Онам Россияда туғилиб ўсган бўлса-да, ўзбек йигити билан танишиб қолиб турмуш қуришган. Мен беш ёшга тўлганимда отам ўз юртига оиласини олиб қайтишга қарор қилади. Оилада тўрт фарзанд – опам ва иккита укам билан болаликнинг беғубор, замоннинг оғир дамларини кемтик кўнгил билан бирга кечирдик. Сабаби, онам отамни деб Ўзбекистонга келганига қарамай, онам билан ажрашди.
Онамнинг эса бу юртда биздан бошқа ҳеч кими йўқ эди. Онам ёлғиз, биз ярим кўнгил бўлиб улғайдик. Мактабни тамомлагач Қарши шаҳридаги педогогика техникумнинг тарбиячилик йўналишига ўқишга кирдим. Аммо отам бизни ташлаб қўйганлиги боис иқтисодий жиҳатдан қийналиб ўқишни тамомлай олмадим. Онам рўзғорнинг юкини бир ўзи тортишга қийналиб, биз қизларни 17 ёшдан турмушга беришга мажбур бўлди. Олам-олам орзулар билан келган остонамдан, афсуски, рўшнолик кўрмадим.
Турмуш ўртоғим баджаҳл, золим инсон бўлиб чиқди. Бирор оғиз ширин сўз айтмас, кичик бир хатолик ўтса-ўтмаса баҳона топиб гавронини кўтариб турарди. Бир сафар ҳомиладор ҳолимга қарамасдан “юр, уйингга олиб бораман”, деб алдаб, чўл-адирликка олиб бориб ўлдирмоқчи ҳам бўлди. Жоним тош экан, барзангидек қўлида бўғилсамда омон қолдим. Ҳеч бир банда мендек хорлик кўрмасин. Эримдан қанча зада бўлмай, ўзим отасиз ўсганлигим боис фарзандларимни ота меҳридан айргим келмай, барча қийноқларга чидаб яшадим. Минг афсус ўша кунларимга...
Азиз опа-сингиллар, турмушга чиқар бўлсангиз ёки қиз чиқарар бўлсангиз суриштириб, феъл-атворини билиб кейин бир қарорга келинг. Чунки шошма-шошарлик билан чиқарилган қарор бутун умрингизни азоблар исканжасида ўтказишга сабаб бўларкан.
Тўрт фарзандни дунёга келтириб ҳам аёллик бахтини ҳис этмадим. Турмушга чиққанимда қўлимда тайинли касб-ҳунарим бўлмагани учун фаррош бўлиб ишладим. Болаларимни ҳалол едириб-ичирдим. Бировдан кам қилмасликка ҳаракат қилдим.
Ўзим турмушнинг муштларида эзилганим етмагандек катта фарзандим икки нафар фарзанди билан биринчи турмишидан ялчимади. Яна бир фарзандим Тошкентдаги олий ўқув юртларидан бирига кириб, не-не орзу-умидлар билан ўқиди.
Ўқишни тамаомлаб, ишлаб рўзғоримизга рўшнолик олиб киришни истарди. Аммо тамомлашига бир йил қолганда соғлигини йўқотиб қайтиб келди. Унинг дардини ўйлаб минг ўлиб-тирилдим. Дардини берган Эгам шифосини ҳам берар экан, болам тузалиб кетди. Орадан йиллар ўтар, аммо оиламдаги жанжаллар, эримнинг зуғумлари барҳам топмасди.
Фарзандларимнинг орасида ўзгача меҳр қўйган болам – Маҳкамим бугун орамизда йўқ. Техникумни тугатганидан сўнг йигитлик бурчини ўтаб қайтган ўғлим 25 ёшида мудҳиш ишга қўл урди. Маҳкам ҳам оиламиздаги ҳар кунги жанжаллардан безиб кетганди.
Кунларнинг бирида отаси билан айтишиб қолди. Даҳанаки жанг муштлашувга айланди. Охир-оқибат... ўғил ўз отасининг ўлимига сабабчи бўлди. Жаҳл чиққанда ақл кетар деганларидек, қилаётган ишинг оқибатини ўйламай ўзини идора қилолмаган ўғлим падаркушга айланди.
Аввал тергов, кейин суд... Ўғлимни узоқ йилга озодликдан маҳрум қилишди. Минг қилса-да, фарзанд экан. Панжарали машина олиб кетишаётганда, дод солиб, ерга йиқилиб қолдим. Қандай уйга олиб кетишганини билмайман.
Гарчи ўз отасига тиғ кўтарган бўлса ҳам, жиноятчи, қотил бўлса ҳам, бир куни қайтиб келар, муштипар онасини ўзи тепкилаб-тепкилаб тупроққа топширар, деган илинжда кун санаб юрардим. Аммо, ўғлимни озодликда кўриш насиб қилмаган экан. Жазони ўташ муддатига тўққиз йил тўлганда қамоқда жон берди, болам. Қамоқхона азобларига чидолмадими ё виждон азобигами, билмадим. Ҳаётга келиб меҳр ўрнига қаҳрни ҳис этиб улғайган болам гул умрини гўшангада эмас, зах турмада ўтказди. Баридан ўлиб қутилди.
Онани яратмасин экан. Аёл бўлиб чеккан уқубатларим бу куюкнинг, фарзанд доғининг олдида ҳеч не бўлмай қолди. Балки мендан хато ўтгандир, қатъият етишмагандир. Вақтида шу инсон билан турмуш йўлларимизни айро қилганимда шу ишлар бўлмасмиди?! Умрим ғурбатда ўтмасмиди?! Болам падаркуш бўлмасмиди?! Азизлар ҳеч кимнинг тақдири менинг тақдиримга ўхшамасин. Ҳеч бир аёл мен каби бахти қаро бўлмасин.
Галина Хабирова, Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани
Манба: Darakchi.uz “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади