13:20 / 18.01.2019
5 424

Ақалли бир марта ўқинг: Ўзингизни тафтиш қилинг, тафаккур қилинг...

Ақалли бир марта ўқинг: Ўзингизни тафтиш қилинг, тафаккур қилинг...
Ҳар бир мусулмон уйқуга кетишдан аввал кунини ҳисоб-китоб қилиши, ўзини қуйидаги саволлар билан тафтиш қилиши керак.

1. Бу тонгда ҳаёт дафтарини қандай очдинг? Сенга яна бир кунни бахш этган Роббингга шукр қилдингми?
2. Аллоҳ таоло сени истиғфорга даъват қилган саҳар чоғида У билан мулоқот қилишга ошиқдингми? Бу лаҳзаларда тарқатилган илоҳий раҳмат ва марҳаматдан баҳраманд бўлдингми? Ёки бу хос лаҳзаларни уйқуда беҳуда ўтказиб юбордингми?
3. Саҳар файзини кун бўйи асраб қололдингми? Бугун Аллоҳни неча марта зикр қилдинг? Куннинг қанча қисмини зикр билан ўтказдинг? Аллоҳ билан мулоқот руҳониятида бўлолдингми?
4. Бугун лаззатларни йўқ қилгувчи ўлимни тафаккур қилдингми?
5. Бугун ҳаёт ташвишлари дағ-дағасидан узоқлашиб, қанчалик тафаккурга берилдинг? Ҳар лаҳза гувоҳ бўлаётганим илоҳий Қудрат ва Азамат нақшлари руҳиятингда тафаккур ва таҳассус уйғотолдими?
6. Миноралардан эшитилган илоҳий даъватга қулоқ тутиб, неча маҳал жамоатга қўшилдинг? Намозларингни Ҳақ истагандек, яъни хушъу билан, қалб ва жисм ҳамоҳанглигида адо этолдингми?
7. Бугун топганинг, еган-ичганинг, кийганинг ҳалолми, ҳаромми ёхуд шубҳалими дея ўйладингми? Ҳаромдан тийилиш ҳисси ҳар қандай хатти-ҳаракатингда ёдингда турдими?
8. Бугун “Банданинг ҳақи”га диққат қилдингми? “Устимга ҳеч бир банданинг ҳақи тушмади, ҳеч кимни ранжитмадим?” дея оласанми?
9. Бугун махлуқотга Холиқнинг шафқат, меҳр-муҳаббат назари билан қарай олдингми?
10. Кўчадаги ит ва мушукнинг ҳақига риоя қилдингми? Мушугини оч қўйган кишининг илоҳий азобга, итга сув берган кишининг илоҳий афвга ноил бўлганини тафаккур қилиб, махлуқотларга марҳамат билан муомала қилдингми?
11. Бугун ота-онангнинг, қариндош-туғишганларингнинг ҳолидан хабар олиб, кўнгилларини шод қилдингми? Агар улар Охиратга ўтган бўлсалар, Қуръон тиловат қилиб, ҳақларига дуо қилдингми?
12. Бугун хонадонингни қалб кўзи билан кузатиб, унинг жаннат боғчасидай билиб, ташқи ҳужумлар, интернетнинг салбий таъсирларидан ўзинг ва фарзандларингни ҳимоя қилолдингми?
13. Агар уй бекаси бўлсанг, эрингни табассум ва муҳаббат билан кузатиб, ҳалол ризқ топиб келиши учун дуо қилдингми? Кечқурун уни яна табассум ва ширин сўз билан кутиб олиб, ҳорғинлигини аритишга, одоб ва муҳаббатда ўрнак бўладиган солиҳа рафиқа бўлолдингми?
14. Агар уйнинг эркаги бўлсанг, рафиқанг ва фарзандларингга мушфиқ ва меҳрибон муносабатда бўляпсанми? Уларга қолдиришинг мумкин бўлган энг катта меросинг охират меросилигини ўйлаб, болаларинг учун дунё ва охират саодати, уларнинг руҳоний ва маънавий тараққиёти учун қанчалик саъй-ғайрат қилолдинг?
15. Аллоҳ сенга омонат эҳсон этган фарзандларингга бугун тарбия ва одоб учун нималарни ўргатдинг? Аллоҳ ва Расулининг муҳаббатини, авлиё-ю анбиёлар меҳрини уларнинг қалбига жо қила олдингми?
16. Эртага сени тамсил этадиган фарзандларинг исломий шахсият соҳиби бўлиши учун бугун нималар қилдинг? Болаларинг Қиёмат куни юзингни ёруғ қилиши учун бугун нима қилдинг?
17. Фарзандларингга дини, имони ва Ватанини асраб авайлашини уқтиролдингми?
18. Фарзандингнинг дунёвий таҳсили учун бир неча йил вақт, меҳнат ва маблағ сарфлайсан. Уларнинг охиратдаги истиқболи учун нималар қилдинг?
