15:15 / 18.02.2018
13 926

Намоздаги амаллар маъноси: сажда

Намоздаги амаллар маъноси: сажда
“Сажда” сўзи аслида “ўзини паст тутиш”, “эгилиш”, “хотиржам бўлиш” маъноларини англатади.

Сажда банданинг Аллоҳ таолога муҳтожлигини, камтарлигини изҳор этишнинг энг юқори нуқтасидир. Чунки инсон саждада энг шарафли, азиз аъзоси бўлмиш бошини ерга қўяди. Одатда, сажда қилганда пешона тупроққа тегади, чанг бўлади. Мана шу ҳолат қалб тавозеси, Аллоҳ учун хушу қилганлик белгисидир. Шунинг учун банда саждада Аллоҳга жуда яқин бўлади. Агар зоҳирий саждага қалб саждаси ҳам қўшилса, нур устига нурдир.

Мутакаббир мушриклар Аллоҳ учун сажда қилишни хушламасди. Ҳатто айримлари: “Мен сажда қилишни ёмон кўраман. Чунки сажда қилсам, остим бошимдан тепада бўлиб қолади”, деб айтарди. Яна баъзи мушриклар қўлига бир сиқим тупроқ олиб, пешонасига теккизар, “Мана шу мен учун кифоя қилади”, дерди. Иблис ҳам Одам алайҳиссаломга сажда қилишдан бўйин товлагани сабаб лаънатга учраган. Чунки у Аллоҳ тупроқдан яратган инсон зотига бош эгишдан кибр қилган, Парвардигори амрига итоат этмаган. Ким кибрни енгиб, Раббига ихлос-ла сажда қилса, Унга яқинлашади.

Қуръони каримда айтилишича, осмонлар ва ердаги барча жониворлар, фаришталар кибрланмаган ҳолда Аллоҳга сажда қиладилар (Наҳл, 49). Улардан фарқли ўлароқ, ҳазрати инсон Аллоҳ таоло учун ўз ихтиёри билан пешонасини ерга қўяди. Бунинг эвазига улуғ ажр-мукофотлар олади.

Шунингдек, икки сажда ўртасида, ташаҳҳудда қўлларни тиззага қўйиб ўтириш банданинг Аллоҳга итоатгўйлигини, камтарлигини билдиради.
Зиёвуддин РАҲИМ тайёрлади

Манба: Irfon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Намоздаги амаллар маъноси: сажда