00:41 / 17.01.2019
5 481

“Мен Аллоҳдан сўрадим, сиздан эмас”

“Мен Аллоҳдан сўрадим, сиздан эмас”
Саудиядаги муаллималардан бири ҳикоя қилади:
– Мактаб (мадраса)лардан бирида ички таомхона – дўконни юритар эдим. Муаллималар, ўқувчи қизлар кундалик еб-ичиш, қоғоз-қаламларни шу ердан харид қилишар эди.

Бир куни одатимга кўра, катта танаффусдан сўнг тўпланган чақа пулларни санаб, дўконга олиш керак бўлган нарсаларни бир қоғозга қайд этиб чиқаётган эдим. Ёнимда бир фаррош опа атрофни тозалаб юрар эди. Бу аёл бир этак етим болаларини боқиш учун тинмай меҳнат қиладиган бечораҳол аёл эди.

Ёнимдан ўтар экан, чақа пулларни кўрсатиб кулиб:
– Умму Фалончи, шу бир риёлликлар беш юз риёлликка айланиб қолса! – дедим (Саудияда энг катта пул бирлиги беш юз риёллик пул).
– Аллоҳу акбар! – деди у.
– Тасаввур қилинг, ўшалар сизда бўлиб қолса! – дедим яна.
– Э Аллоҳ, ўзингнинг фазлинг! – деди.
Мен яна:
– Хўп, нима қилган бўлардингиз бу пулларни? – дедим.
У дарҳол:
– Ўзимга, етимларимга бошпана бўлгулик уй сотиб олардим, ижарада туриш азобидан қутулардим, – деди.
– Эҳ-ҳе, қаёқда! – дедим мен уни бу етиб бўлмас хаёлпарастликдан воқеликка тушириш учун. – Қўли узунларнинг ҳаммасида ҳам шахсий уйлар йўғу... бошқаларга йўл бўлсин...

У менга ишончли, кучли нигоҳини тикиб:
– Мен Аллоҳдан сўрадим, сиздан эмас, – деди. – Мен манави етти қават осмонни кўтариб қўйган Зотдан сўрадим.

Жавоби мени сукутга чўмдирди. Иш тугаб, дўконни ёпиб уйга қайтдим. Асрдан сўнг қизчаларимни олиб, онамникига бордим. Онам мен борганда телефон билан машғул, гоҳ у, гоҳ бу аёл билан гаплашар эдилар.
– Нима гап, ойи? – дедим.
– Фалончи эридан ажрашиб, тул қолган эди. Маблағ тўплаб, уй олиб берайлик деган эдик. Маблағ ҳам тўпладик, уй ҳам олдик. Лекин ундан ҳам яхши хабар – эри билан ярашиб, уйига қайтибди. Энди пул тўплашга ҳисса қўшган қариндошлар билан маслаҳатлашиб ўтирибман. Ҳамма пул берганлар "Аллоҳ учун, кўнгилдан чиқариб берганмиз, бир муҳтожга, яхши бир жойга сарф этилсин" деб ётишибди. Нима қилсак экан... – дедилар онам ўйланиб.

Хаёлимга ярқ этиб хизматчи аёл, унинг айтган сўзлари келди!
Онамга бўлган воқеани сўзлаб бериб, шароитини тушунтирдим.
Онам қайта телефон қила бошлади. Уларнинг барчасининг фикри шу фаррош аёлга уйни тортиқ қилиш бўпти!

Муаллима ҳикоясини тугатар экан, шундай дейди:
– Субҳаналлоҳ... Ўзим иштирок этган бу воқеа мен учун катта дарс бўлган эди. Аллоҳ таолога қаттиқ ишонч, унга чин боғланишнинг жонли намунасига гувоҳ бўлган эдим. Эрталаб хаёлпарастлигидан кулганим аёлни кечқурун етаклаб, уйни унинг номига ўтказиш ишларини бажариб юрар эдим. Лаа илааҳа иллаллоҳ.

Қалбнинг Аллоҳга чин боғланиши нақадар ажойиб, нақадар шукуҳли. Шу билан бирга нақадар қийин. Қалбдан ўзгага бўлган боғланишни олиб ташлагандагина, сабабларга фақат сабаб назари билан қарагандагина хосил бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизни қалбни чин боғлайдиганлардан, ҳақиқий таваккул қиладиганлардан қилсин.

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » “Мен Аллоҳдан сўрадим, сиздан эмас”