19. Бугун ҳидоятга муҳтож инсонларга тилинг, қалбинг ва ҳолинг билан қандай ёрдам бердинг? Уларнинг ҳақига дуо қилдингми? Хатти-ҳаракатинг билан уларга мусулмон шахсиятини кўрсата олдингми?
20. Бугун селда оққан қудуқлар каби насллар йўқолиб бораётган бир пайтда, оила раҳбари сифатида ҳақига масъул бўлганинг инсонларни фитна ва шардан муҳофаза қилиш учун нималар қилдинг?
21. Бугун Аллоҳ сенга эҳсон этган неъматларни кимлар билан ва қай даражада баҳам кўра олдинг? Бугун инфоқ аҳлидан бўла олдингми?
22. Бугун бир мўминнинг қалбини севинтира оладиган кўнгил фараҳлиги таъмини ҳис этдингми?
23. Бугун бирор етимнинг бошини силадингми?
24. Бугун бирор беморни зиёрат қилдингми ёки жанозада қатнашиб ибрат олдингми?
25. Бугун қўшниларинг ва атрофингдаги муҳтожлар ҳолидан хабар олдингми? Оч ётган қўшнинг ёки совуқда қалтираётган ғарибларнинг изтироби юрагингни ўртадими?
26. Бугун дунёнинг бошқа бир бурчагида бўлса-да, Ислом умматининг муаммоларини ўйладингми? Мазлумларнинг асоратларини ҳис этдингми?
27. Бугун очларнинг тўйиши, беморларнинг шифо топиши, қарздорларнинг қарзидан қутулиши учун нима қилдинг? Уларнинг ҳақига дуо қилдингми?
28. Бугун таниганинг ва танимаганинг инсонларга Аллоҳ учун салом бердингми? Табассумни садақа билиб, инсонларни жилмайиб қаршиладингми?
29. Бугун сенга қўполлик қилган, ёмонлик қилган бирор инсонга яхшилик билан жавоб қайтариб, уни кечиролдингми?
30. Бугун дўст топдингми? Неча нафар дўстингнинг кўнглини шод қилдинг?
31. Бугун Аллоҳга яқин, солиҳ инсонлар суҳбатида бўлишга ҳаракат қилдингми? Нафсингга ёқмасада, Ҳақнинг розилиги учун ҳар доим ҳақни айтадиган солиҳ ва содиқ дўст топдингми? Фосиқу фожирлар билан бирга бўлганингда қалбингни ҳимоя қилиш хавотирини ҳис қилдингми?
32. Йўлдан инсонларга азият берадиган бирор нарсани олиб ташладингми?
33. Бугун фойдали илмингни орттирадиган, ирфонингни ривожлантирадиган бирор фаолият билан шуғулландингми?
34. Суҳбатлар – қалб дорихонларидир. Шундай суҳбатларда кўнглингга ва руҳингга дармон бўладиган, файзингни орттирадиган маънавий дориларни олишга муваффақ бўлдингми?
35. Аллоҳ таолонинг буюк неъмати бўлган Қуръони Каримдан бугун неча саҳифа ўқидинг? Ундаги сенга юборилган хабарларни тафаккур этиб, кундалик турмушингда риоя қилдингми?
36. Бугун турмушингга ўрнашган ёмон одатларга қарши тура олиш учун иродали бўлолдингми?
37. Бугун тилингни беҳуда ва лағв гап-сўзлардан, ёлғон ва миш-мишлардан, ғийбату муноқашадан ва бир кўнгилга озор беришдан муҳофаза қилолдингми?
38. Бугун ҳаёт дафтарини қандай ёпдинг? Номаъ аъмолингнинг бугунги саҳифаларида нималар ёзилди? Илоҳий Ҳисоб кунингда бугунги саҳифанинг ҳисобини беришдан чўчимайсанми?
39. Ва ниҳоят доимий умр кассетанг тўлиб бораётганини, ҳар амалинг ва ҳаракатинг илоҳий камера томонидан тасвирга туширилаётганини ўйлаб кўрдингми? Ўтган йигирма тўрт соат хусусида нафсинг билан ҳисоблашдингми?
40. “Ўлмасдан аввал ўлинг!” деган огоҳлантириш ҳикматини ҳис этдингми? Нафсоний орзуларингдан фориғ бўлиб, руҳоний истеъдодингни инкишоф этдингми?

Жавобини кутаётган саволлар...

Биз бугун ҳисоб-китобини қилсак ҳам, қилмасак ҳам охиратда қаршимизга чиқадиган саволлар. Аллоҳ таоло ҳаммамизни ҳисобга тортилмасдан нафсини ҳисобга тортганлардан айласин!
Умида АДИЗОВА

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Ақалли бир марта ўқинг: Ўзингизни тафтиш қилинг, тафаккур қилинг...