13:04 / 28.01.2018
61 681

Буни аёллар ўқиши шарт...

Буни аёллар ўқиши шарт...
Жаҳон соғликни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунёда ҳар йили бир миллион нафар аёл кўкрак бези саратони хасталиги билан рўйхатга олинади, олти юз минг нафардан зиёд бемор эса шу дард туфайли вафот этади. Мазкур даҳшатли рақамларнинг ўзиёқ бу муаммонинг қанчалик долзарб эканини кўрсатмоқда. Шундай экан, қиз ва аёлларимиз ушбу касалликдан ҳимояланиш ва даволаниш борасида ўз вақтида билиб қўйганлари маъқул. Бу борада эса Республика онкология илмий маркази маммология бўлимининг илмий раҳбари, тиббиёт фанлар доктори Лола АЛИМХЎЖАЕВА зарур маслаҳатларни бериб ўтади.

“СЎНГГИ УМИДИМ СИЗДАН, ОПАЖОН!”
Бугун тиббиётда кўкрак бези саратони атамаси кўп ишлатилмоқда ва бу касаллик билан оғриган беморлар ҳақида тез-тез гапириляпти. Ҳар куни беморларни кўздан кечирарканман, нима учун бизнинг ўзбек аёлларимиз ўз соғлигига, ўз ҳаётига бунчалик бефарқ, нега маммолог назоратига бориб туришни ўзларига эп кўрмайдилар, деган саволлар мени қийнайверади. Оғир аҳволга тушиб қолгунларига қадар аллақандай табибларга, фирибгарларга мурожаат қилишади. Ҳеч илож қолмагандагина онколог қабулига келишади.

Бир куни кечки соат еттиларда уйга қайтишга тараддуд кўраётгандим, хона эшигини бир аёл қабул қилишимни илтимос қилди. Унга иш вақтим тугаганини, уйга қайтаётганимни, эртага қабулга навбатсиз кириши мумкинлигини айтгандим, жувон ёш тўла кўзларини жовдиратганича: «Опажон, илтимос, мени ҳозир кўриб қўйинг. Йўқса, менга бир нарса бўлиб қолиши мумкин...», деди йиғламсираб. Кўзлари тўла ваҳима, қўрқув. Саросимага тушган жувонга таскин бериб, шикоятларини эшитдим.

Айтишича, икки йил мобайнида ўзида қандайдир касаллик аломатларини сезиб юрган. Биринчи маротаба ўзи истиқомат қилаётган ҳудуддаги гинеколог ҳузурига борган, ҳайз олдидан сут безларида, айниқса, сўрғичи атрофида оғриқ пайдо бўлаётганидан шикоят қилган. Гинеколог уни кўрикдан ўтказиб, сақланиш воситаси («Марвелон» препарати)ни олти ой давомида истеъмол қилишни тавсия этибди. Аммо бу чораларни қўллагач, оғриқ босилиш ўрнига, баттар кучайиб кетган ва бемор хирург қабулига боради. Хирург эса оғриётган жойга компресс қўйишни ва жинсий алоқани кўпайтиришни тавсия этади. Оқибатда аёл ҳомиладор бўлиб қолади ва ҳомилани жарроҳлик (аборт) йўли билан олдириб ташлайди.

Натижада оғриқ янада кучайиб, сут безлари кўкимтир тусга кира бошлаган. Шундан кейин аёл дугоналарининг маслаҳати билан қандайдир табибга боради. Табиб унга ўзи тайёрлаган дорилардан бериб, уларни уч ой давомида ичишни тавсия қилади. Жувон у берган дориларни ичаверади, бироқ сут безларидаги ҳолат кучайгандан кучайиб, охири яшаш ҳудудидаги онколог шифокор ҳузурига боришга мажбур бўлади. Хуллас, ўтказилган текширувлар беморда сут бези саратони хасталигининг тўртинчи босқичи бошланганини ва кўплаб метастазлар мавжудлигини тасдиқлайди.

Онколог жувон шўрликка: «Энди кеч, бир-икки ойгина умрингиз қолган», деб узил-кесил жавоб беради. Нигоҳларида қайғу ва изтироб қотиб қолган аёл ёрдам сўраб қўлларимдан ушлади: «Опажон, илтимос, сўнгги умидим сиздан! Ёрдам беринг менга, яшашни хоҳлайман, ахир эндигина ўттизга тўлдим. Иккита болам бор...».

Аёлни зудлик билан илмий марказимиз шифохонасига ётқизиб, даволадик. Нур ва бир неча курс кимётерапия қабул қилди. Гормонотерапия муолажасини давом эттиряпти. Айни пайтда ўзини яхши ҳис қиляпти. Ҳар ҳолда болалари ва турмуш ўртоғининг ёнида. Бу бемор қанчага боради, неча йил яшайди – буниси бизга қоронғу, ҳаммаси Яратганнинг қўлида. Айтмоқчи бўлганим, бу ҳолат айрим шифокорлардаги совуққонлик ва бефарқлик оқибатининг ҳосиласи ҳам. Агар ўшанда бемор дастлаб мурожаат қилган гинеколог уни синчиклаб текшириб, маммолог ҳузурига юборганида эди, балки ҳозир у жувон соғайиб, бахтли ҳаёт кечирармиди...

ХАСТАЛИК БЕЛГИЛАРИ

Сут бези саратонининг келиб чиқишини ўрганиш жараёнида, бир неча асосий омиллар шу хасталикка олиб бориши аниқланган. Асосан гинекологик касалликлар, хусусан, бачадон ва тухумдонлар шамоллаши, бўқоқ касаллиги, жигар билан боғлиқ хасталиклар, яъни, турли гепатитлар, нотўғри турмуш тарзи, қаттиқ сиқилиш, стрессга тушиш ҳамда жинсий фаолиятнинг издан чиқиши, ҳайз жараёнининг бузилиши ва албатта кўп аборт қилдириш каби нохуш ҳолатлар айни касалликка сабаб бўлиши исботланган.

Мазкур хасталикнинг асосий белгиси – сут безида тугун пайдо бўлишидир. Унинг катталиги кичкина нўхатдан катта тухум ҳажмигача бўлиши мумкин. Тугун қаттиқ бўлиб, кўпинча сўрғич билан боғлиқ ва терига ўсиб кирган бўлади. Айрим ҳолларда беморнинг кўкраги сўрғичларида қон ажралмалари кузатилади. Қўлтиқ ости лимфа тугунлари катталашади. Башарти, аёлларимиз ўзларида шу белгилар борлигини пайқаб қолсалар, зудлик билан мутахассис маммолог ҳузурига шошилишлари ва дарҳол текширувлардан ўтишлари шарт.

Йигирма беш ёшдаги аёлларнинг йилда бир маротаба УЗИ текширувидан, қирқ ёшдан кейин эса маммографиядан ўтиб туришларини тавсия этаман. Маммография кўкрак саратонини эрта босқичда аниқлашнинг энг самарали усули ҳисобланади. Бунда кўкрак безида ҳосил бўлган кичик ўзгаришлар, шу жумладан, ўсмаларни ҳам кўриш мумкин. Касалликни эрта аниқлаш бемор ҳаётини сақлаб қолиш имконини беради.

Одамлар орасида кимётерапия ва нур терапияси тўғрисида ҳар хил тушунмовчиликлар юради. Кўпчилик, «бу даволаш усуллари ўлимга олиб боради, уларни олиш мумкин эмас», деб ўйлайди. Лекин нур ва кимётерапия саратон ҳужайраларини ўлдириб, касалликни бартараф қилишда катта ёрдам беради. Тўғри, беморда бироз қувватсизлик ва сочларнинг тўкилиши кузатилади, лекин бу ҳаммаси вақтинча бўлади ва муолажа тугагач, барчаси тезда тикланади. Кўп беморлар операциядан қўрқиб, сут безидан айрилмасликларини айтишади, даволанишмайди. Фурсатдан фойдаланиб айтиб ўтмоқчиманки, бугунги кунда пластик операциялар (сут безини эндопротез ёрдамида тиклаш) йўлга қўйилган, кўплаб аёлларда шу операциялар ўтказилган ва улар яхши самара берган.

