06:58 / 13.11.2018
5 241

Балиқнинг қайси тури энг фойдали эканлиги маълум қилинди

Балиқнинг қайси тури энг фойдали эканлиги маълум қилинди
Балиқ инсон организмини тозаловчи, суяк ва тишларни мустаҳкамловчи шифобахш таом сифатида қадимдан севиб истеъмол қилинади. Айниқса, тез ҳазм бўлиши ва парҳезбоплиги балиқнинг қийматини янада оширади. Балиқ гўшти таркибида жуда кўп витамин ва микроэлементлар сақланиши туфайли биологик қиймати ҳам мол ва қўй гўштидан юқори туради. Балиқ гўштининг 100 граммида инсон саломатлиги учун керак бўладиган бир кунлик — 0,2 миллиграмм йод сақланади.

Ўзида оқсил, витамин, минераллар, айниқса, темир, йод, магний, фосфор, руҳни сақлаган бу жонзот гўштини кўп енг, сабаби балиқ одамни семиртирмай, организмга керакли қувватни бера олади. Балиқдан кўплаб фойдали моддалар, шунингдек организм учун зарур бўлган Омега - 3 ёғ кислоталари мавжуд. Улар қуйидаги фойдали хусусиятларга эга.

Фото: Allday

Шунингдек, балиқни истеъмол қилиш бир қанча касалликларга кони фойда ҳисобланади: юрак касалликлари хавфини камайтиради, кўриш қобилиятини яхшилайди, уйқуни яхшилайди, ревмотоид артритни енгиллаштиради, холестерин даражасини камайтиради, модда алмашинувини тезлаштиради, қон босимини пасайтиради, неврологик касалликларда, эркакларда жинсий қувватни оширади, жигар учун фойдали ҳисобланади.

Балиқни болаларга ҳафтада 2 марта тайёрлаб берсангиз, рахит, кариэс, соч тўкилиши, буқоқ дардларидан асрайсиз.

Одатда, дарё балиғини қовуриб истеъмол қиламиз. Аммо бунда юрак ва томирларга қанча зарар боришини биласизми? Бу кўринишда балиқ нафсни сийлагани қолади. Организмга фойда бериши учун бугундан бошлаб балиқни зираворлар қўшиб қайнатма шўрвага солиб, ёки газ печида пишириб, котлет тайёрлаб ейишга ўрганинг. Аммо қовурма балиққа кўнгил кетаверса, зайтун мойида енгил қовуриб, димлаб қўйган маъқул, витамин-минераллари сақланиб, танга дармон бўлади.

Балиқ олаётганингизда аввало уни танлай билиш лозим, янги тутилган, сархил балиқнинг эт қисми оқ ёки нимпушти, турига қараб қизил рангда бўлади. Балиқ танлаганда бармоқ билан танасига босиб кўринг, эзганда худди резинка сингари ўз ҳолига дарров қайтса, у янги. Яна ҳидига ҳам аҳамият беринг, ўткир ҳидли, гўшти яшил ёки сарғиш бўлса, яқинлашманг. Совутгичда хом балиқ 3 кун, музхонада бир неча ойгача бемалол сақланиши мумкин.

Балиқнинг гўштидан ташқари унинг мойи ҳам организм учун кони фойда ҳисобланади.

Балиқ мойидаги D витамини организмга кальций ва фосфорнинг ўзлашишини фаоллаштиради. D витаминисиз кальцийга бой маҳсулотлар ҳам фойдасиз бўлади. Айниқса, қиш мавсумида. Чунки D витамини қуёш нури таъсирида организмга синтезлашади. Бундан ташқари, D витамини асаб системасини тинчлантиради ва тутқаноқ тутиб қолишидан асрайди.

Фото: Pixabay

Балиқ мойидаги ретинол йиринглаган ярани даволайди.

Ретинол — А витамини кўз, шилимшиқ безлар, шиллиқ пардалар, тери қоплами, соч илдизи, тирноқ қатлами ва жароҳатли органлар учун тенгсиз шифобахш элементдир. Маълумки, юқорида келтирилган организмларда А витамини етишмаслиги оқибатида қуруқлашиш, ёрилиш, яллиғланиш ва пўст ташлаш ҳолатлари кузатилади. Бу ҳолатдан қутулиш учун эса сизга балиқ мойи ёрдам беради. Ҳаттоки газаклаган, йиринглаган жароҳатни даволаш учун ҳам бу мойдан фойдаланиш мумкин. У йирингни тозалаб, жароҳатнинг тез битишига ёрдам беради.

