Уйимизда телефон пайдо бўлганида, мен ҳали жуда кичкина эдим. Бунақа аппарат ҳали теварак-атрофдагиларда ҳам йўқ эди. Деворга маҳкамланган ва пардоз берилган бу эски қутини жуда яхши эслайман. Унинг ялтироқ гўшагига етиш учун бўйим анча кичкиналик қиларди, аммо мен онамнинг телефонда суҳбатлашишини мароқ билан тинглардим.
Кейинроқ бу ажойиб қурилманинг қаеридадир “Маълумот беринг, илтимос” номли одам ўтиришини кашф этдим. Ва наздимда, у билмайдиган нарсанинг ўзи йўқ эди. У ҳамманинг телефон рақамларидан тортиб, тўғри вақтгача айтиб бера оларди.
Мазкур “банка ичидаги жин” билан илк мулоқотим онам қўшниникига чиқиб кетганида юз берди. Ертўладаги асбоб-ускуналар дастгоҳи ёнида ўзимни овунтириб ўтирганимда бармоғимни болға билан уриб олдим. Оғриқ кучли эди, аммо йиғлашдан ҳам бирон маъни кўрмадим, чунки барибир уйда менга ҳамдард бўлувчи ҳеч ким йўқ эди.
Мен оғриқдан лўқиллаётган бармоғимни сўрганча уй бўйлаб юра бошладим ва охири зина ёнига келдим.
Бирдан телефон ёдимга тушди! Дарҳол катта хонадаги табуретка ёнига чопиб бордим ва уни судраб телефон турган жойга олиб келдим. Курсининг устига чиқиб, гўшакни жойидан чиқариб олдим ва қулоғимга тутдим. Сўнг шундоққина бошим устида турган ускуна микрофонига юзланиб, “Маълумот беринг, илтимос!” дедим. Тугмачани бир-икки босганимдан сўнг қулоғимга аёл кишининг ингичка ва тиниқ овози эшитилди:
“Сизни эшитаман!”
— Бармоғимни уриб олдим… — йиғлагудек бўлиб арз қилдим мен телефонга. Энди мени эшитадиган кимдир борлигиданми, кўзимга ёш тўлди. «Ойинг уйда эмасми?» деган савол эшитилди гўшакдан.
— Уйда ҳеч ким йўқ, ўзимман, — йиғладим мен.
“Қўлинг қонаяптими?”
— Йўқ — жавоб бердим яна. — Қўлимни болға билан уриб олдим, шунга оғрияпти.
“Музхонани оча оласанми?” — сўради у. Мен оча олишимни айтдим.
“Муздан озгина кўчириб ол-да, уни бармоғингга қўй”, — деган овоз келди.
Шундан сўнг мен бу “танишим”га телефон қилиб, ҳамма нарса ҳақида сўрайдиган бўлдим. Бир сафар ундан география фанидан ёрдам беришини сўрадим ва у Филадельфия қаерда жойлашганини айтиб берди. Яна бир сафар математикадан уй ишини бажаришимга ёрдамлашди. Бир кун олдин хиёбондан топиб олган оласичқоним мева ва ёнғоқ ейиши мумкинлигини ҳам у айтди. Жажжи канарейкамиз Пити ўлиб қолганида, «Маълумот беринг, илтимос»га телефон қилиб, бу қушимиз ҳақидаги ғамгин ҳикоямни сўзлаб бердим. У ҳикоямни эшитгач, менга болаларни овутиш учун катталар айтадиган оддий сўзлар билан таскин берди. Аммо мен юпанмадим ва ундан сўрадим:
— Нега шундай чиройли куйлаб, барча хонадонларга қувонч бахш этувчи қушлар ўлиши билан қафас ичидаги бир тутам патга айланишлари керак?
Менинг қаттиқ изтироб чекаётганимни у сезган бўлиши керак эди. Шундай бўлса-да, унинг осойишта овозини эшитдим:
“Пол, доим ёдингда бўлсин, куйлаш мумкин бўлган бошқа оламлар ҳам бор”.
Бу гапдан сўнг негадир ўзимни анча енгил ҳис қилдим. Бошқа бир куни яна телефонни кўтардим:
— Маълумот беринг, илтимос!
“Эшитаман!” — жавоб қилди таниш овоз.
— “Тузатиш” сўзини қандай талаффуз қиласиз? — сўрадим мен.
