13:07 / 12.06.2019
4 726

Иммунитетингиз сустлашганини билдирувчи 16 белги

Иммунитетингиз сустлашганини билдирувчи 16 белги
Муздай қўллар ва офтобда исинишга мойиллик хавфли дарак бўлиши мумкин.

Иммун тизими соғлигимизга зарар етказувчи ташқи таъсирлардан ҳимоя қилувчи барча орган, тўқима ва ҳужайраларнинг йиғиндисидир, у орқали биз иммунитетга эгамиз.

У ҳар куни ҳаёт учун курашга киришади: вирус ва бактериялар ҳужумини қайтаради, ички яллиғланишни бартараф этади, ўз хусусиятини йўқотган ҳужайраларни йўқ қилади ва шишлар келиб чиқишининг олдини олади.

Фақатгина буларнинг барчаси иммун тизимимиз бехато ишлай олгандагина амалга ошади.

Иммун тизимидаги носозликлар нимаси билан хавфли?

Баъзида иммунитет секинлашиб инфекциялар ҳужумини етарли назорат қилолмайдиган даражада «дангаса» бўлиб қолиши мумкин. Бу ҳолатда томоқнинг оддий яллиғланишидан тортиб пневмониягача бўлган юқумли касалликларга чалинишимиз эҳтимоли ортади ва тузалиш ҳам кўп вақтни олади.

Баъзида эса ҳаддан ташқари фаол иш жараёнида бўлиб, вируслар ва бегона ҳужайралар билан биргаликда ўз организмимизга ҳам катта зарба бериши мумкин. Бу ҳолатда аутоиммун касалликлари келиб чиқади:

- ревматоид артрит;
- тарқоқ склероз;
- целиакия (глютенни кўтара олмаслик);
- диабет;
- тери сили (волчанка);
- таъсирчан ичак синдроми;
- қалқонсибон без касалликлари (масалан, аутоиммун тиреоидити);
- доимий чарчоқлик синдроми.
Булар иммунитет кучайиб кетиши сабабли юзага келадиган касалликларнинг тўлиқ рўйхати эмас.

Нима учун ҳимоя тизимимизда бундай камчиликлар келиб чиқишининг аниқ сабаби олимлар томонидан ўз ечимини топганича йўқ. Лекин иммунитет фаолияти бузилганини билдирувчи симптомларни илк босқичларда аниқлаш имконига эришилган.

Ёдда тутиш зарурки, бу белгилар айнан иммун тизимига эмас, бошқа касалликларга тегишли бўлиши ҳам мумкин.
Икки ҳолатда ҳам уларга эътибор қаратамиз.

Иммунитет панд бераётганининг қандай аломатлари мавжуд?

1. Қўлларнинг мунтазам совиши
Қўл-оёқларда совуқ ҳарорат турли сабабларга кўра вужудга келиши мумкин. Масалан, чекиш. У қон томирларида периферик спазмлар келтириб чиқаради. Лекин қўллар музлаши ва иммунитет ҳолати ўртасида тўғридан-тўғри ёки билвосита алоқа бўлиши ҳам эҳтимол.

2. Диарея ёки қабзият (икки ҳафтадан узоқ давом этиши)
Ичаклар иммун тизимининг ажралмас бўлаги ҳисобланади. Шунинг учун унда келиб чиқадиган муаммолар огоҳликка чорлайди. Диарея иммун тизимнинг ингичка ичак шиллиқ қавати ёки ҳазм қилиш жараёнига зарар етказганидан дарак берса, қабзиятда иммунитет ичакнинг вазифасини секинлаштириб қўйган деб айта оламиз.

3. Кўз қуруқлашиши
Қичишиш, қум тиқилгандай ҳис, қизариш ва кўздаги оғриқ симптомлари турли аутоиммун касалликларида кўп учрайди.

4. Мунтазам кучсизлик ва чарчоқ
Тун давомида мириқиб ухлаб ҳам тонгда ўзингизни ҳорғин сезаётган бўлсангиз бу иммун тизимингиз ҳаддан ташқари кўп куч билан ишлаётганидан дарак бериши мумкин. Айнан у сизга зарур бўлган қувватни олиб қўйган.

5. Бироз кўтарилган ҳарорат
Агар тана ҳароратингиз доимий 37 °С атрофида бўлса, катта эҳтимол билан сизда ҳам аутоиммун касалликларидан бири етишиб келмоқда.

