12:24 / 03.01.2018
6 618

Янги билимларни ўзлаштиришнинг олти усули

Янги билимларни ўзлаштиришнинг олти усули
Янги билимларни тез ўзлаштириш бошқалардан устунлик қилиш имконини тақдим этади. Илм-фанга кўра, янги билимларни тезроқ ўрганиш ва уларни ёдда сақлаб қолишнинг олти усули бор. FastCompany шу ҳақидаги мақоласи билан бўлишди.

Бошқаларга ўргатинг
Ўзингиз ўзлаштираётган материални бошқаларга тушунтиришга ҳаракат қилиш (ёки шундай деб тасаввур қилиш) маълумотларни тезроқ ёдда сақлаш имконини беради, дейилади Сент-Луисдаги Вашингтон университети олимларининг тадқиқотида.

Тадқиқот ҳаммуаллифларидан бири Жон Нестойко шундай ёзади: "Ўқитувчилар дарс беришга тайёрланаётганида одатда асосий фикрларни излаб, уларни ўқувчиларга тушунарли қилиб узатишга ҳаракат қилишади. Тадқиқотларимизнинг кўрсатишича, талабалар ҳам бирор материал тақдимотига тайёргарлик кўриш жараёнида самарали ўқитишнинг шундай усулини қўллай бошлашмоқда".

Билим олишга қисқа вақт кесимларини ажратинг
Луизиана университети тадқиқотчилари янги материални ўрганишга 30-50 дақиқадан вақт ажратишни тавсия қилишмоқда. Бундан қисқа вақт камлик қилиши мумкин, кўпи эса мияни чарчатиб қўяди, деб ҳисоблашмоқда экспертлар.

Улар шунингдек 5-10 дақиқалик танаффуслар қилишни ҳам тавсия қилишди, таълим мутахассиси Нил Старр эса, бўш вақт пайдо бўлиши билан қисқа таълим сеансларини ўтказишни таклиф қилади: масалан, ўрганилаётган предмет тавсифи ўрин олган кичик карточкалар ясаш ва бўш вақт пайдо бўлиши билан уларни ўрганишга киришиш.

Материални ўзлаштириш вақтини тақсимланг

Бу ғалати эшитилиши мумкин, бироқ биз таълим жараёнини тақсимлаганимизда, бироз чўзганимизда тезроқ ўзлаштирар эканмиз. How We Learn китоби муаллифи Бенедикт Кэри таълим жараёнини майсазорни суғоришга қиёслайди. "Майсазорни ҳафтасига бир марта 1,5 соатдан ёки уч марта ярим соатдан суғориш мумкин. Агар сиз бу ишни ҳафтасига уч марта бажарсангиз, майсазор янада обод бўлади", - деб ёзади муаллиф.

Материални яхшироқ ёдда сақлаш учун у билан биринчи марта танишганингиздан бир ё икки кун ўтгач такрорлаган маъқул. Кэрининг айтишича, бирор нимани тезроқ ўрганишга ҳаракат қилинса, мия ўқишга камроқ эътибор қаратади. Агар сиз маълумотни дарҳол эмас, бир неча кун ёки ҳафта ўтиб такрорласангиз, бу мияга маълумотни эслаб қолиш кераклиги ҳақидаги сигнални йўллайди.

Зарур маълумотларни қўлда ёзиб боринг
Принстон ва Калифорния университетлари тадқиқотчилари талабалар қўлда ёзиб борилган маълумотларни фаолроқ тинглаши ва яхшироқ қабул қилишини аниқлашди. Компьютерда ёзиб борувчиларда эса ёзувлар иш столидаги файллардан бирига айланади, холос, боз устига, экспертларнинг фикрича, одамлар компьютер қаршисида кўпроқ чалғишади.

Принстон университети профессори Пэм Мюллернинг ёзишича, маълумотларни қўлда эмас, компьютерда ёзиб борувчилар концептуал масалаларни ҳал қилишда бироз орқада қолишар экан, зеро улар одатда маълумотларни қайта ишлаб, уларни тушунарли қилиб ёзиб бориш ўрнига сўзма-сўз ёзишга мойил бўлишади. Бу эса уларнинг натижаларига салбий таъсир кўрсатар экан.

Ухлаб олишдан қўрқманг
Ёд олинган нарсани эслаб қолиш учун вақти-вақти билан "чалғиш" керак. Psychological Science журналида чоп этилган тадқиқотнинг кўрсатишича, машғулотлар орасидаги уйқу материални яхшироқ эслаб қолишга ёрдам берар экан. Францияда ўтказилган тажрибада иштирокчиларни икки машғулотда суахилидаги 16 французча сўзни таржима қилишга ўргатишган.

Гуруҳлардан бирининг иштирокчилари дастлаб эрталаб, кейин эса худди шу куни кечқурун ўқишган, иккинчи гуруҳ аъзолари эса кечқурун ўқишган, кейин ухлаб, эрталаб иккинчи машғулотга келишган. Ухлаб олган гуруҳ иштирокчилари 16 сўздан ўртача 10 тасини эслай олишган, "ухламаганлар" эса — бор-йўғи 7,5 та сўзни.

"Бу тажриба таълим олиш жараёнига уйқуни киритиш икки томонлама фойдали эканини кўрсатмоқда: бу материални такрорий ўзлаштириш вақтини қисқартиради ва уни узоқроқ эслаб қолишга ёрдам беради, - деб ёзади тадқиқот муаллифи, Лион университети психологи Стефани Мазза. — Аввалги тадқиқотлар дарслардан кейин ухлаш фойдали эканини кўрсатганди, энди эса икки машғулот ўртасида ухлаб олиш ҳам ижобий таъсирга эга эканини кўриб турибмиз".

Турли хил усуллар билан тажриба қилинг
Янги кўникмаларни ўзлаштираётганингизда уларни машқ қилишга ёндашувни ўзгартириш фойдали, деб ёзади Жон Хопкинс университети тадқиқотчилари: бу материални тезроқ ўрганишга ёрдам беради. Уларнинг тажрибасида иштирокчилар вазифани компьютерда ўзлаштиришлари керак бўлган. Охир-оқибат, иккинчи машғулот вақтида янада модификациялаштирилган усулдан фойдаланган иштирокчилар иккинчи гал ҳам бир усулдан фойдаланган кишиларга нисбатан яхшироқ натижани қайд этишган.

Тадқиқот раҳбари Пабло Селникнинг айтишича, ҳар сафар янги дарс ўтганда уларга бўлган ёндашувни бироз ўзгартириш лозим, бу ижобий натижа беради.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Янги билимларни ўзлаштиришнинг олти усули