Одамлардан: “Уйимда қиёмат қойим қўпди”, “Руҳиятимда зилзила бўлди”, “Осмон бошимга ағдарилди” деган гапларни эшитар эди-ю, бунинг нималигини билмасди. Баъзан ҳатто “Одамзод қандай ғамларга кўникмайди. Жуда бўрттириб юборишади-да”, деб кулиб ҳам қўярди.
Ҳанифа ая буларнинг нечоғлик оғир ҳолат эканлигини ўз танасида синаб кўриб, сезяпти. Мана, икки ойки, куни билан тунининг фарқи йўқ. Қизидан “Ойи, дориларингизни ичиб олинг, юракни бақувват қилинг: укам қамалиб қолди. Синфдошларига қўшилиб, бировнинг пулига кўз тикибди. Шахсан ўз қўли билан ўғрилик қилмаган бўлса-да, қандайдир алоқаси бор экан”, деган гапни эшитиб, бир зум карахт бўлиб қолди. Сўнг қизи янглишаётганга ўхшади. Ахир унинг ўғли — Ҳумоюни кўча безориси эмас-ку? Олий маълумотли архитектор, нуфузли бир фирмада ишлаб юрган, костюм-шим кийиб, галстук тақиб юрадиган, кўчада ҳам, қариндош-уруғлар орасида ҳам ҳамма ҳавас қиладиган йигит-ку? Нечта дугоналари “Сизнинг Ҳумоюнингизга ўхшаб юрсин, деб неварамга шу исмни қўйдим” деб, уни хурсанд қилишган-ку? Наҳот энди… шундай йигит энг жирканч ишга — ўғриликка аралашса?
Йўқ, ўтаётган кунлар Ҳанифа аянинг инкорларини инкор қилиб ташлади. Чиндан ҳам қандайдир даражада Ҳумоюн айбдор экан… Ҳанифа ая аввал пешанасига, сўнг кўксига муштлади: “Мен уни қанчалар қийналиб ўқитгандим. Ўқиш пулини тўлайман деб, бармоғимдаги отасидан ёдгор бўлиб қолган никоҳ узугимгача сотгандим. Ҳамкасбларим ҳар байрам, тўйда янги кийинарди. Мен улардан кўп пул топсам ҳам, бир кўйлакни кечқурун ювиб, эрталаб қуритиб киярдим. Ва бу қилган ишларимдан заррача пушаймон бўлмаганман. Чунки ўғлимни ўқитиб, элга қўшдим. Юрт юкига елка тутаётган ўғилнинг онасиман, деб бошим осмонда, ғурурланиб юргандим. Тупроққа қорилдим… Бундай нонкўр фарзанддан кечаман!” деди. Деди-ю, йиғлади. Деди-ю, фарёд солди. Она қалби унинг бу аҳдига кўнмади.
“Ўғлинг оний ожизликка берилди. Бирпасда бойиб кетиш орзуси уни тўғри йўлдан адаштирди. Уни кечир! У ҳали жазосини ўтаб бўлгач, гуноҳларини ювади. Ақлу ҳушини йиғиб олади”, деди ичида бир овоз. Онани яратмасин, дейишади-ку, Ҳанифа ая Ҳумоюндан нечоғлик ранжиган, дили оғриган бўлса-да, иккинчи овозга қулоқ тутди. “Тақдирингдаги бу қора кунлар сенга сабоқ бўлсин, бошқа хато қилма!” дея хаёлан Ҳумоюнга хитоб қилди. Паришон хаёлларини жамлаб, сал ўзига келгандек бўлди. Уйқудори ичиб ухлаган кунларининг бирида исми жисмига мос Покиза исмли бувиси тушига кирибди. У Ҳанифа аяга бир чеккада тўнтарилиб турган қора қозончани кўрсатар эмиш…
Ҳанифа аянинг кўнгли алағда бўлиб уйғонди. Нега бувиси қозончани кўрсатди? Бунда қандай сир-синоат бор? Нимага ишора бу?
Ҳанифа ая ғужғон саволлар гирдобида қолиб, ертўлага тушди. Дарҳақиқат, эски, анчадан буён ишлатилмай, бир чеккага йиғиштириб қўйилган буюмлар орасида кичкина, худди бувиси тушида кўрсатгандек қора қозонча бор эди. Унга қўл теккизар экан, Ҳанифа аяни чаён чақиб олгандек бўлди. Ҳаммаси бирданига ёдига тушди…
Ҳумоюн чақалоқлигида, улар бир бадавлат кампирнинг неварасига атаб олиб қўйган уйида ижарада туришарди. У эндигина ўн ойлик бўлган Ҳумоюнни манний бўтқаси билан боқарди. Уй эгасининг ихчамгина қозончаси бу бўтқани пишириш учун қулай эди. Шунинг учун вақти келиб ишга тушгач, ишхонасига яқинроқ жойдаги ижара уйга кўчишганларида, Ҳанифа ая шу қозончани ўзи билан бирга олиб кетди. Эри: “Уй эгасидан сўрадингми? Нариги дунёда бесўроқ олинган нинанинг ҳам сўроқ-саволи бўларкан”, — деганида, Ҳанифа ая: “Ким нариги дунёга бориб келибди? Бу кампирнинг буюмлари тўлиб-тошиб ётибди. Кўплигидан ўзи нимаси бор, нимаси йўқлигини ҳам билмаса керак”, — деган эди.
Онаизор узоқ вақтлар Ҳумоюнга шу қозончада алоҳида таом пишириб бериб юрди. Чунки у сариқ касал бўлган эди. “Наҳот, бесўроқ олиниб, узоқ йиллар таом пишириб бериб юрганим — қора қозончанинг касофатидан, яна ҳам тўғрироғи, мен қилган бу хатодан ўғлим энди жабр чекаётган бўлса?!..”
Ҳанифа аянинг бу саволига ҳеч ким “ҳа” ё “йўқ” деб аниқ жавоб бера олмасаям, бу дунёда ҳеч ҳодиса бесабаб рўй бермаслиги ҳақиқат эди.
Қутлибека РАҲИМБОЕВА.
Манба: tasvir.uz “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи