06:56 / 04.01.2019
3 930

Икки хил дунё амалдорларининг фарқи

Икки хил дунё амалдорларининг фарқи
Бошқа дунё
Яқинда янги ишга жойлашиш учун йирик компаниялардан бирининг бош офисига суҳбатга боришимга тўғри келди. Тўлиқ тасаввур ҳосил бўлиши учун айтаман: у компания АҚШдаги энг йирик 15 компаниядан бири, йиллик умумий даромади 140 миллиард доллардан ошиқ. (Таққослаб кўринг, Ўзбекистоннинг ЯИМи (ялпи ички маҳсулоти) 48 миллиард доллар.)

Мен билан суҳбат бўлаётганида, шу компаниянинг CEO'си (бош ижрочи директори) келиб қолди. Унга салом бергандим, кимлигимни сўради, ишга кириш учун янги номзодлигимни билгач, ишдан қўрқмаслигимни айтиб, руҳлантирди, омад тилади. Исмини кўрган бўлсам-да, CEО эканлигини хаёлимга ҳам келтирмаган эдим. Ходимлар билан жуда самимий, оддий сўрашди, байрам билан табриклади, ходимлар ҳам унга ҳазил-ҳузул қилиб табриклашди. Хуллас, уни танимаган одам оддий, ҳамма қатори ходимлардан бири деб ўйлайди. Менга ҳам чиқиб кетганидан кейин унинг CEО эканлигини айтишди. (Унинг йиллик маоши 8,5 миллион доллар.)

Бизнинг дунё
Бу воқеа менга анча вақт аввал содир бўлган бошқа бир воқеани эслатиб юборди.

Ишхонамизга йирик амалдорлардан бирининг ташрифи кутилаётган эди. Кўп раҳбарлар жам бўлган. Биз ёшлар ўзбекчилик одатимизга кўра хизматдамиз. Шунда кичик раҳбарлардан бири катта бир амалдорнинг костюмини қўлимга тутқазиб, ушлаб туришимни сўради. Бироз вақтдан кейин ўша амалдорнинг ўзи ёнимдан ўтиб қолди ва мен унга салом бердим. Аммо у саломимга алик олиш ўрнига мендан "Бу кимнинг костюми?" – деб сўради, мен албатта костюм уникилигини айтдим. Шунда амалдор костюмни берган одамга қараб "Нормалний"роқ одамга берсанг бўлмасмиди?" – деди. ("Нормалний" одам деганда, лавозими юқорироқ одамни назарда тутди.)

P.S. Бизнинг дунёдаги амалдорнинг бойлиги бошқа дунёдаги ҳамкасбидан бир неча юз баробар кам эканлигини қаранг-у, уларнинг ўзини тутишини кўринг. Балки кибрга берилмасликни, осмонга чиқиб кетмасликни бошқа дунёдан ўргансак бўлар. Гарчи бир вақтлар "Биз юлдуз санаган вақтимизда, баъзиларнинг ота-боболари оёғига латта боғлаб юришган" бўлса ҳам, ҳозирги даврда улар ахлоқий жиҳатдан ҳам биздан ўтиб кетишмадимикан?!.
Ҳамидулла ЗИЁЕВ

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Икки хил дунё амалдорларининг фарқи