қилиш зарур. Умр йўлдошингиз ҳам чарчаганини рўкач қилаётгани бу унинг руҳияти тушкунликка тушиб қолганидан дарак. Эрингизда ҳаётга қизиқиш уйғотишга ҳаракат қилинг. Ҳамма оғирликни ўз елкангизга олишга уринаётганингиз фарзандларингизни ҳам боқибеғамга айлантиради. Улар сизга кўмакчи бўлишга уриниш ўрнига масъулиятдан қочишга уринадилар. Кейин одамларнинг гапига ишонавермасдан аввал банкка мурожаат қилинг. Ҳозирда сиз каби инсонлар учун имкониятлар кўп.
Сизда тадбиркорлик қилиш учун ғоя бўлса, бизнес режани қоидасига мувофиқ тайёрлаш учун туманингиздаги тадбиркорлик уюшмасига мурожаат қилинг.Кейин оила аъзоларингизга вазиятни тушунтиришга ҳаракат қилинг. Фарзандларингиз уларсиз ҳеч нарса қилолмаслигингизни англаб етиши керак. Одатда, биз яқинларимизни аяб бутун оғирликни елкамизга оламиз ва охир-оқибат ўзимизни ўсал қилиб қўямиз. Касал одамнинг эса ҳеч кимга кераги йўқ. Шундай экан, ақл билан иш тутинг.
Ташқарига чиқмай туриб, ташқаридаги эшиклар биз учун ёпиқ деб ўйламанг. Фарзандларингизга ҳам худди шундай гапни уқтиринг. Чунки улар биз кўрган ва ўзимизча баҳолаётган вазиятни бошқача кўриши, уларнинг нигоҳи биз илғамаган жиҳатларни илғаши мумкин. Бир бадавлат ота ўғлини «Камбағал кишиларнинг борлигини кўриб, ибратлансин», деган ўйда мамлакатнинг чекка қишлоқлари бўйлаб саёҳатга олиб чиқди. Улар ўта қашшоқ бир оиланинг даласида кечани ўтказишди.
Сафардан қайтишлари асносида ота ўғлидан сўради:
— Саёҳат қандай бўлди?
— Ажойиб!
— Кўрдингми, қандай қашшоқ одамлар бор-а?! — сўради ота.
— Ҳа…
— Хўш, бу сафардан нималарни ўргандинг?
— Кўрдимки, бизнинг атиги битта итимиз бор экан, уларда эса тўртта! Биздаги боғнинг ўртасида биттагина бассейн бор, уларда эса адоғи йўқ булоқ! Биз боғимизга чироқлар қўйдирганмиз, уларда бу вазифани миллионлаб юлдузлар бажаради. Бизнинг ҳовлига туташган пешайвонимиз бор, уларда эса бутун бошли уфқ. Бизда яшаш учун бир парчагина ер бор, уларда эса биз ҳис қила олмайдиган даражада кенг далалар. Бизга хизмат қилишади, улар ўзгаларга хизмат кўрсатишади. Биз егуликларни сотиб оламиз, улар эса ўзлари етиштиришади. Биз бор-будимизни асраш учун деворлар қурганмиз, уларнинг ўзларини ҳимоялайдиган дўстлари бор экан…
Бу сўзларни эшитган ота жимиб қолди. Шунда ўғил яна қўшиб қўйди: «Отажон, қанчалик қашшоқлигимизни кўрсатганингиз учун сизга ташаккур».
Кўрдингизми, ота нима мақсадда боласини кўчага олиб чиққанди, лекин бола нимани англади? Отанинг мақсади ва боланинг нигоҳи орасида нақадар катта фарқ бор? Серташвиш кунларда «Сен нимани тушунардинг?» деб болаларимизнинг кўксидан итаришимиз тўғри эмас. Учишни ўрганган фарзандларимизни қанот остига олиб ўтиравермасдан баландроқ парвоз қилишни ўргатиш керак. Шундагина оиладаги ҳаёт ўзгаради. Бир-бирини тушуниш, қўллаб-қувватлаш кучаяди. Улар ота-онасининг қўлига қараб қолмасдан қадрлашни ўрганади.
Шаҳноза РАҲМОНОВА
Манба: Hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди