00:28 / 17.10.2018
7 725

Мунажжимлар башорати: 17 октябрь куни юлдузлар сизга нималарни ваъда қилмоқда?

Мунажжимлар башорати: 17 октябрь куни юлдузлар сизга нималарни ваъда қилмоқда?
ҚЎЙ (21. 03 — 20. 04)

17 октябрда ишхонангизда юмушларни астойдил адо этишга тап-тайёр бўласиз. Шахсий ҳаёт ҳам сиздан қочиб қутула олмайди. Бу масалада шиддат билан қатъий қарорлар чиқарасиз. Агар шундай кайфиятда интилишларни давом эттира олсангиз, куннинг иккинчи ярмига бориб молиявий муаммоларни ҳам ўз фойдангизга дўндира оласиз. Асосийси, жанжалли давралар ва вазиятлардан қочинг. Сизни кўра олмайдиган баъзи ичи қора қўшнилар кимлар биландир орангизни бузиб катта жанжал чиқаришга ҳаракат қилиб кўришлари ҳам эҳтимолдан холи эмас.

БУЗОҚ (21. 04 — 21. 05)

Бугунги кунингиз худо хоҳласа омадли кечади. Қуёш фақат сизнинг бошингизга нур сочади. Кимлардир маслаҳат берса, лаббай деб жавоб беринг. Ширин суҳбатлар қуришга чорлаганларнинг таклифларини инкор қилманг. Чунки ҳақиқий дўстлар ана шундай суҳбатлар орқали танланади. Кечқурун уйдагиларингиз учун ёқимли харидларни амалга оширишингиз кутилади. Олис сафарга отланиш истагида бўлсангиз, марҳамат, йўлга чиқинг. Бу сафар сизга молиявий манфаат ҳам келтиради.

ЭГИЗАКЛАР (22. 05 — 21. 06)

17 октябр куни эрталаб севимли хоббингизни эслаб қоласиз. Бу бекорга эмас. Хобби сизга тонгдаёқ янги куч-қувват ато этиши мумкин. Бугун тоза ҳавода узоқ вақт сайр қилиш, танани чиниқтиришга йўналтирилган муолажалар ва дўстлар билан суҳбат қуриш хайрли кечади. Гардеробингизни ҳам бир кўздан кечириб қўйишни унутманг. Ҳар ҳолда қиш яқин. Балки янги иссиқ кийимлар сотиб олишингиз керакдир?

ҚИСҚИЧБАҚА (22. 06 — 23. 07)

Ишда ишончли йўналишни танлангки, жиддий хатоларга йўл қўймайдиган бўлинг. Йўл-йўлакай кимдир сизни ранжитса, кўнгилга яқин олманг. У дилозорни худога солинг, вассалом. Зинҳор бир жойда узоқ туриб қолманг. Замон билан ҳамнафас ҳолатда ҳаракатлар содир этинг. Муҳаббатда бугун оиласизларнинг омади келади. Кимдир сизни учрашувга таклиф этиши мумкин. Албатта боринг.

АРСЛОН (24. 07 — 23. 08)

17 октябр куни иш масаласида шошма-шошарликка йўл қўймаслигингиз тавсия қилинади. Акс ҳолда бу иш сизга фақат кўнгилсизликлар ва молиявий инқироз олиб келади. Яқин манзилга сафар қилиш зарурати туғилса, майда-чуйда ишларни бажаришдан бўйин товламанг. Бир сўз билан айтганда бугун қанча кўп ҳаракат қилсангиз, шунча ўзингизга яхши бўлади. Ҳар қандай турдаги касалликлар сизни четлаб ўтади. Демак, спорт билан шуғулланишдан бош тортмасангиз ҳам бўлади.

ПАРИЗОД (24. 08 — 23. 09)

Ҳар бир дақиқани қадрлашингиз талаб этилади. Чунки қимматбаҳо вақт ортга қайтмайди. Зерикарли, деярли наф келтирмайдиган ишларга эътибор қаратиб овора бўлманг. Бугун янги уйга кўчиб ўтиш, уй анжомларини харид қилиш ва уй таъмири муваффақиятли кечади. Агар моддий аҳволингиз кўтарса, янги мебеллар сотиб олишингиз мумкин. Хуллас, пулни уй учун, ўзингиз учун тежаб ўтирманг. Кечқурун тоза ҳавода сайр қилинг. Асабни асранг. Асабни ҳам ортга қайтариб ёки қайта тиклаб бўлмайди.

