09:55 / 08.04.2020
2 741

Коронавирус пандемияси инсониятга ўргатган 6 та сабоқ

Коронавирус пандемияси инсониятга ўргатган 6 та сабоқ
Фото: Lifehacker
Инсоният бошига тушган ҳар қандай ташвишдан тўғри хулоса чиқаришни билиши керак, ана шунда келажакда мавжуд хатолар такрорланмайди. Қуйида барчамиз учун осон бўлмаган вазиятдан нималарни ўрганиш ва риоя қилиш кераклигига тўхталамиз.

1. Хавотирни назорат қилиш
Вазият жиддийлиги бор гап лекин унутманг, ушбу муаммо фақат сизни қийнаётгани, вирус бир сиз истиқомат қиладиган мамлакатда тарқалгани йўқ. Бу дегани ишлашни йиғиштириб қўйиб, ижтимоий тармоқдаги тарихий постларни ўқиш, кечга бориб дўкондаги гречка ёки ҳожатхона қоғозининг ҳаммасини йиғиб келиш керак дегани эмас.

Эҳтиёт чорасини кўриш кераклиги инкор қилиб бўлмайдиган ҳақиқат, бироқ бу борада ваҳимага берилиш керак эмас. Бундай вазиятда турли манбалар томонидан тарқатиладиган фейк янгилик ва хабарларга ишонишдан аввал текширинг у ишончлими ёки йўқ, нимага ва кимга асосланиб маълумот берилмоқда онгли равишда таҳлил қилиб кўринг. Миш-мишлар эмас фактларга асосланиб маълумот берадиган манбалар, халқаро ташкилотлар, давлат органлари, аккредитациядан ўтган ОАВ янгиликларини кузатинг яхшиси.

Масалан, ЖССТ сайтида пандемия билан боғлиқ энг кўп тарқалган миф ва ёлғон маълумотлар ҳақидаги постлар билан танишиб чиқинг. Агарда ваҳимага берилиш синдроми сизда бошқалардан кўра кўпроқлигини ҳис қилсангиз, ижтимоий тармоқлардан камроқ фойдаланиб, кўпроқ вақтингизни китоб ўқиш ва бошқа фойдали машғулотларга ажратинг.

2. «Қора кунга» пул жамғариш
Пандемия биз идеал деб ўйлаган тушунчалар аслида мў​рт эканини исботлаб берди. Карантин, чегараларнинг ёпилиши ва валюта бозоридаги бетартиблик иқтисодиётга ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Натижада пулини ўйламай кўкка совурадиганлар энди ҳар эҳтимолга қарши қора кунга жамғарма қилиш кераклигини тушуниб етган бўлса не ажаб!

Агар сиз фаолият юритадиган соҳада ҳам инқироз кузатилаётган бўлса, демак сиз келажак билан боғлиқ ишларни, уйдан туриб пул топиш йўлларини ўрганишни бошланг. Сарф-харажатларингизни ҳисоблаб чиқиб, ортиқча пул сарфлашни бас қилинг. 50 минг пулингиз бўлса, яқинда ойлик оламан, деб ҳаммасини бирданига ишлатиб юбориб кейин нима қилсам экан деб қўл қовуштириб ўтирманг.

Ҳар доим бор маблағингизнинг 15-20 фоизини эҳтиёт чораси сифатида олиб қўйинг, агар ўзингиз йиға олишга кўзингиз етмаса онангизга беринг, оналар пул йиғишга, кўрпача орасида сақлашга уста.

Фото: Getty Images
3. Мавжуд имкониятларнинг қадрига етиш
Албатта, дам олиш кунлари дўстлар билан кинога тушиш пикник қилиш яхши, лекин ҳозир эмас. Ўзингиз ва яқинларингиз ҳаёти олдидаги масъулиятни ҳис қилиб, уйдан чиқмасдан, кўрсатмаларга амал қилинг. Уйга сиғмайапсизми? Бир сиздами бундай ҳолат? Интернет, онлине савдо, кўнгил очиш дастурлари бор, агар бундан юз йил олдинги шароит бўлса, нима бўларди?

Ибтидонинг интиҳоси бор, пандемия ҳам бир кунмас бир кун тугайди, шунчаки қачонлиги номаълум, фақат бир нарса аниқ унинг қанчалик тез тугаши ёки чўзилиши сиз ва сиз каби кишиларнинг уйдан чиқиш-чиқмаслигига боғлиқ.

4. Худбин бўлмаслик
Сиз уйда зерикишдан чарчаган бўлсангиз, чарчоқ нималигини билмай ишлаётган шифокорлар, етказиб бериш ва хавфсизлик хизмати ходимлари, дўкон ва шифохона ишчилари, сизни сўнгги маълумотлардан бохабар қилиб турган ОАВ ходимларининг ҳар доимгидан ҳам кўпроқ ишлаётганини, нолиш тугул дам олишга ҳам вақти бўлмаслиги ҳақида ўйланг. Шуларни инобатга олган ҳолда, зарурат билан кўчага чиққанингизда ниқоб тақишни ва дўкон ёки дорихона ходими билан мулоқотда бўлганда ижтимоий масофани сақлашни унутманг.

Фото: Getty Images
5. Қила олмаганларингиз ва қила олишингиз мумкин бўлган ишлар ҳақида ўйлаш
Пандемия аслида қила олмаган ишларингиз, фурсатдан фойдаланмаганингизни таҳлил қилиб кўриш учун яхши имконият. Агар ҳозир уйда бўлмаганимда эди, деб афсусланишдан аввал ўйлаб кўринг шунча вақт нима учун қилмадингиз, нима халақит қилди? Ич-ичингиздан дангасалик, ҳафсаласизлик, беғамлик ва комфорт зонадан чиқишга жур’​ат қилолмаганингизни англаб турасиз. Буни бировга таъкидлашингиз шарт эмас, ўзингиз тушуниб етганингизни ўзи катта гап, фақат бу билан чекланманг.

Анчадан бери ўқишингиз керак бўлган, лекин жавонда чанг босиб ётган китобни олиб ўқинг. Спорт билан шуғулланинг, оила аъзоларингиздан хижолат бўлсангиз эртароқ уйғонинг ишончимиз комилки, изоляцияда шундоқ ҳам керагидан ортиқ уйқу билан дўст тутингансиз. Инглиз, француз, хитой ёки италян фарқи йўқ, муҳими қизиққан тилингизни ўрганишни бошланг, кунига 10 тадан сўз ёдласангиз 10 кунда 100 та сўзни билган бўласиз.

Пандемиядан кейинги ишларни бўлса ҳозирдан режангизга киритинг: масалан ишингизда кўтарилишни истайсиз бунинг учун қандай талаблар бор ва нималар қилиниши керак, ҳозирдан тайёрланиб боринг, талаба бўлсангиз грантлар, хорижий таълим стандартларини ўрганиб фаолиятингиз доирасидаги босқичларни қандай яхшилаш мумкинлигига эътиборингизни қаратинг. Интернет орқали саёҳат қилишни истаган мамлакатингиз тили, дини, маданияти умуман у ҳақидаги ҳамма нарсани синчковлик билан ўрганинг.

Фото: Daily Life
6. Атрофдагиларга кўмаклашиш
Аслида фақатгина пандемия вақтида ёрдам бериш керак деган тушунча нотўғри, лекин ҳозир икки карра эътиборли ва кўмакка шай бўлиш керак. Агарда кекса ёки жисмоний имконияти чекланган қўшнилар бўлса, дўконга чиқишдан аввал бирон нима керакми, йўқми деб сўрашни ёки online буюртма бераётганингизда уларни ёдга олишни унутманг. Бундай вазиятда инсонийлик хусусиятларини йўқотмаслик олқишга сазовор, қийинчиликлар ўтади одамдан эса яхшилик қолади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Коронавирус пандемияси инсониятга ўргатган 6 та сабоқ