Буларнинг барчаси Тинч океани шимоли-ғарбидаги кичкинагина шаҳарчада бўлиб ўтаётган воқеалар эди. Мен тўққиз ёшга кирганимда, биз мамлакатдаги бошқа шаҳар — Бостонга кўчиб ўтдик. Эски қадрдонимни жуда соғинардим. Негадир “Маълумот беринг, илтимос” деювчи овоз соҳибаси жойлашган олдинги уйимиздаги ёғоч қутини кейинги хонадонимиздаги столдан жой олган баланд, ялтироқ янги телефонга сира ўхшата олмасдим. Ўсмирлик чоғимда ҳам болалигимдан ёрқин хотира бўлиб қолган бу суҳбатлар ёди мени асло тарк этмади. Шубҳали ва қийин вазиятларда айни шу қўнғироқлар туфайли энди ўзимни хавфсиз ҳис этаётганимни сезардим. Кичкинагина бир болани тинглаш бобида бу аёл қанчалар сабрли, тушунувчан ва меҳрибон бўла олганини ҳозир жуда яхши англайман ва унинг қаноатига таҳсинлар айтаман.
Бир неча йил ўтиб, ғарбдаги коллежга кетаётганимда, мен учаётган самолёт йўл-йўлакай Сиэтлда қўниб, у ердан бошқа рейсга алмашадиган бўлдим. Кейинги самолётга ўтиргунимча бир ярим соат вақтим бор эди. Мен ўн беш дақиқача вақтимни айни пайтда шу шаҳарда яшаётган опам билан суҳбатлашиб ўтказдим. Кейин эса нима қилаётганимни ўйлаб ҳам ўтирмай, она шаҳримдаги оператор рақамини тердим ва “Маълумот беринг, илтимос!” дея мурожаат қилдим. Бу не мўъжизаки, мен ўзим жуда яхши биладиган ўша аёлнинг ингичка ва тиниқ овозини эшитдим! Бу суҳбат ҳақида ўйламагандим, аммо тилимга ўзим ҳам кутмаган ҳолда шу сўзлар келди: “Илтимос, менга “тузатиш” сўзи қандай талаффуз қилинишини айта оласизми?”
Гўшакдан бир муддат овоз эшитилмади. Кейин эса мулойим оҳангдаги жавоб янгради: “Тахминимча, шу вақтгача бармоғинг тузалиб кетган бўлиши керак…”
Мен кулдим.
— Шундай қилиб, бу ҳалиям аниқ сиз эканлигингизни билдим! — дедим сўнг. — Қизиқ, мен учун гапларингиз қанчалар аҳамиятли бўлганини ҳеч хаёлингизга келтирганмисиз?
“Қизиқ, — деди у ҳам, — сен ҳам қўнғироқларинг мен учун қанчалар аҳамиятли бўлганини билганмикинсан? Мен умуман фарзанд кўрмаганман, шу сабабми, қўнғироқларингни кутиб яшашдан бахтиёр эдим”.
Мен ўтган йиллар давомида уни тез-тез эслаганимни айтдим ва опамникига келганимда яна телефон қилишга рухсат сўрадим. “Албатта, қўнғироқ қилавер, — деди у, — Сэлли деб сўрасанг, кифоя”.
Уч ойдан сўнг Сиэтлга қайтдим. Аммо бу сафар операторга қўнғироқ қилганимда, бошқа овоз жавоб берди. Мен Сэллини сўрадим.
“Унинг дўстимисиз?” — сўради маълумот берувчи аёл.
“Ҳа, жуда қадрдон дўстиман”, — жавоб қилдим мен.
“Сизга буни айтишдан қаттиқ афсусдаман, — деди аёл, — охирги йилларда у тўлиқсиз иш кунида ишлаётганди, чунки касал эди. Беш ҳафта олдин у вафот этди…”
Гўшакни қўяётганимда суҳбатдошим сўраб қолди: “Бир дақиқа, сизнинг исмингиз Полми?”
“Ҳа”.
“Яхши, унда сизга Сэлли хабар қолдириб кетган. У телефон қилиб қолишингиз мумкинлигини ўйлаб шундай қилганди. Бу хабарни сизга ўқиб беришимга рухсат берсангиз. Бу ерда шундай ёзилган: “Унга айтингки, мен ҳалиям куйлаш учун бошқа оламлар бор, дейман. У нима демоқчилигимни ўзи билиб олади”.
Мен аёлга раҳмат айтиб, гўшакни жойига қўйдим. Ҳа, Сэлли нима демоқчи бўлганини тушунгандим. Бошқаларда қолдиришингиз мумкин бўлган таассуротларингизни ҳеч қачон камситманг. Бу билан сиздан шуни сўрамоқчиманки, инсон бошқа кимнингдир ҳаётида қанча ўзгаришлар қила олиши мумкинлиги ёдингизда турсин!
Инглиз тилидан Муҳаббат ШАРИФОВА таржимаси
Манба: Azon.uz “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади