22:50 / 05.08.2018
5 360

«Мусулмонларнинг бунчалик зиёли бўлишини кутмаган эдик»

«Мусулмонларнинг бунчалик зиёли бўлишини кутмаган эдик»
Чет элдан келган олимларни саёҳатга олиб чиқишди. Орамизда бир гуруҳ европаликлар – французлар, белгияликлар, голландлар ҳам бор эди. Ўзбекистондан уч киши эдик. Улар билан гаплашиб қолдик. Француз адабиётидан, Гюго, Бальзак, Дюмалардан гапирдик. Гюгонинг асари номини французчада айтдим: “Les Miserables“. Роман бош қаҳрамони Жанвалжаннинг арзимаган айби билан бутун умри абгор бўлганини айтсам улардан бири, ёши катта аёл менга ажаблангандек қаради.

“Романни бошдан-оёқ ўқиганмисиз?” деб сўради.

“Ҳа, ўқиганман!” дедим.

“Балки ўзингиз қизиқиб ўқигандирсиз?”

Саволдаги маънони англадим. Ҳамма ҳам француз адабиётини ўқийвермаса керак?

“Умуман олганда жаҳон адабиёти – инглизлар, руслар, лотин Америкаси…

“Толстойчи? Достоевскийчи?” сўради ўша француз аёл.

Кейин икки шеригим ҳам қўшилишди. Мендан ёши каттароқ акамиз француз адабиётидан ташқари Толстой асарларини кўп ўқиганини гапириб қолди. Тенгдош ҳамкасбим ҳам чет элда илмий иш қилаётганида инглизча романлар ўқиганидан гапирди.

“Биз микробиология, молекуляр генетика ва биология билан шуғулланамиз, адабиётчиларимиз биздан ҳам кўп ўқийди бундай асарларни!” дедим.

Кейин улардан бири сўраб қолди: “Мусулмонмисизлар?“

“Ҳа“ дедик.

Улардан бири, оппоқ соқолли, олтмишлардаги белгиялик олим: “Мусулмонларнинг бунчалик зиёли бўлишини кутмаган эдик” дея ошкора тан олди. Археолог экан, Жазоирда, яна бир-икки араб мамлакатларида қазишмалар билан шуғулланишган экан. “Араблар унчалик эмас“ дейди. “Мусулмонлар фақат араблар эмасда”, дедик. Ёнимдаги шеригим бу билан қаноатланмади, ўтмишда ўтган буюк алломалардан гапира кетди. Улар унчалик ишонмади. “Википедияни кўринг!” деди. Тоғда бўлганимиз учун интернет яхши ишламади. Кейин мен дедим:

“Бизда тарихан бошқа динларга нисбатан адолат бўлган. Ҳамма дин вакилларига эътиқод борасида босим ўтказилмаган”.

“Черковлар борми?” дея сўради улардан бири.

“Нафақат черковлар, балки синагоглар ҳам бўлган!” дедим.

Улар бу гапларимизга ишонишмади. Ишонтиришга ҳаракат ҳам қилмадим. Шу билан кун қариди, автобусларда ортга қайтдик. Шунда белгиялик тарихчи ёнимга келди. Қўлида телефон.

“Ҳақиқатдан ҳам сизларда черковлар ҳам бор экан!” деб қолди менга. Интернет чиққанида текшириб кўрибди. “Католиклар, православларники...”
Бахтиёр Абдуғафур

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » «Мусулмонларнинг бунчалик зиёли бўлишини кутмаган эдик»