07:30 / 18.05.2018
8 565

Рўзанинг суннатлари ҳақида

Рўзанинг суннатлари ҳақида
Саҳарлик қилиш ва уни кечиктириш мустаҳаб. Имом Бухорий ва Муслим Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят этишларича, Зайд айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга саҳарлик қилиб, сўнгра (бомдод) намозига турдик». Зайддан: «Саҳарлик билан намознинг ўртасидаги вақт қанча эди?» – деб сўралди. У киши жавоб бериб: «Эллик оят ўқигудек вақт бўларди», – деб айтдилар.

Ифторликни тезлатиб қилиш ҳам яхшидир. Имом Бухорий ва Муслим Саҳл ибн Саъддан ривоят этишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар: «Инсонлар мудом ифтор этишга шошилар экан, улар яхшиликда давом этурлар. Хурмо билан ифтор этиш, яъни оғиз очиш (мустаҳабдир)».

Имом Абу Довуд, Термизий ва Ҳокимларнинг Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқишдан аввал ҳўл хурмолар билан ифтор қилардилар, агар у бўлмаса, қуриган хурмолар билан оғиз очардилар, иттифоқо, у ҳам топилмаса, унда бир неча хўплам сув билан оғиз очардилар.

Рамазон ойида жуда карамли бўлиш суннатдир. Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят этишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жуда сахий зот эдилар. Рамазон ойида ҳазрат Жаброил билан учрашган вақтларида янада сахий бўлардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойининг ҳар бир кечасида Жаброил алайҳиссаломдан Қуръонни ўтказардилар. Шу кунларда у зот эсаётган шамолдан ҳам тезроқ яхшилик этиш билан сахий бўлардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиб Рамазон ойида амру-маъруф этиш, кўплаб эҳсону-садақотлар тарқатиш суннатдир.

Шунингдек, Қуръони Каримни ўқиш ва ўрганиш, хусусан, Рамазон ойининг охирги ўн кунлигида масжидларда эътикоф ўтириш ва бу кунларда ижтиҳод этиш ҳам суннат амаллардан бўлиб ҳисобланади.

Икки «Саҳиҳ» китобда ҳазрат Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят этилган шундай ҳадис бор. Унда бу волидамиз айтадилар: «Рамазон ойининг охирги ўн кунлиги кириб келганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам изорларини маҳкам боғлардилар. Кечаси бедор бўлар ва аҳлу-аёлларини уйғотардилар».

Уламои киромлар «изорни маҳкам боғлаш» борасида икки фикрни зикр этишади: биринчиси – бундан мақсад аёллардан четлашиш; иккинчиси – бу амалда жиддий бўлиш ва енг шимаришга киноя. Улар яна: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг охирги ўн кунликда ижтиҳод этишларининг сабаби – қадр кечасини топиш эди», деб ҳам айтадилар.
Мирсобит ВОҲИДОВ,
Пискент тумани " Мулла Бўта Қози" жомеъ масжиди имом-хатиби.

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Рўзанинг суннатлари ҳақида