6. Доимий бош оғриғи
Рўйхатдаги бошқа аломатлар каби бош оғриғининг ҳам ўнлаб келиб чиқиш ўринлари бор. Унинг давомийлиги узайганда эса аутоиммун ҳужумидан хавфсирашга сабаб бор. Чунки иммунитет тизими касалликларининг бир нечтасида мияга қон узатилиши ёмонлашади, ноқулайлик ва оғриқ ҳисси келиб чиқади.

7. Тошма
Тери организмнинг ҳимоя қатламидир, айнан у микробларни бартараф этувчи биринчи тўсиқ ҳисобланади. Тери ўз кўриниши билан бутун иммун тизими фаолияти сифатини намоён этиши мумкин. Қичишиш, тошма ва доимий такрорланувчи яллиғланиш эътиборни талаб қилади.

8. Бўғимларда оғриқ
Ўта тажовузкор иммунитет ўз органларимизга ҳам ҳужум қилади ва бунинг илк босқичлардаги аломати бўғимлардаги оғриқ бўлиши мумкин.

9. Соч тўкилиши
Зўрайган иммун тизими соч илдизларини ҳам зарарлаб, сочлар сийраклашишига олиб келади.

10. Асоратлар қолдирадиган қайталанувчи шамоллаш
Агар сиз антибиотиклар ёрдамига бир йилда икки мартадан кўп эҳтиёж сезсангиз, иммунитетингиз сусайган бўлиши мумкин. Яна бошқа огоҳлантирувчи белгилар: қайталанувчи гайморит, фронтит, этмодоит, сфенодоит, пневмония.

11. Ультрабинафша нурига нисбатан таъсирчанлик кўтарилиши
Бу йил ҳар қачонгидан тез ранг олганингизни пайқадингизми, демак, бунинг сабаби зарарланган иммунитет бўлиши мумкин.

12. Увушиш
Қўл ва оёқлардаги увушиш узоқ вақт давомида нотўғри жойлашув натижаси ёки баъзи-баъзида содир бўлувчи жараён бўлса, сиз билан ҳаммаси рисоладагидек. Аммо у ва тўсатдан юзага келадиган санчиш тез-тез такрорланса, қон айланиши ҳамда асаб тизимидаги шикастланишларга алоқадор иммун узилишларидан шубҳа қилиш ўринли бўлади.

13. Ютинишда қийинчиликка дуч келиш
Томоқда овқат ёки сув тиқилишининг сабаблари кўп бўлиб, улар орасида аутоиммун касалликлари ҳам мавжуд.

14. Бесабаб озиб ёки семириб кетиш
Овқатланиш ва жисмоний ҳаракатларда деярли ўзгаришларга қўл урмаган ҳолда бирданига вазн ташлаш ёки семириш кузатилиши фавқулодда аломатдир. Сабаблар орасида қалқонсимон без фаолиятига аутоиммун касалликларининг таъсири, кучайиб бораётган диабет ва организмнинг ҳимоя кучи бартараф этолмаётган шиш кенгайиши мавжуд.

15. Теридаги оқ доғлар
Иммун тизими бесабаб равишда терининг пигмент ҳужайралари — меланоцитлар билан курашга киришса, оқ доғлар юзага келади.

16. Тери ранги ва кўзнинг сарғайиши
Сарғишлик иммун тизими жигар фаолиятига ножўя таъсир кўрсатиши ортидан келиб чиқиши мумкин. Бу ҳолат аутоиммун гепатит деб аталади.

Ушбу аломатлар кузатилганда нималар қилиш керак?

Албатта, терапевт қабулида бўлинг. Хавфли кўринган барча аломатларни баён этинг. Шифокор сизнинг касаллик тарихингиз ва ҳаёт тарзингиздан келиб чиқиб, бир неча таҳлиллар ўтказишни тайинлайди.

Балки сиздаги аломатлар аутоиммун касалликларига алоқадор эмасдир, лекин буни фақат малакали шифокор аниқлай олади.

Таҳлиллар натижасидан сўнг терапевт сизга маслаҳати зарур бўлган иммунолог, эндокринолог, дерматолог, ревматолог, гепатолог каби ихтисослаштирилган мутахассислардан қай бирига учрашишингиз лозимлигини аниқлаб беради. Иммун тизимидаги узилишлар индивидуалдир, шунинг учун уларни даволашда ўзига хос ёндашган маъқул.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Иммунитетингиз сустлашганини билдирувчи 16 белги