13:00 / 27.01.2019
9 331

Қариндошлик ришталари

Қариндошлик ришталари
Бирор инсон кишилар жамиятидан айрилиб, ўзича яшай олмайди. Инсон зоти борки, бошқа одамлар билан ўзаро муносабат ўрнатишга, бошқалар билан аҳил, тотув яшашга мажбур. Бу эса, кишилик жамиятининг ажралмас қонунидир. Инсонни жамият билан узвий боғлайдиган ришталар жуда кўп ва турличадир.

Буларнинг ичида энг муҳими, энг кучлиси қон ва насаб қариндошлигидир. Яқин қариндош-уруғлар ўртасидаги алоқа ҳам мана шу ришталардан ҳисобланади. Инсон бу риштага суянади, ундан куч ва қувват олади. Ҳаёт муаммоларини ечишда унга таянади ва шу нарса орқали инсон ҳаёти тинч ва осойишта кечади.

Жамият саодати, қонуний тартиб ва низом мустаҳкамланишида асосий омил бўлган қариндошлик алоқаларининг, яъни силаи раҳмнинг аҳамияти адолат, яхшилик қилиш ва бошқа чиройли амаллар каби муҳимдир.

Аллоҳ таоло бу борада бундай марҳамат этади: “Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради. Эслатма олурсиз, деб У сизларга доимо насиҳат қилур”.

Аллоҳ таоло қариндошчилик ришталарини маҳкам боғлашга чақирар экан, бунда қариндошларга ва қариндош қўшниларга алоҳида эътибор қаратишга буюради, ҳатто буни ибодат даражасига кўтаради ва ота-онага яхшилик қилиш билан тенглайди:

“Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшнию бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи мусофирга ва қўл остингиздаги қарамларга ҳам яхшилик қилинг! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди”.

Қариндошлик алоқаларини мустаҳкамлаш Исломда “силаи раҳм” дейилади ва динимиз мусулмонларни доимий равишда силаи раҳмга буюрган.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам умматларини силаи раҳмга чақирганлар ва қариндошлик алоқаларини узганларни охиратда оғир азоб-қийноқлар кутаётгани ҳақида огоҳлантирганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Силаи раҳм қилмаган, яъни қариндошларидан алоқани узган одам жаннатга кирмайди. Силаи раҳм доимий борди-келди эмас, балки узоқлашиб кетган қариндош ҳолидан хабар олишдир”.

Қариндошчилик ришталарини турли йўл ва усуллар билан мустаҳкамлашга ҳаракат қилиш инсоннинг ризқи ва умрига барака бериши ҳақида ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам башорат бериб, бундай деганлар: “Кимни ризқи кенг бўлиши ва умри узоқ бўлиши хурсанд этса, бас у силаи раҳм қилсин, яъни қариндошлик ришталарини мустаҳкамласин”.

Бирон-бир киши: “Мен қариндошларимга силаи раҳм қиламан, лекин улар мендан узилиб кетадилар, қанчалик уларга яхшилик қилсам, менга ёмонликни раво кўрадилар, уларга яхши муомалада бўлсам, буни асло эътиборга олмайдилар”, деган ўйда силаи раҳмни узиб қўймасин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи саҳобалар шундай шикоят қилишган вақтда уларни ёмонликка ёмонлик билан жавоб беришдан қайтарганлар. Уларга чиройли муомалада бўлишга, қариндошлик ришталарини асло узмасликка чорлаб, шундай деганлар:

“Қариндошларига оқибат қилмайдиган одам қариндош эмас, балки узилиб қолган қариндошлик алоқаларини тикловчи одам қариндошдир”.

Шу билан бирга қариндошлик ришталарини узиш энг катта гуноҳлардан ва ёмон ишлардан бўлиб, бемеҳрлик, тошбағирлик ва ҳиссиётсизлик деб билинади. Бундай кимсадан бирон бир яхшилик кутилмайди, ундан раҳм-шафқат умид қилинмайди. Зеро, одам ўз яқинларига яхшилик қилмаса, бегоналардан бутунлай четда бўлади. Унинг қалби ўз туғишганларига нисбатан тошбағир бўлса, улардан бошқаларга эса янада қаттиқ ва бемеҳр бўлади. Ислом таълимоти бундай ишлардан қатъий огоҳ этади. Чунки бунинг оқибати лаънат ва гумроҳликдир.

Аллоҳ таоло айтади: “Агар иймондан бош тортсангиз, аниқки, сизлар ерда бузғунчилик қиларсизлар ва қариндошларингиз билан ҳам алоқаларингизни узасиз, албатта. Ундай кимсаларни Аллоҳ лаънатлагандир, бас, уларнинг қулоқларини кар, кўзларини кўр қилиб қўйгандир".

Аллоҳ таоло қариндошлик алоқаларини мустаҳкамлашни Ўзи буюргани, аммо шунга қарамай айримлар бу алоқаларни кесиб, ер юзида бузғунчилик қилишларини қоралаб, бундай дейди:

“Бундайлар Аллоҳ аҳдини маҳкам қилганидан кейин бузишади, Аллоҳ уланишга буюрган қариндошлик ришталарини кесишади ва ер юзида бузғунчилик қилишади, ана шулар зиёнкорлардир”.

Аллоҳ таоло қариндошлик алоқаларини улашга буюргани ҳолда гумроҳ кимсалар хеш-ақраболарига силаи раҳм қилмай, бу ришталарни ҳам узишади. Оқибатда улар жаннат юзини кўришмайди.
Олимжон КАРИМОВ
Пешку туман "Хўжа Пешку"
жоме масжиди имом хатиби

Манба: ЎМИ Бухоро вилояти вакиллиги

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Қариндошлик ришталари