Соч ва тирноқларни ўз ҳолига қайтариш учун ҳам балиқ мойидан фойдаланиш мумкин. Бунинг учун ундан ҳар куни 1 маҳал, ухлашдан олдин соч ва тирноқларингизга ниқоб тортсангиз, кифоя.

А провитаминининг ёрдами билан танадаги аллергияни ҳам даф қилиш мумкин. Бунинг учун аллергия тошмаларига балиқ мойи суртсангиз, ундан халос бўласиз.

Балиқ мойи оздирувчи ва ёшартириш хусусиятига ҳам эга.

Яқинда олимлар балиқ мойининг ортиқча вазндан халос этиш қудратига эгалигини аниқлашди. Бу эса унинг баҳосини янада кўтарди. Бунинг учун 2-3 ой давомида ҳар кеча ухлашдан олдин балиқ мойидан 1 чой қошиқча ёки дорихоналардаги капсулалардан 1 донадан ичиб ётсангиз, кифоя.

Бундан ташқари, балиқ мойи ёшартирувчи ва сурункали касалликларни даф қилувчи модда сифатида қадрланади.

Фото: Pixabay

Куз-қиш мавсумида бу дармондорини овқат пайти ёки ундан кейин, бир ёшли болага 1 чой қошиқдан, мактаб ёшидаги болалар эса кунига бир маҳал бир ош қошиқдан қабул қилиши мумкин. Ҳозирда балиқ мойи фойдаланишга қулай капсула кўринишида ҳам ишлаб чиқарилмоқда. Шиша идишдаги ва капсуладаги мойнинг таркиби бир хил. Балиқ мойини тўхтовсиз 4 ҳафта қабул қилиб, кейин орада икки ҳафта танаффус қилинади. Чунки балиқ ўзида шунча дармондори сақлаш баробарида одам соғлиғи учун зарарли симоб каби моддаларни ҳам йиғиб бориши мумкин. Шунинг учун, балиқ ёки унинг мойини узлуксиз бир ой еб, кейин бироз дам олиш керак. Шу тариқа болалар ва кексаларга уни сентябрь ойидан май ойига қадар бериб боришингиз мумкин.

Балиқ қуйидаги касалликлари бор инсонларга тавсия этилмайди.

Аллергик хасталиклар, қонда кальций даражаси юқори бўлган одамларга, буйраги тез-тез оғрийдиган беморларга, ўпка силида балиқ унчалик тавсия этилмайди.

Балиқнинг боши ёки кўзини ейиш мумкинми?

Кўплар балиқ бошини ейишга иштиёқманд бўлади. Баъзилар эса бунга жазм қилолмайди. Албатта, балиқ бошида худди танаси каби фойдали дармондорилар бор. Лекин балиқ ўзига тез гижжа илғаб олишини ҳам инобатга олиш керак. Гижжанинг аксарият қисми айнан бошда тўпланади. Шунинг учун балиқ бошини емоқчи бўлсангиз, қовуришдан аввал, тузли сувда обдон ивитиб, сувда 1 соат қайнатиб, кейин қовуриш кераклигини ёдда тутинг. Худди шу нарса балиқнинг кўзига тегишли.

Балиқнинг қайси тури энг фойдали ҳисобланади?

Бизда асосан дарё балиғи истеъмолда бўлгани учун - зоғорабалиқ (сазан), илонбалиқ, лаққабалиқ, олабуға, чўртанбалиқ, бакра, палтус, товонбалиқ гўштини ейиш тавсия этилади. Айниқса, юрак-қон томир касалликлари, инсультдан кейинги давр, қонда холестерин даражаси кўтарилганда, камқонлик, суяк синишлари, беҳоллик ва жисмоний зўриқишда, невроз, жинсий заифликда, буқоқ, тери касалликлари (айниқса тери қуруқлашиб, пўст ташлаганда), подагра ва ревматизмда, кўриш қобилияти пасайганда бу жонзотнинг гўшти кони фойдадир. Денгиз балиғини эса консерва ёки маринадланган, тузланган ёки дудланган кўринишдаги истеъмоли организмга унча фойда қилмайди.

Балиқ истеъмол қилишнинг минимал меъёр миқдори бир йилда бир киши учун 12 килограммни ташкил қилади. Республикада 32 миллиондан зиёд аҳолининг балиқ истеъмол қилиш меъёри 384 минг тоннани ташкил этади.

Манба: Xabardor.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Балиқнинг қайси тури энг фойдали эканлиги маълум қилинди