08:43 / 05.05.2019
5 058

Мусулмонлар учун Рамазон дастури

Мусулмонлар учун Рамазон дастури
Барча ҳамдлар Аллоҳга хосдир. Аллоҳ барчамизнинг қилаётган хайрли амалларимизни қабул қилсин, махфий ва ошкора қилаётган амалларимизни риёдан ҳоли бўлишида ўзи мадад берсин.

Мусулмон кишига муборак Рамазон ойида қуйидаги амалларни қилиш тавсия этилади:
Рамазон ойида мусулмон банданинг куни саҳарликдан бошланади. Саҳарликни иложи борича туннинг охирги қисмига сурган афзал.

Саҳарликдан сўнг мўмин инсон бамдод намозига тайёргарлик кўра бошлайди, чиройли таҳорат қилиб, азон айтилишидан аввал масжид томон йўл олади. Масжидга киргандан сўнг икки ракаат таҳийятул масжид намозини ўқийди ва дуо, зикр ёки Қуръон тиловати билан машғул бўлади. Азонни эшитганида муаззиннинг сўзларини қайтаради, азон сўнггида эса суннатга мувофиқ дуо қилади. Сўнгра туриб бамдод намозининг икки ракаат суннатини ўқийди ва иқома айтилгунга қадар яна дуо ва зикрлар билан машғул бўлади. Шу ҳолатда намозни кутиб ўтирган инсон худди намозда тургандек ҳисобланади.

Жамоат билан бамдод намозини адо қилгандан кейин Китоб ва Суннатда келган зикрларни қилиб, Аллоҳга дуо қилади. Сўнгра агар истаса масжидда қолиб то қуёш чиққунга қадар Қуръон тиловати ёки зикр билан машғул бўлади. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам кўпинча шундай қилар эдилар. Қуёш чиқиб бироз кўтарилганидан сўнг (тахминан чорак соатдан сўнг) Зуҳо (чошгоҳ) намозини ўқиши ҳам мумкин. Истаса бу намозни кечроқ, қуёш баланд кўтарилиб, кун қизиганда ўқиши мумкин ва бу афзалроқдир.

Агар ишга борадиган бўлса намоздан сўнг бироз ухлаб дам олиши ҳам жоиз. Ухлашдан аввал кўпроқ куч йиғиб, хайрли амалларни кўпайтиришга ният қилиб ётилса банданинг бу амали учун ҳам улуғ ажрлар берилади, иншааллоҳ. Шунингдек ухлашда ҳам суннатга мувофиқ иш тутилса, нур устига аъло нурдир.

Уйқудан туриб ишга борилади ва Пешин намозига қадар ўз ишлари билан машғул бўлади. Пешин киришидан бироз аввалроқ масжидга бориб, олдинги сафлардан жой олишга ҳаракат қилиш лозим. Азон айтилганидан сўнг тўрт ракат суннат намози ўқилади ва иқома айтилгунга қадар зикр билан машғул бўлинади. Пешиннинг фарзини жамоат билан адо этилганидан сўнг, яна икки ракаат суннат ўқиб, ишга қайтади.

Агар Аср намозига қадар ишларини тугатса, Аср вақти киргунча бироз дам олиши мумкин. Бўлмаса худди юқорида айтилгани каби Аср намозига чиқиб келинилади. Асрдан сўнг ифторга тайёргарлик кўрилади. Имкони бўлса уйга эртароқ қайтиб, ўз аҳли билан фойдали ва хайрли амаллар билан машғул бўлади. Албатта бундай амалларнинг энг афзали бошқаларга ифтор қилиб беришга тайёргарлик кўришдир.

Ифтор қилиб оғиз очганидан сўнг масжидга чиқиб жамоат билан Шом намозини ўқийди. Сўнгра икки ракаат нафл (суннат) ўқиб уйга қайтади ва бемалол аҳли оиласи билан овқатланади. Бунда жуда кўп овқат еб юборишдан тийилиш лозим.

Овқатдан сўнг ўзи ва аҳли оиласи учун фойдали бўлган амаллар билан машғул бўлиш шарт. Бундай пайт қилиниши мумкин бўлган амалларнинг энг ёмони телевизор орқали намойиш этиладиган бемаъни ва бефойда кўрсатувлар, кино ва сериалларни кўриш. Киши қиёмат куни нафақат ўзи учун, балки ўз оиласи учун ҳам жавобгар экан, уларни бундай ҳаром нарсалардан қайтариш ҳам унинг зиммасидадир.

Мана ҳуфтон намози вақти ҳам яқинлашиб қолди. Мўмин инсон намозга тайёргарлик кўради ва масжидга бироз эртароқ бориб зикр қилиб азонни кутади. Жамоат билан ҳуфтон намозини адо қилганидан сўнг икки ракаат суннат ўқиб таровеҳ намозига туради. Таровеҳ намозида фикрини бир жойга жамлаб, имомнинг қироатига қулоқ тутади. Шуни эслатиб ўтамизки, имомдан аввал намозни тарк этиш яхши эмас.

Таровеҳ намозидан сўнг ўзи истаган ишлар билан машғул бўлиши мумкин, лекин бунда қуйидаги нарсаларга эътибор қаратиши лозим:

Ҳаром ва шубҳали ишлардан йироқ бўлиш. Оила аъзоларининг ҳолидан хабар олиб, уларнинг ҳам вақти фойдали ва шу билан бирга қизиқарли ўтишини таъминлаб бериш.

Зарур ишлар билан машғул бўлиш ва бекорчи ишларни тарк этиш.

Сўнгра эртароқ ухлашга ҳаракат қилиш керак. Агар ётишдан олдин бироз Қуръон тиловат қиламан, деса бу ҳам яхши. Агар киши ўзи учун кундалик қироат қилинадиган оятлар ёки саҳифалар сонини белгилаб олган бўлса, белгиланган миқдорича қироат қилиб сўнгра ухлагани афзал.

Саҳарликдан бироз аввал уйғониб дуо қилиш ҳам яхши амаллардан. Сабаби кечанинг охирги қисмида Аллоҳ таоло биринчи осмонга тушиб бандаларининг дуоларига қулоқ соладиган ва уларга жавоб берадиган пайтидир. Мана шу пайтда қилинган тавбалар ҳам қабул бўлиши эҳтимоли жуда катта. Шундай экан бундай имкониятни қўлдан бой бермаслик лозим.
Зокир Каримқуловнинг Facebook саҳифасидан

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Мусулмонлар учун Рамазон дастури