Бувим раҳматли (дадамнинг оналари) совет замонларида райком, райисполком деган даргоҳларда узоқ йиллар раҳбар лавозимларида ишлаганлар. У даврларда даҳрийлик авж палласига чиққан бўлишига қарамай, биз бувимнинг бошяланг ёки калта кўйлакларда ишга борганларини ёки рўзани ва намозни канда қилганларини эслолмаймиз (ибодатларни яширин адо этардилар). У кишининг бошларида ҳамиша танғиб боғланган рўмол, эгниларида кенг ва бўйинга қадар тугмаланадиган кўйлак бўларди. “Қишин-ёзин оёғим оғрийди, шунақа дардим бор” деган баҳона билан, оёқларига ё маҳси-калиш ёки қалин пайпоқ билан ботинкага ўхшаган туфли кийиб юрардилар (аслида оёқлари оғримасди).
Бир куни райкомнинг аллақайси йиғилишида обкомнинг фаол аёлларидан бири бувимга:
-Нега сиз доим бошингизга рўмол танғиб юрасиз? Партия ходимига, совет раҳбарига ярашадиган ишми шу?! – дея астойдил зуғм қилиб қолибди. Бу “глобал масала”га бошқаларнинг ҳам эътиборини тортиш учун “либослардаги қолоқлик” мавзусида баҳс бошлабди. Бувим (ўз таъбирлари билан айтганда) “ўша қузғунларга ем бўлмаслик учун” яна бир ёлғон ишлатибдилар: “Мени маъзур тутинглар, бошимда қўтирим бор, шунинг учун ҳам бошяланг юролмайман” дебдилар. Бу гапни эшитгач, обкомдан келган фаолнинг юзлари жирканишдан буришиб кетибди, залдагилар бир муддат анграйиб қолишибди, кейин пичир-пичирлар бошланибди...
У вақтларда мен мактаб ўқувчиси эдим. Катта-ю кичик бирдек “ая” дея мурожаат қиладиган, забардаст, эркаклардек шаҳдли, ўктам, келишган, чиройли бувимнинг ўзларига ўзлари “боши қўтир” деган тамғани уришлари осон бўлмаганини ўша пайтларда унчалик тушунмаганман, лекин кейинроқ юракдан англадим.
Раҳматли бувим ўша вақтларда Москвадаги олий партия мактабини муваффақиятли тамомлаган саноқли ўзбек аёлларидан бири эдилар. Рус адабий тилида жуда чиройли гапирардилар, ижтимоий бўладими, сиёсий бўладими, ҳар қандай масалада манман деган сиёсатчилар билан баҳслашиб қолсалар, ҳақ бўлиб чиқишларини кўрган айрим раҳбарлар: “Агар кийимингизни ўнгласангиз, номзодингизни юқорига тавсия этамиз” дейишаркан. Лекин “қолоқ” бувим кийимларини бир умр “ўнгламадилар”! Бошлари ҳам “қўтир”лигича қолди!
Болалигимни эсласам, устига “Книга для чтения”, “Русский язык” дарсликларининг муқоваси қопланган Ҳафтияк, Ҳадис китоблардан бизга яширинча сабоқ берган; Рамазон кунлари рўзадор эканларини яшириш учун иш столида (эл кўзига) бир чойнак чой қўйиб ўтирадиган бувим ҳақидаги хотиралар жонланади. “Рўмолларини кўксиларига тўсиб юрсинлар” ояти нозил бўлиши биланоқ, ўрагани рўмол топа олмай, дарҳол уст кийимларидан йиртиб, рўмол қилиб ўраб олган саҳобия аёллар ҳақида ҳикоя қилиб берганлари ёдимга тушади.
Муслималардек кийинмаслик учун “карьера”, “илм ёки иш”, “сиёсат” ва ҳоказоларни рўкач қиладиган аёлларни кўрганимда, ўттизга ҳам етмай беваликка дучор бўлиб, айни навқирон ёшида “бошимда қўтирим бор” дея ёлғон баҳона қилиб, иложи борича ёпиқ кийиниб ўтган, “юқорига кўтарилиш”лардан кўра пешонасига танғиб боғланган рўмолини афзал кўрган, фаол раҳбар хотинларнинг бурун жийиришлари ва дашномларига парво қилмай, даҳрийлар салтанатида ўзлигини сақлаб ўтган бувим кўз ўнгимда жонланаверадилар...
Дилфуза КОМИЛ
Манба: Azon.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади