Бердимурод яна бир-икки илиқ гап айтиб, Дониёрнинг кўнглини кўтарган бўлди-да, аёлнинг ёнига бориб, у билан яхшироқ танишиб олди. Ҳатто: “Уйингга бирон марта ҳам чақирмадинг, оиланг, ойинг Салимахон билан таништирмадинг”, деб бемордан ўпка-гина ҳам қилди. Сўнг бозорлигини қолдириб, азбаройи Салимахон сабаб, ўзи йўлакка чиқди. Чиқаётиб:
— Нариги каскадёрниям кўриб қўяйлик, кейин, мабодо кетмоқчи бўлсангиз, ўзим обориб қўяман, — деди аёлга сирли жилмайиб.
Шифтга термилиб хаёл оғушида ётган Бобур эшикнинг ғийқиллаб очилганига эътибор қилмади. Бердимурод тутқичдан ушлаб, унга бироз термилиб турди. “Дониёрнинг ўрнига сен ўлиб кетсанг яхшироқ бўларди… Нега хўжайинга керак бўлиб қолдинг, ҳайронман”, хаёлидан ўтди унинг. Кейин йўталиб қўйди. Бобур бўйнини буриб қаради. Бироқ у Дониёрдек тиржаймади, “Келдингми, хумпар?” дегандек бошини қимирлатиб қўйди.
— Ошна, нима ётиш бу? — деди Бердимурод сохта кулимсираб. — Тоғни толқон қиладиган йигит бурга тепганига ҳам кўрпа-ёстиқ қилиб ётаркан-да.
— Шундай бўп қолди, ока.
— Ничево, эркак кишининг бошида бўп туради. Хафа бўлма… Яхши бўп қолдингми, ўзи?
— Чидаса бўлади.
— Олдинроқ кемоқчийдим, хўжайин командировкага жўнатиб қолди. Шунинг учун хафа бўлмайсан, ука, озроқ кечикдим… Ўзи нима бўлди? — деди Бердимурод ўзини гўлликка солиб.
— Авария-да, — гапни қисқа қилди Бобур.
Шу билан гап узилиб қолди. Бердимурод ғалати аҳволга тушди. Илгари Бобурни бир-икки марта сўкканди, назар-писанд қилмай, қора ишларни ҳам унинг елкасига юклаб юбораверарди. Энди унинг олдида тили айланмай турибди. Бироз шу алпозда турганидан кейин ўзининг каловланаётганидан жаҳли чиқиб кетди: “Қаердаги мишиқининг олдида бошимни эгиб тураманми?..”
— Ошна, ўтиб кетаётиб бир кўриб қўяй дегандим. Шундоқ келавердим, бунисидан хафа бўлмайсан. Бўпти, мен борай, сенлар бу ерга келиб, ҳамма иш ўзимга қолди.
У эшикдан чиқаётганида, Бобур ортидан кўзларида ғазаб билан қараб қолди. Бердимуроднинг мияси эса бошқа ўй — Бобурни тезроқ “тинчитиш” хаёли билан банд эди.
* * *
Бобур онасининг ўлганини орадан бир ҳафта ўтиб эшитди: бош врач Миркомил билан бирга кириб айтишди. Ўрнидан туриб ўтиришга энди қурби етиб қолган йигит мук тушганича тошдек қотди, кўзларига тўлган ёш ёноқларидан жилдираб оқиб тушди.
— Биродар, — унинг елкасига қўлини қўйди Миркомил, — пешонага ёзилгани шу экан, начора. Бардам бўл.
Бобур ўзини илкис орқага ташлади, юмшоқ пар ёстиққа тушган боши енгилгина силтанди.
Хонага оғир жимлик чўкди. Кўзидан ёши унсиз оқаётган Бобурга дўхтир тасалли беришга ожиз эди. Орадан бироз вақт ўтиб, бош врач уни, бош томонидан эгилиб, юпатган бўлди:
— Кўп қайғураверма, ука, эртами-кеч ҳаммамиз ҳам бу дунёдан ўтамиз, ҳеч кимни боғлаб қўйгани йўқ.
— Ойим ҳали яшаши керак эди-ку. Нега энди, бирданига?.. Адамни топширганимиз каммиди? Балки опам ҳам аллақачон… Ҳаммасига мен… мен айбдорман. Кетинглар! — бақириб юбориб Бобур сакраб ўрнидан турди. Унинг синган оёқлари ҳали тўла битмаганди. Бироқ у тик турарди. Бош врач билан Миркомил донг қотишди. Бобур уларнинг кўкрагидан итариб юбориб, эшиккача илдам юриб борди-ю, оёқлари майишиб, ёнбошига қулади. Алам ва изтироб билан ерни муштлаб бақира бошлади. Шундан кейингина хонадагилар шошилиб Бобурни қўлтиғидан олиб кўтармоқчи бўлишди. Бироқ бемор ётган жойида бўйин бермай типирчилар, уларни ўзига яқинлаштирмай қўлларини мушт қилиб силтанарди.
— Қўйворинглар, ҳаммасига сенлар айбдорсан! Мен илтимос қилувдим-ку, Наргизани ўғирлаб кетганини айтманглар деб! Ҳаммангни ўлдираман! Уруғинг билан қуритаман! — Бобур бўйин томирлари бўртиб бақирарди.
Йўлакдаги ҳамширалару дўхтирлар чопқиллашиб палатага кириб келишди. Кўпчилик бўлишиб Бобурни каравотига ётқизишиб, қўл-оёғини боғлаб қўйишди. Камига ухлатадиган укол ҳам қилишди. Бунга ҳожат қолмаган, Бобур ҳушини йўқотганди.
У кўзини очганида ҳамма ёқни зулмат қоплаган, чигирткаларнинг чириллашигина эшитилиб турарди. Бобур талай вақт шифтга тикилиб ётди. Ойисини эслаб, бирга ўтган кунларини хотирлаб юраги эзилди. Туйқусдан юраги шитоб билан ура бошлади, ҳаво етишмаётгандай ютоқиб нафас олди. Шу пайт эшик очилиб, Миркомил кириб келди. Ёшлигидан: “Энг зўр прокурор бўламан, жиноятчиларни Шерлок Холмсдай ушлаб, қўлига кишан соламан, дастимдан бирор ўғри ёки қаллоб қутулиб кетолмайди”, деган орзулар билан ўзича мағрурланиб юрган йигит зиммасига юклатилган дастлабки ишдан довдираб қолганди. Аслида, бу иш унга тўлалигича берилмаган, у ҳам бир иштирокчи эди, холос. Бироқ шунинг ўзи анча машаққат чекишга мажбур этди.
Бошлиғи Миркомилнинг дастлабки тадбирини — унинг врач кийимида Бобурнинг ёнига кирганини мақтаганди. Бироқ ўтган икки ҳафта мобайнида бирор янгилик ололмагач, дакки эшитди. Шу боис, ўйчан, кўриниши ўта жиддий. У ҳар галгидай Бобурдан ҳол сўрамади, келиб тўғри пешонасига кафтини қўйди, кейин беморнинг қўл томирига бармоғини босиб юрак уришини аниқлаган бўлди. Гарчи бу амаллардан бир нимани аниқлашга қурби етмаса-да, Бобурнинг тез-тез нафас олаётганидан безовталанди. Бироқ ўзини ошкор қилиб қўймаслик учун дўхтир чақирмади.
— Бунақа эмас-да энди, — деди у Бобурнинг ёнидаги столга ўтириб, — шунақаям тўполон кўтарадими одам?
Миркомилнинг ўйламай айтиб юборган гапига Бобур йиғлашиниям, кулишиниям билмай қолди.
— Онанг ўлганда билардинг сен ҳам, — Бобур ўзини зўрға босиб қолди.
— Бобур, оғайни, сиқилаверма, ўртоқларинг кўп экан, ҳозир яна биттаси сўраб келди…
— Қайси ўртоқ ота-онанинг ўрнини босган?
Бобурнинг қайғуриб айтган бу гапидан сўнг Миркомилнинг нафаси яна ичига тушди. У бошини қашлади. Дониёрдан амаллаб олган баъзи маълумотлардан уларнинг Бердимурод билан биргаликда нималардир сотишганларини билганди. Бироқ ҳарчанд уринмасин, қармоғига қорадори бўйича, Наргизанинг ўғирланиши билан боғлиқ ҳеч вақо илинмади. «Бобур — бетон, соғ бўлганида-ку ичидагини суғуриб олардим-у, лекин… Майли, озгина сабр қилай. Бирор гап иси чиқиб қолар», дея ўйлади у. Кейин ўрнидан туриб кетмоқчи бўлганида Бобур тўхтатди:
— Ойим қазо қилган бўлса… уни нима қилдинглар?.. — деб сўради.
Миркомил бир муддат каловланди, қандай жавоб қилишни билмади. Кўз олдига беихтиёр ҳар куни ишга кузатиб: “Эҳтиёт бўлиб юр”, деб тайинлайдиган онаси келиб, юраги орзиқиб кетди.
— Ҳозирча… Моргда.
Бобур “қулт” этиб ютиниб қўйди. Кўзидан икки томчи ёш ёноғига оқиб тушди.
— Дафн қилмадингларми?.. — деди хўрсиниб.
— Сени кутиб…
Бобур кўзини юмиб чуқур нафас олди ва секин ўрнидан турди.
— Сенга ҳали мумкинмас. Тўла соғайганинг йўқ, — деди шоша-пиша Миркомил.
— Мен билан ишларинг бўлмасин. Ҳозир уйга кетаман. Маҳалла билан гаплашишим керак. Ойимни “морг”да ётқизиб қўймоқчи эмасман!
— Унда шошма. Ҳозир мен бош врачдан сўраб келай. Рухсат берса чиқасан.
Миркомил югуриб палатадан чиқиб кетди.
— Барибир кетаман, — деди Бобур унинг ортидан. — Биронтанг йўлимга ғов бўлиб кўр-чи…
У касалхона кийимида эшиккача оқсоқланиб борди. Ўрнидан туриб қадам босганида оёғида озгина оғриқ сезганди. Икки-уч қадам ташлагандан сўнг оғриқ йўқолди, бироқ оқсоқланиб кета бошлади. Юраги қайғу-аламга шу қадар тўлиб-тошгандики, энди уни тўхтатиб қолиш амримаҳол эди.
Нуриддин ИСМОИЛОВ
(Кейинги қисмларни яқин соатларда ўқийсиз)
Манба: hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Трамп қайси хорижий мамлакатлар етакчилари билан телефонлашгани маълум бўлди