17:26 / 16.05.2018
5 606

Рамазон ойига қандай тайёргарлик кўрдингиз?

Рамазон ойига қандай тайёргарлик кўрдингиз?
Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу шундай дедилар: «Агар Аллоҳ бу умматни азоблашни хохлаганида эди, Уларга Рамазон ойи ва “Ихлос” сурасини ато қилмас эди». Тасаввур қилинг, хонадонимизга меҳмон ташриф буюрмоқчи.

Меҳмон қанча узоқдан келса, шунча қадрли бўлади. У бизнинг севимли кишимиз, қадрдонимиз, бирга ўқиган дўстимиз ёхуд бир қанча вақтдан буён хонадонимизга ташриф буюриши интизорлик билан кутилаётган энг қадрли кишимиз. Биз у меҳмоннинг кўнглини олишни ҳар чорасини излаймиз. Ўзгача бир хурсандчилик, зав-шавқ, ўзгача бир иштиёқ билан, меҳмонни муносиб кутиб олишга таёргарлик кўрамиз. Уйимизни саранжом-саришта қилиб тозалаймиз. Дарстурхонга тортилган нозу-неъматларни дид билан безаймиз ва яна қайта кўздан кечирамиз. Ҳар бир нарсага алоҳида эътибор қиламиз, токи бирор нарса меҳмоннинг кўнглига тегмасин деймиз. Ҳаттоки меҳмон келишига поёндозлар солиб кутиб оламиз. Зеро, меҳмондўстлик халқимизнинг қон- қонига азал-азалдан сингган яхши хислат ва муқаддас динимиз кўрсатмаси экани барчамизга маълум.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи вассаллам “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирса қўшнисига озор бермасин. Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирса меҳмонни хурмат қилсин. Ким Аллоҳга ва охиратга иймон келтирса яхши гапларни айтсин ёки жим турсин” дедилар. Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи вассалламнинг ушбу ҳадисларига мувофиқ бизнинг халқимиз меҳмондўст, ҳамиша меҳмоннинг ҳурматини, иззатини жойига қўйиб келган.

Меҳмон биз учун қанча қадрли бўлса таёргарлик ҳам шунга яраша бўлади. Яқинлашиб келаётган Рамазон ойи ҳам аслида бизлар учун меҳмон. У ҳам узоқда, бир йилда бир келади. Рамазон мехру-мурувват, хайру-саховат ойи. Рамазон қалб, рух ва жасадимиз покланадиган ой. Рамазон ойи дуоларимизнинг ижобат бўладиган, қадр кечаси, таровиҳ намозларию, хатми Қуръонлар баракаси, рўзадорни ифторлантиришнинг савобидан бахраманд бўладиган, хайрли амалларимиз учун савоблар, ажрлар, кўпайтириб бериладиган фазилатли, баракотли ой. Зеро Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи вассаллам “Агар умматим Рамазон ойида улар учун қанча фазилатлар борлигини билганларида эди, йилнинг ҳаммасини Рамазон бўлишини хоҳлар эдилар” деганлар. Хўш, биз Рамазон ойини кутиб олиш учун қандай таёргарлик кўрдик. Ифторлигу, саҳарлик учун озуқа жамлашимиз, бозордан турфа хил меваларни сотиб олиб музлатгични тўлдириш, ифторга қандай таом ейиш, сахарликка қайси таомни таёрлашл ҳақида ўйлаётган бўлсак, бу Рамазон ойига таёргарлик дегани эмас.

Рамазон ойга таёргарлик , аввало қалбни поклаш, агар бир бири билан аразлашган, жанжаллашган кишилар бўлса, гина ва хусуматларини унутиб бир бири билан ярашиш, қўни-қўшни, маҳаллада, қариндошлар орасида ёрдамга мухтожларга мурувват кўрсатиш, ёдам қўлини узатиш, қариндошларга силаи раҳм қилиш, беморларни зиёрат этиш, етимлар бошини силаш, ёлғиз кексалар, ногиронлар ҳолидан хабар олиш, савобли ишларга шошилишу, барча гуноҳ ишлардан ўзини тийиш, бировнинг дилига озор етказиб қўйишдан, бировнинг хаққига тажовуз қилишдан сақланиш каби ишларни амалга ошириш билан бўлади. Ана шунда биз Рамазон ойини муносиб кутиб олишга тайёргарлик кўрган бўламиз. Ана шунда Рамазон ойидаги барча баракотлару, фазилатлардан бахраманд бўламиз. Рамазон покланиш ойи экан, келинг азиз юртдошлар аввало қалбимизни поклайлик. Агар қалбимиз пок бўлса бошқа аъзоларнинг гуноҳ қилишига имкон бермайди. Чунки қалби покиза одамдан диомо яхшилик умид қилинади. Аллоҳ барчамизни Рамазон ойидаги фазилатлардан бебаҳра қолдирмасин. Омин.
Мақсудали ҚОСИМОВ,
Хўжаобод туман бош имом хатиби.

Манба: Masjid.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Рамазон ойига қандай тайёргарлик кўрдингиз?