21:10 / 03.03.2020
4 146

Гyнoҳлap йўлини тўcaйлик!

Гyнoҳлap йўлини тўcaйлик!
Ҳаммамиз ҳам ҳар куни бирор юмуш билан кўчага чиқамиз, жамоат жойларида бўламиз. Шунда беихтиёр инсоннинг кўзи инсонга тушади. Унинг кийимига эътибор беради. Шу аснода ҳар кимнинг қандай қавмга мансублиги, дунёқараши, маданияти аён бўлади. Бу арзимас нарса эмас. Очиғи, кўпчиликнинг, айниқса, айрим аёлларнинг устидаги либосларга кўзимиз тушганида хунук бир манзарадан кўнглимиз ғашланади.

Журналист Дилрабо Қурязованинг «Huquq» газетасининг 2019 йил 11 июль сонида чоп этилган «Акаларга йиртиқ шим, сингилларга калта юбками?..» сарлавҳали мақоласини ўқиганимда шундай ўйлар кўнглимдан кечганди ва унга муносабат билдиришни ният қилгандим. Бироқ иш билан чалғиб, бу ниятим бироз хаёлимдан фаромуш бўлибди. Ҳечдан кўра кеч яхши деганларидек, кечроқ бўлса-да мулоҳазаларимни билдирмоқчиман.

Мақолада таъкидланганидек, кейинги пайтларда нафақат аёллар, балки эркакларнинг ҳам моданинг ортидан қувиши урф­га айланиб бормоқда. Ажнабийларнинг беҳаё либосларига ҳавас қилиб, уларга тақлид қилган хотин-қизлар ҳамманинг нигоҳи тушадиган жойларда ярим яланғоч юришибди. Бу билан ўзлари гуноҳ қилгани ҳолда бошқаларни ҳам гуноҳга ботираяпти. Қолаверса, бундай кийиниш уларнинг соғлиғи учун ҳам кони зарар, туғилажак фарзандлари учун ҳам хавфли.

Бунга аёлларнинг ўзларигина эмас, биз эркаклар ҳам айбдормиз. Ахир шундай шармандали кийиниб кўчага чиққан қизлар ёки аёллар қайси биримизнинг опамиз, синглимиз, қизимиз ёхуд турмуш ўртоғимиз эмасми? Уларни инсофга чақириш, рисоладагидек ки­йиниши учун жон куйдириш сиз билан бизнинг ҳам бурчимиз-ку!

– Очиғи, бугун катта кўчаларда, бозорлардагина эмас, маҳаллаларда ҳам бемалол юришга киши қийналадиган бўлиб қолди, – дейди Ўзбекистон қаҳрамони, кекса педагог Муҳаббат Шаропова. – Чунки баъзилар эгнига шунақа ки­йимларни илиб олишмоқдаки, уларнинг олдидан фақат ерга қараб ёхуд юзни тескари буриб ўтсам дейсиз…

Тавба, бир замонлар ахлоқи сал бундайроқ аёлларгина шунақа бепарда нарсаларни ки­йишга ишқибоз эди. Ҳозир эса оқ-қорани таниб улгурмаган қизларимиз орасида ҳам бундай кийимлар урф бўлаяпти. Демак, гулдай нозик, сийрати пок қизлар бу кийимларни кийиб юриш гуноҳ эканини англамайди.

Аммо ота-оналар бунга нега бефарқ қараяпти? Бу ҳам кечирилмас гуноҳ-ку!. Ўз фарзандимнинг юриш-туришига масъ­улман, бошқалар нима қилса қилаверсин деб ўзимизни четга олишга ҳаққимиз йўқ. Халқимизнинг «Бир болага етти қўшни – ота-она» деган нақли бежиз айтилмаган.

– Маълумки, инсон нафақат оғзи ва бурни, балки териси орқали ҳам нафас олади, – дей­ди Қарши шаҳар туғруқ комплекси бош шифокори Салима Очилова. – Сунъий толалардан тайёрланган, баданга ёпишиб турадиган ҳозирги кийимлар терининг нафас олишини қийинлаштиради. Бу бутун тана аъзолари фаолиятининг бузилишига олиб келади. Айниқса, балоғат ёшидаги қизлар танасида кечаётган физиологик ўзгаришларга катта салбий таъсир кўрсатади.

Тор кийим, биринчидан, кишининг эркин ҳаракатини чеклайди. Натижада одатдагига нисбатан кам ҳаракатланилади. Иккинчидан, бундай кийимлар киши асабига таъсир этиб, уни ўзига сездирмаган ҳолда жиззаки қилиб қўяди. Инсон вужуди яхлит тузилишга эга. Шу боис ҳар қандай нохуш таъсир танадаги ҳар бир ҳужайрада асорат қолдиради.

Сунъий толадан тикилган тор либослар, табиийки, кишини кўп терлатади. Меъёридан ортиқ терлаш натижасида организмдан кўп миқдорда туз, кислоталар ажралиб чиқади. Бу моддаларнинг камайиб кетиши оқибатида модда алмашинуви жараёни бузилади. Бундан ташқари, меъёридан ортиқ терлаш танада турли микробларни пайдо қилади.

Тернинг буғланиши эса мик­робларнинг ривожланиб, терига инфекция тушишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳомиладор ва янги туққан аёллар тор ва ҳаво ўтказмайдиган матолардан кийим киймаслиги зарур.

– Шариатимиз аёлларни бегоналар назарини жалб этадиган тор, ҳарир, калта либослар кийиб кўчага чиқишдан қайтаради. Албатта, бунинг ўзига хос сабаблари бор, – дейди Чироқчи туманининг бош имом-хатиби Беҳзод Норқулов. – Аввало, ҳар бир аёл бегона эркак учун номаҳрам ҳисобланади. Кўчадаги очиқ-сочиқлик айрим эркакларнинг хаёлини бузади. Натижада аёл киши кўз зиносига сабабчи бўлиб қолади.

Зино эса ёмон иллат ва гуноҳи кабиралардан биридир. Қуръони каримнинг «Ал-Исро» сурасининг 32-оятида ҳам «Зинога яқинлашманглар! Чунки (бу) бузуқликдир – энг ёмон йўлдир» деб огоҳлантирилган. Кимлар учундир арзимас бўлиб кўринган кўз зиноси бир талай бузуқликларни бошлаб келади, ҳатто оилаларнинг бузилиб кетишига сабаб бўлади.

Назаримизда, муҳтарам аёлларимиз меъёрида кийинишни билса, бундай нохушликларга чек қўйилади, иншооллоҳ.
* * *
Уламоларимизнинг қайд этишича, муслима аёллар ўзлари учун кенг ва қулай либосларни танлашлари лозим, токи у бутун баданларини номаҳрам эркаклардан беркитиб турсин.

Муслима аёл кийим ки­йишда эркак­ларга ўхшамаслиги, улардан фарқ қилиб туриши лозим. Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўзини эркакларга ўхшатадиган ва эркакларга хос тарзда кийим киядиган аёлларни лаънатлаган.

Муслима аёлларнинг кийимида бош­қаларнинг назарини ўзига тортадиган даражада зийнат ёки фитнага сабаб бўлувчи нарсалар бўлмаслиги керак. Дарҳақиқат, Аллоҳ таолонинг аёлларга ўз баданларини беркитиб юришни буюришида катта ҳикмат ва кўп манфаатлар бор. Аллоҳ аёлларни гўзал ва нозик қилиб яратган ва шу чиройини фақатгина ўз жуфти (эри) учун ҳалол қилган.

Мутахассисларнинг фикрича, тор шим кийиш ўсмир қизларнинг тос суяги ўсишини секинлаштиради. Киндикни очиб юриш эса ички аъзолар шамоллашига, ҳатто бефарзанд­ликка ҳам сабаб бўлади.

Бу каби нохуш сабаблар билан эрнинг хотинига, хотиннинг эрига ишончи йўқолади, хиёнатлар ортиб, оилаларнинг бузилиши кўпаяди. Ушбу ҳолат эркаклар наздида аёлларнинг қадри тушиб кетишига олиб келади. Агар аёллар ўзларини эркаклардан тортиб, ҳаё қилса, баданларини беркитиб юрса, эркаклар олдидаги ҳурмати ортади. Муҳтарам аёллар, ки­йиниш одоби ва маданиятига амал қилинг! Шунда гуноҳлар йўлини тўсган бўласиз.

Норбўта ҒОЗИЕВ

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Гyнoҳлap йўлини тўcaйлик!