Муаммо ёшлардами ёки катталарда?..
Университетда ўқийман, ёшим йигирма бирда.
Интернет асрида ижтимоий тармоқлардаги фикрларни ўқиб тураман. Катталар ёшлардан шикоятда. “Ёшлар қаёққа қараб кетяпти?” деган гаплар кўп учраб туради.
Ёшлар деганда университет, коллеж ва мактабларда ўқийдиган талаба, ўқувчилар назарда тутилса керак. Мен ўша сиз қаёққа қараб кетаётганини билишни истаган гуруҳнинг бир аъзосиман.
Аҳолимизни икки гуруҳ: ёшлар ва катталарга ажратар экансиз, сиз катталарга саволларим бор.
Ёшлар қаёққа қараб кетяпти, дейиш ўрнига катталарнинг қаерда тургани билан қизиқиб кўрдингизми?
Ватаннинг бошига бало очаётганларнинг асосийси ёшларми ёки катталарми?
Бу мамлакатда юз мингларча ўқувчи тестдан бир савол кўпроқ еча олиш учун тирсак чиритаркан, кимлардир синов саволларини билан бирга ёшларнинг ҳаётини ҳам ўғирлади ва келажагини чиритди.
Университетга киришни “кимнинг пули кўп” кимошди савдосига айлантирган порахўрлар қайси коллеж ўқувчилари эди?..
Пора эвазига чўнтак қаппайтираётган коллеж ўқувчиларидир балки улар?..
Болахонадор қилиб сўкинаётган, ходимларини ариққа тушириб, тош кўтартирган ҳокимлар нечанчи синфда ўқишарди?..
Миллатнинг юзига тик қараб ёлғон гапирган сиёсатчилар қайси университетда таҳсил олади?..
Санъатчиман, дея ҳар турли ахлоқсизликни қилаётганлар ўсмирлик даврини яшаяптими?..
Аскиячимиз дея, зал тўла концерт бериб, белдан паст ҳазилидан кўтарила олмаганлар қайси синфни битиришяпти?..
Дин одами бўла туриб ТВга чиққиб имонимни, қадриятларимни оёқости қилганларнинг ёши нечида?..
Киноларда 7 ёшдан катталар учун олинган фильмларда бел устига чиқа олмаганлар нечанчи йилда туғилган?..
Бизга таълим бергувчи ўқитувчиларни кўча супуриб, дала тозалашга, уй қуришга жўнатган биз ўқувчилар эмас!
“Сиз бу ўлканинг келажагисиз!” деган баландпарвоз гаплардан воз кечинг. Келажагингиз оқим-оқим бўлиб Россияга қора ишчи бўлиб кетяпти, қанчаси ўша ерда кимсасиз мозорларда қоляпти. Жимсиз!
Сиз БУ ЎЛКАНИНГ БУГУНИСИЗ! Сиз яшаётган кунингизни қутқаришга қурбингиз етмаганда, эртани қутқаришни бизга топширмоқчимисиз?
Кимнинг қўли кимнинг чўнтагида эканлиги номаълум, ахлоқсиз муносабатларга тўла бўлган сериаллар билан миямизни тўлдириб пул ишлаётган ҳам Сиз!
Диндан нафратлантирадиган, ҳижобли ё намозхонга террорист деб қарайдиган сценарийлар ёздираётган ҳам Сиз!
Оила каби муқаддас бир масканни фақат аёллар елкасига ортқилаб қўйиб, эрларини қора ишчи қилиб чет элга кетишига қараб турганлар ким?..
Биз ўша отаси Россияда, онаси Туркияда қора меҳнат қилаётганларнинг фарзандимиз. Бизни “Тримадол”, “Лирика” билан тўлган кўчалар “тарбия қилмоқда”.
Кеча клубларида тўполон қилган футболчиларни бошга кўтариб, мактабда жанжал қилган ўқувчиларни рўйхат (“учёт”)га қўйишнинг мантиғи нима?..
Масжидга боришни тақиқлашни илм ўргансин, дея оқловларга ўраб, ота-онамиз, қадриятларимизга ҳурмат билан қарашимизни кутишингиз ҳайратланарли...
ТВ каналлари хиёнат тасвирларига тўла сериаллар билан тўлиб тошган. Маърифат кўрсатувларида эса ОИЛА МУҚАДДАС, дейсиз.
Пул ҳирсидан юртнинг дарахтларини кесиб, уни бетон тўла чўлга айлантирмоқдасизу, бизга келажакни иншо қилишни топширмоқчимисиз?..
Чирқиллаб ўз уйини ҳимоя қила олмай кўчада қолаётган оилаларнинг бузилган уйи ўрнига қурилган “Ситилар”да АДОЛАТЛИ БУЮК КЕЛАЖАК қуришимизни кутаяпсизми?..
Аёл-қизларни – бири кетса, бошқаси олинадиган ашёдек – сарпосига кўра баҳоланган буюмдек кўриб, аёл – муқаддас, аёл – мукаррам дея уқтирмоқчимисиз?..
Ёшман, аммо сизга айтадиган бир гапим бор.
Биз янги авлодмиз ва оппоқ қоғозмиз. Сиз бу қоғозни нима билан тўлдиряпсиз? Аждодларимиз, ўз динимиз, тилимизни унуттириш биланми? Давринг келганда қандингни уриб қол, деган ақида биланми?
Муаммо кимда? Ёшлардами ёки катталарда?
Сўнгги 20 йилда тарихимизга, Буюк ўтмишимизга асосланган бирор бир ўзбек фильми суратга олиндими? Буюк ўтмишимизни қаердан ўрганайлик?
Бизга аждодларимиз ҳаётидан баҳс этган нечта китоб ёзилди ва китоб расталарида сотилмоқда?
Биз кимдан ўрнак олайлик?
Тарихимизни, тарихий обидаларимизни талон-тарож қилиб, дўконга айлантирилганда, биз қаерга бориб ктмишимизга сайр қилайлик?
Сиз ота боболарингиз омонатига эгалик қилганингизда, биз эрталарнинг омонатини қабул қилардик балки. Аммо бугун омонат оладиган ҳолда эмасмиз. Айбга буюрманг!
Ўтмиши унуттирилган бир авлодга келажакни вазифа қилиб бера олмайсиз!
Биздан, ёшлардан шикоят қилманг.
“Бобур 12 ёшида подшоҳ бўлган эди!” дейсиз. Ҳа, мен 12 эмас, 21 ёшдаман. Аммо подшоҳ бўла олмайман. Чунки менинг отам Умаршайх, бобом эса Буюк Темур эмас! Ҳа, мен уларнинг авлодиман, аммо энди Амир Темурлар йўқ. Мовароуннаҳр ҳам бобом фатҳ қилган Буюк Турон эмас.
Ҳурмат билан...
Мадина Зариф
Манба: Azon.uz “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади