Кўпчилик эркаклар турмуш ўртоғидан беркитиб, пул йиғишни яхши кўришади. Ҳатто «Бизнинг оила бюджетимиз бир, пулимиз ўртада», деб оғиз кўпиртирадиганлар ҳам бир-икки сўмини, албатта, қаергадир беркитиб қўяди. Уйнинг бурчак-бурчакларини йиғиштираётганда олдингиздан чиқиб қолган майда-чуйда пуллар шундан далолат. Турмуш ўртоғингиз пулини қаерга яширишини билишни истайсизми? Келинг, уни биргаликда қидирамиз. Бунинг учун бизга уларнинг буржини билиш кифоя.
Қўй
Бу буржга мансуб эркаклар чўнтагида, албатта, қўшимча пул юриши керак. Улар учун эркакнинг пулсиз юриши — фожиа. Ўша ортиқча пулни ишлатиши шарт эмас, шунчаки кўнгил тўқлиги учун, ҳар эҳтимолга қарши туриши керак. Пул уларнинг қалбини иситиб туради. Агар оилада молиявий муаммолар бошланса ва рафиқаси жанжал қилса, секин чўнтагидан чиқариб, оила бюджети учун пул ажратиши ёки бирор совға олиши мумкин. Агар пул сўрашга тоқатингиз бўлмаса ёки шунчаки тадқиқот ўтказиб кўришни истаётган бўлсангиз, турмуш ўртоғингизнинг шахсий ҳудудлари — устахона, гараж, турли асбоб-ускуналар солинган шкафини қидириб кўринг.
Бузоқ
Агар узоқ вақт қидирмаган бўлсангиз, демак, у анчагина пул жамғариб қўйган. Бир томондан кўнглингиз тўқ бўлсин, бузоқ йиққанини маишатга сарфламайди, қарта ҳам ўйнамайди, бироқ сиз билан маслаҳатлашмасдан қандайдир кераксиз буюм (сизнинг назарингизда) харид қилиши мумкин. Яна ўта қиммат нархга. Бунинг олдини олиш эса жуда осон. Чунки бузоқ консерватор бўлгани боис пул яшириш учун янги жой қидириб ўтирмайди. Гиламнинг таги, шкафга тахлаб қўйилган сочиқлар орасини қидиринг. Янаям яхшироғи, эски курткасининг чўнтагига қўл тиқиб кўринг.
Эгизаклар
Мазкур бурж вакилларининг яширинча пулларини топиш жуда қийин, чунки тез йиғиб, яшин тезлигида сарфлаб юборади. Ким тезкор бўлса, ўша ютади, ёки сиз топасиз, ёки у ишлатиб қўяди. Бу мусобақада кўпинча турмуш ўртоғингиз ғолиб чиқиши аниқ. Чунки у пул йиғишга киришмай туриб, уни қаерга сарфлашни пишитиб қўйган бўлади. Бу борада келажакни кўра олиш ҳисси ёрдамга келади. Турмуш ўртоғингизнинг маоши ва у харид қилган нарсаларнинг нархини ҳисоблаб, ойлик маошининг умумий миқдорини чиқаринг. Сўнг кейинги ойликкача биринчи галдаги муҳим харидлар режасини тузиб қўйинг. Бир-икки сўм қолган пулини эгизаклар қандайдир асбоб-ускуна қутисининг ичига яширади. Бироқ кўп нарса кутманг — у ерда жуда оз миқдорда пул бўлиши аниқ.
Қисқичбақа
Пул йиғиш борасида устаси фаранг. Ҳатто қора кунга пул йиғиб қўйиш учун барча харажатларини қисқартириши эҳтимолдан йироқ эмас. Бироқ бу қора кун бутун умр ҳам келмаслиги мумкин. Худди қурумсоқ рицар сингари йиғилган пулларини айлантиришни ҳам яхши кўради. Бўш қолганида пулини яшириб қўйган жойидан олиб санашни, чиройли тахлаб қўйишни ёқтиради. Уларнинг пулларини топишга беҳуда уринасиз. Чунки улар аксарият ҳолларда чиройли банкага солинган ҳолда уйда ҳеч кимнинг хаёлига келмаган жойга беркитиб қўйиши мумкин. Қисқичбақа яқинларидан яшириб жуда катта миқдорда пул йиға оладиган ягона бурж вакили ҳисобланади. Яъни уларни бир сўз билан мустаҳкам банк дейиш мумкин.
Арслон
Унинг ҳаётий принципи жуда оддий — ҳеч қачон пул яширмайди. Ҳаммасини ўртага ташлайди, пул яшириш унинг учун ҳақорат. Бунга фақат битта сабаб мажбур қилиши мумкин. Бошқа аёлни севиб қолса, унга гулдаста олиш учун сарфлаган пулини бензин ошгани билан изоҳлайди. Арслон бундай ҳолларда икки томонлама бухгалтерия юритади ва иложи борича оила бюджетига зарар етказмасликка уринади. Оёқ кийим солинадиган қутидан бир даста пул топиб олиш пинҳона муносабат бошланганидан дарак.
Паризод
Бу бурж вакилларига рафиқаси билмайдиган яширинча пул жуда зарур. Бироқ пул айнан аёлига совға ва сюрпризлар уюштириш учун керак. Паризод тежамкор бўлгани учун бефойда совғалар қилмайди. Шундай экан, кам миқдордаги пулни қидириб овора бўлманг. Ҳеч қачон топа олмайсиз. Чунки у айнан сиздан яширилган. Демак, уйдан бошқа жойда.
Тарози
Унинг барча моддий муаммоларини рафиқаси ҳал қилади, шунинг учун унга чин кўнгилдан қувонч билан беради. Бу тарозининг оиласида мўътадил вазият ҳукмронлигидан далолат бериб туради. Агар тарози яширинча пул йиға бошласа, бу оила инқирозни бошдан кечиряпти, дегани. Рафиқасига ишонмай қўйган ёки кимнидир севиб қолган. Унга ҳам пул сарфлаш учун йиғишга мажбур. Мана шу ўринда тарозиларнинг қанчалик соддалиги маълум бўлади. Яъни улар пул яшириш учун энг анъанавий жойлар — тўшак ости ва шкафни танлайди.
Чаён
У доим ўз харажатлари учун оила бюджетидан ташқари пул йиғади. Бу ҳатто яширинча пул эмас, унинг шахсий пуллари. Унга тегишга ҳатто рафиқасининг ҳам ҳақи йўқ. Бироқ бу пулларнинг қаердалигини топиш жуда осон. Эслаб кўринг-чи, сиз уйнинг қаерига ҳеч қачон бормайсиз? Электр токиданми, ариларданми қўрқиб бормайдиган жойингиз борми? Пул худди ўша ерда турибди-да. Фақат уни олишдан аввал етти ўлчаб, бир кесинг. Пулларни ишлатиб юборсангиз, турмуш ўртоғингизнинг қаттиқ нафратига дучор бўласиз.
Ўқотар
Айтишларича, мазкур бурж вакиллари рафиқаси оила бюджетини елкасидан олиши учун уйланар эмиш. Бу вазифа тўйдан сўнг жуда усталик билан адо этилади. Оила бюджетини асраш вазифаси кўпроқ хотини зиммасида бўлади. Бироқ улар кутилмаганда бирор саёҳатга отланиб қолиши мумкин. Шундай ҳолларда хотин бунга қаршилик қилса, мана шундай кутилмаган вазиятлар учун пул йиғишни бошлайди. Худди мактаб болалари сингари мактаб нонушталаридан орттириш йўли билан. Бу пулларни китоб жавонида турган энг қалин китобнинг ичига яширади.
Тоғ эчкиси
Унга қандай рафиқа тушишидан қатъи назар, битта қоидани доимо эсида тутиши лозим. Пулларни иложи борича унинг кўзидан нарироқда ушлаш лозим. Чунки у ғирт сарф-харажатчи, иккита туфли, бешта кўйлаги бўлса ҳам тусаб қолса, олтинчи кўйлакни сотиб олиши мумкин. Бундай инсонларга кўпинча «Қўлида пул турмайдиган инсон», деб таъриф беришади. Қурбонлик учун атаб қўйган пулларини тоғ эчкиси мебеллар остида, кўрпа-тўшаклар орасида сақлайди.
Қовға
Жуда ўткир сезги ва ҳақиқий агент — «007» дейсиз. Агар улар пул яширса, «топилмалар бюроси»дагилар ҳам келиб, топиб бера олмайди. Тасаввур олами шунчалик кенгки, пул қаердалигини билиш учун сиз ҳам камида ундай ақлли бўлишингиз керак. Фақат битта нарса аниқ — яширинган жой мутлақо кутилмаган бўлади. Ҳатто баъзи қовғалар рафиқасининг яширинган пулни қидираётганини иштиёқ билан кузатиши ҳам мумкин. Аслида эса пул гардеробда, эски қишки этикнинг ичига солиб қўйилади.
Балиқ
Балиқ буржига мансуб эркаклар пулини керак бўлгани учун эмас, шунчаки буни санъат даражасига олиб чиқиш учун яширишади. Унга пул йиғиш жараёнининг ўзи қувонч бағишлайди. Натижа муҳим эмас. Бироқ буни узоқ вақт яшириб тура олмайди. Пул керак бўлиб қолганда ўзи ҳам яшириб қўйган пулини оила аъзолари, болалари билан бирга излашга тушади. Астойдил, бир неча кун қидиришади. “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди