19:24 / 09.02.2019
4 347

Фарзандингизнинг ҳаётдаги қаҳрамонини биласизми?

Фарзандингизнинг ҳаётдаги қаҳрамонини биласизми?
Бугун хусусий ва давлат телеканалларидан намойиш қилинаётган турк сериаллари ижтимоий тармоқларда кескин муҳокамаларга сабаб бўлаяпти. Ҳамма ўз дунёсидан келиб чиқиб мулоҳаза билдиряпти. Ва ҳамма ўз нуқтаи назаридан келиб чиқиб ҳақ.

Сериаллар одамларга таъсир қилиш-қилмаслиги бу мутлақо бошқа масала. Тан олишимиз керак, бизнинг авлод Мексика ва Корея сериалларига термулиб улғайган. Таъсирига келсак, оила муҳити, тарбия ва шу каби бошқа омиллар бизни асраган бўлиши мумкин. Бироқ бугун бизники каби бегона эркак тугул, бегона аёлга дуч келганида рўмоли билан юзини ёпадиган момолар, дарвозадан ичкарига кираётганда томоқ қириб хонадон аёлларига эркак киши келаётганига ишора берадиган боболар йўқ. Бугуннинг оталари хорижда ишлаяпти, боболар киракашлик қилади, уйда ўтирганиям аллақачон хотиннинг таъсирига тушиб қолган, ўзи ҳам уйдаги аёллар билан қўшилиб сериал кўради. Бугуннинг бувилари гўзаллик салонларига бориб сочини турмаклатиб, тирноғини бўятиб гап-гаштаклардан бери келмайди. Гап гаштакдан бўшаганлари ҳам сериал кўриб, телефон ўйнашдан бери келмайди. Хуллас, демоқчи бўлганим, сиз болангиздан “Сенинг қаҳрамонинг ким?” деб сўраганмисиз?

Мен айни мавзуда бешинчи синф ўқувчиларидан ижодий иншо олгандим. Ўқувчиларимнинг севимли қаҳрамонлари сериал қаҳрамонлигини билиб ҳангу манг бўлиб қолдим. Тоҳир Калели, Нафас, Йигит, Амир Козжуўғли, Ниҳон, Камол ва ҳоказоларнинг номини ўқиб ўқувчиларимга нима дейишни билмадим. Ким айбдор? Ҳаммамиз ёппасига телеканалларни айблаймиз. Балки улар ҳам қисман айбдордир. Лекин асосий айбдор ўзимиз — ота-оналар эмасмизми? Фарзандимиз билан дарс тайёрлаш, китоб ўқиш, китоб қаҳрамонлари ҳақида гаплашиш ўрнига уззукун телевизорга мўлтираганимиз етмагандай, кечқурун ҳам сериал томоша қиламиз. Ёнгинамизда эса болаларимиз бизга қўшилиб сериал қаҳрамонлари билан бирга яшаяпти. Болангиз Амирни, Тоҳирни, Ниҳонни қаҳрамон деб билса, сиз ўзингиздан ўпкаланг, муҳтарам ота-она! Фарзандингиз учун ҳавас қиларли қаҳрамон бўлолмаётганингиздан хафа бўлинг. Дилбандингиз сизга эмас, алалкимлар пул учун ўйлаб топган аслида йўқ одамларга талпиниб ўсаётганидан ўкининг!

Юрагингиз зирқиррасин, кўнглингиз увишсин, болангиз ўрнакни сиздан эмас, сериал қаҳрамонларидан оляпти...
Манзур РАҲИМОВА, ўқитувчи

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Фарзандингизнинг ҳаётдаги қаҳрамонини биласизми?