Шу ўринда яна бир гапни таъкидлаб ўтишни жоиз биламан. Кўпинча поликлиникаларда гинекологларимиз аёлларнинг сут безини текшириб ўтирмай, уларга сақланиш воситаларидан фойдаланишни тавсия қилишади, мастопатияларни «Мастодинон» дори воситаси билан даволашади, лекин сут безларидаги ўзгаришлар билан мутлақо қизиқишмайди ва барча ҳолатларда саратон касаллигини ўтказиб юборишади. Бу катта хатодир. Чунки мастопатия ва сут безларининг бошқа ноонкологик касалликлари (диффуз мастопатия, фиброаденома, кистоаденома, масталгия ва бошқалар) фақат маммолог томонидан даволаниши шарт!

ҲИМОЯЛАНИШ ЙЎЛЛАРИ

Айни чоғда “Келинжак” журнали муштарийлари орқали аёлларимизга мурожаат қилиб айтмоқчиманки: опаларим, сингилларим, соғлигингизга эътиборни ниҳоятда кучайтиринг! Агар юқорида айтиб ўтилган белгилар ўзингизда кузатилса, дарҳол мутахассис маммолог кўригига боринг, барча текширувлардан ўтинг. Чунки бу ҳолатлар хавфдан огоҳлантирувчидир. Ўзингизда хасталик аломатлари борлигини вақтида аниқласангиз, касалликнинг олдини олишга эришасиз.

Албатта, касаллик руҳиятга ҳам боғлиқ. Шунинг учун ҳам шифокор сифатида ҳурматли аёлларимизга бу борада ҳам баҳолиқудрат маслаҳат бермоқчиман. Муҳтарама аёллар, аввало ўзингизни севишга, қадрлашга ўрганинг. Ҳаётдаги нохуш ҳодисалардан ўзингизни асранг. Феъл-атвори сизга маъқул бўлмаган инсонлар билан мулоқотда бўлишдан узоқлашинг. Ҳамиша чеҳрангиз очиқ бўлсин. Шунингдек, тўғри овқатланиш тартибига риоя қилинг. Ёғли овқатлардан ўзингизни чеклаб туринг. Рационингизда саримсоқпиёз, булғор қалампири, кўкатлар ҳамиша бўлсин.

ТАВСИЯ: Бетоб бўлиб қолсангиз, ўз билганингизча даволанманг. Ишингиздан ташқари қўшимча хобби топинг, масалан фитнес, спорт, тикиш-бичиш сингари машғулотлар билан ўзингизни овутинг. Оилангизда тотувликни сақлашга ҳаракат қилинг, турмуш ўртоғингиз ва фарзандларингизга яхши муносабатда бўлинг. Вақтида ухланг, тиббиёт олимлари инсон руҳан ва жисмонан соғлом бўлиши учун суткасига саккиз соат ухлаши лозимлигини таъкидлайдилар. Иш жойингизда ҳам ўзингизга қулай шароит яратишга ҳаракат қилинг, ишингиз, касбингиз сизга қувонч ва хушнудлик бағишласин. Бир ҳақиқатни унутманг, дугонажонлар, биз яқинларимиз, севимли ёримиз, фарзандларимиз, оиламиз ва жамиятимизга фақат соғлом ва гўзал ҳолдагина севимли бўла оламиз.
Ҳидоят САДРИДДИНОВ ёзиб олди.

Манба: Erk.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Буни аёллар ўқиши шарт...