22:55 / 03.06.2018
8 524

Уйда ўқиб олий маълумотли бўлиш учун нима қилиш керак?

Уйда ўқиб олий маълумотли бўлиш учун нима қилиш керак?
Ўзбекистон Республика Олий ва Ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018 йил 21 майда «Махсус сиртқи таълимда ўқув жараёнини электрон таълим ресурслари асосида қўллаб-қувватлашни ташкил этиш тўғрисида»ги 447-сонли буйруғига асосан янги ўқув йилидан бошлаб педагогика йўналишидаги махсус сиртқи бўлим талабалари ўқув жараёнини ташкил этишда масофадан туриб мустақил таълим олиши белгиланган. Бу ҳақда «Xabar.uz» портали хабар берди.

Ўзбекистонда электрон таълимни илк бор олий таълим тизимида амалиётга жорий қилиниши расман эълон қилинди. Электрон дарсларни ташкил этиш билан боғлиқ жараёнлар олий таълим тизими амалиётида илк бор қўлланилаётгани сабабли, тизимни йўлга қўйиш билан боғлиқ қатор саволлар пайдо бўлиши табиий.

Хўш, электрон таълимни йўлга қўйишдаги ташкилий жараёнлар қандай амалга оширилади?

Таълим муассасаларида электрон таълимни жорий этиш маркази ахборот хизмати хабар беришича, барча ташкилий жараёнлар бешта босқичда амалга оширилди.

Биринчи босқичда 15 та олий таълим муассасасидан жами 450 нафар профессор-ўқитувчилар ва ходимларни электрон ўқув ресурсларни яратишга ўргатиш учун вебинар технологиясидан фойдаланилган ҳолда масофавий ўқув курслар орқали ўқитилади. Бу жараён август ойнинг сўнгига қадар амалга ошириб бўлинади.

Иккинчи босқичда масъул профессор-ўқитувчилар ва ходимлар томонидан 8 хил педагогика йўналишидаги 144 та фан электрон ўқув ресурсларни яратилади. Ҳозирда яратиладиган электрон ўқув ресурсларнинг таркиби қуйидагича бўлиши режалаштирилмоқда. Унга кўра, 1247 та видео маъруза, 1247 та мустақил ўрганиш учун назарий маълумот, 12000 та глоссарий, 25920 та билимларни назорат қиладиган интерфаол элементлар, 87 та лабаратория ишларини бажариш учун интерфаол элементлар, 24940 та тест синовлар бўлиши кўзда тутилган.

Учинчи босқичда масъул профессор-ўқитувчилар томонидан яратилган ўқув ресурслар Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида ташкил этилган Мувофиқлаштирувчи Кенгаш томонидан кўриб чиқилади. Электрон ўқув ресурслар Мувофиқлаштирувчи Кенгаш томонидан тасдиқлангач, ресурслар профессор-ўқитувчилар томонидан платформага (mooc.edu.uz) жойланади.

Тўртинчи босқичда олий таълим муассасалари махсус сиртқи бўлимида дарс бераётган профессор-ўқитувчиларни электрон таълим тизимидан фойдаланиш бўйича масофавий тарзда ўқитилади.

Сўнгги босқичда махсус сиртқи бўлим талабалари электрон таълим тизимидан фойдаланади. Махсус сиртқи бўлим талабаларининг ўқув машғулотлари ўқув жараёни жадвалига асосан бошланади. Шу муддатга қадар барча электрон ресурсларни яратиб, платформага киритиш режалаштирилган.

Махсус сиртқи бўлим талабалари учун жами 7344 соат ажратилган. Улардан 6480 соатида талаба масофадан тартиб мустақил таълим олади, 864 соат эса, университетга келган ҳолда таълимни амалга оширади. Бу 88 фоиз дарс масофавий тарзда, мустақил равишда амалга оширилади деганидир.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Уйда ўқиб олий маълумотли бўлиш учун нима қилиш керак?