10:33 / 02.02.2019
5 957

Дунёимни ўзгартирган атиргулим – қизим (1-нома)

Дунёимни ўзгартирган атиргулим – қизим (1-нома)
Саккиз йил аввал, худди шу куни осмонда бир юлдуз порлагандек бўлганди. Кўнглим бир энтиккан эди ўшанда. Кундузи соат 12 да сен туғилгандинг дилбандим. Бутун дунё, ҳар бир жонзот, қумурсқалардан тортиб инсонларгача, гиёҳлардан тортиб, ишкомдаги узумларгача кўзимга бошқача кўрина бошлаганди. Бир лаҳзада олам ўзгарган, гўё. Сенинг фитратингда мен қайта туғилгандим, жоним болам!

Даданг билан сени еру кўкка ишонмай ўстиряпмиз. Қиқирлаб, завқланиб кулишларинг қалбимизни, уйимизни қувончга тўлдирарди.

Кўп ўтмай эмакладинг, тишларинг чиқди, юрдинг, «Дада» «Ойи», дединг... Тилинг бирам ширин бўлди. Зеҳнинг ўткирлигидан ҳайратланаман, қувонаман. Даданг иккимизнинг ҳаётимиз мазмуни, овунчоғимизсан. Сенга қараб кўнглимиз тоғдай ўсади, дилимиз қувончга тўлади.

Бугун саккиз ёшга тўласан, жоним болам! Атиргулим! Аллоҳим сени ёмон кўздан асрасин! Бизга камолингни, бахту иқболингни кўриш насиб этсин!

Сенга ёзаётган номаларим мазмунини қачон тушуншингни билмайман! Бироқ, ёзмасам бўлмайди, сенга инсонийлик ва аёллик, яхши фарзанд бўлиш сабоғини бериш оналик бурчимдир! Ушбу номаларим сенга ибрат, ўгит бўлади, инша Аллоҳ.

Қизи бор уйнинг файзи бор дейишади, нуроний онахонлар. Энг аввало покиза бўл! Кийимларинг, жисму жонинг, яшаш жойинг ҳамиша озода бўлсин. Овқатланиб бўлгач, идиш-товоқларни дарров йиғиштириб ювиб қўй. Тозалик бор жойда хасталик, беморлик бўлмайди. Бундай жойга фақат барака киради. Покизалик – иймондан, жоним қизим.

Тоза кийимларга кирланганларини аралаштириб тахлама. Шунда улар узоқ вақт янгидек туради. Кўчага, дуч келган жойга ахлат ташлама. Махсус қутиларга сол. Уйни, ҳовлини доим тоза тут. Кўрганнинг кўзи қувонсин.

Кўзимнинг нури, ҳозирча шу ўгитларимни бажар. Қолганини келгуси номамда баён этаман, инша Аллоҳ!
Давоми бор...
Саида ИБОДИНОВА

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Дунёимни ўзгартирган атиргулим – қизим (1-нома)