ТАРОЗИ (24. 09 — 23. 10)

17 октябрда тарозининг палласини тенг ушлаган ҳолда ҳаракатлар содир этинг. Зиммангиздаги вазифаларни эртанги кун учун қолдириш ҳақида ўйлаб ҳам кўрманг. Шунда сизни шон-шуҳрат ҳам, моддий тўкинлик ҳам четлаб ўтмайди. Иш жойингизда бугун ҳақиқий истеъдодингизни барчага намойиш этиш учун қулай имкониятлар туғилади. Имкониятларни қўлдан бой берманг.

ЧАЁН (24. 10 — 22. 11)

Бугун одатдагидан ҳам мўлроқ даромад олишингиз кутилмоқда. Ҳамкасбларингиз сизни хазина топибди деб ўйлашлари табиий ҳол. Ўйлашса-ўйлайверишсин. Сиз олға интилаверинг. Обрўли, пулдор шахслар билан баҳслашишни хаёлингизга ҳам келтирманг. Бир кун келиб ўшаларга ишингиз тушиб қолиши мумкин. Шахсий ҳаётда эса жуфтингизга етакчилик қилишга интилишингиз ёқиб тушмаслиги мумкин. Жимгина етакчиликни унинг қўлига топширинг-у, сукут сақланг.

ЎҚОТАР (23. 11 — 21. 12)

17 октябр куни кўпчилик ўзидан кўнгли тўлмай, асабийлашиши мумкин. Айниқса, ташқи кўринишингиз сизга сира ёқмай кетаверади. Унда ташқи кўринишингизга эътибор қаратинг. Янги кийимлар сотиб олинг. Пулингиз етса, аёл бўлсангиз, стилистга мурожаат этсангиз ҳам зиён қилмайди. Оила қуришга улгурмаганлар куннинг иккинчи ярмида идеалидаги инсонни учратиб қолиши эҳтимолга яқин. У билан муносабатларни қандай тартибда мустаҳкамлаш ўзингизга боғлиқ.

ТОҒ ЭЧКИСИ (22. 12 — 20. 01)

Тадбиркорлар бугун куннинг биринчи ярмида янги ҳамкорлар билан узоқ муддатли шартнома имзолашлари мумкин. Тадбиркор бўлмаганларнинг айримлари эса юқори лавозимга тайинланиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Шахсий тижоратига эга дўстларимизнинг аксарияти бугун бир ойлик даромадни топиб, катмонларини қаппайтиришлари ҳақиқатга яқин. Шахсий ҳаётда қариндошлардан бири билан жанжаллашиб қолишингиз кутилади. Бу рўзғордаги қайсидир жиҳознинг бузилиб қолиши билан боғлиқ бўлиши мумкин.

ҚОВҒА (21. 01 — 19. 02)

17 октябрда қовға буржи остида таваллуд топганлар ҳамкасбларидан фарқли ўлароқ ўз муаммоларини ўзлари ўз куч-имкониятларига суянган ҳолда бартараф этишади. Миянгизга келган янги ғоялар билан ҳатто раҳбариятни ҳам ҳайратдан ёқа ушлашга мажбур этасиз. Шахсий ҳаётда эса аксинча, кузатувчи ролини бажаришга мажбурсиз. Йўқса, жанжаллар домида қолиб кетишингиз ҳеч гап эмас. Унутманг, бугун оилангиздагилар сиздан молиявий муваффақиятларни кутиб қолишади. Бўшашманг.

БАЛИҚ (20. 02 — 20. 03)

Бугун моддий аҳволингиз кўнгилдагидек кечмаслиги мумкин. Айнан шу муаммо сизни депрессия ҳолатига тушириб қўйиши эҳтимолга яқин. Албатта, ҳаракатингизни қилсангиз, интилсангиз, олға босишдан чўчимасангиз, бу муаммони ҳам ижобий ҳал этишингиз турган гап. Жуда бўлмаса, пулдор танишлардан бирига қўнғироқ қиласиз. Оила қурмаган бўлсангиз, бугун романтик учрашувга таклиф қилишса, бош тортманг.

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Мунажжимлар башорати: 17 октябрь куни юлдузлар сизга нималарни ваъда қилмоқда?