19:45 / 04.12.2020
3 698

Совуқ мавсумда лаблар қуримаслиги учун 5 та фойдали маслаҳат

Совуқ мавсумда лаблар қуримаслиги учун 5 та фойдали маслаҳат
Фото: Pinterest
Одатда ҳавонинг совиши натижасида юз, қўл териси каби лабда ҳам қуриш жараёни кузатилади. Ҳамиша ҳаракатда бўлган лаб жуда нозик ва қайта тикланмас терига эга. Шунинг учун қуриш ва ёрилиш жараёнининг олдини вақтида олиш керак.

Суюқлик ва овқатларни тўғри истеъмол қилиш зарур
Бир қарашда фойдасиз туйилган тавсиялар аслида доимо самара беради. Маълумки, организм учун суюқлик миқдори қанча кўп бўлса, шунча яхши. Олимлар ҳамиша икки ёки уч литр суюқлик кунлик меъёр ҳисобланиши ҳақида такрорлаб келмоқда. Истеъмол қилинадиган овқатларга ҳам эътиборли бўлиш керак. Агар лабда қуриш жараёни бошланган бўлса, демак, аччиқ ва шўр таомлардан тийилиб туриш тавсия этилади.

Лабларни ҳеч қачон намламанг
Агар лабни тез-тез намлаш одатга айланган бўлса, инсон қатъий равишда бундан воз кечиши керак. Сабаби оғиздаги тупук ёки сўлак таркибида амилаза ферменти мавжуд бўлиб, у узоқ муддатли ҳазм қилиш жараёнининг биринчи босқичини бошлайди. Шунинг учун ҳам озиқ-овқатни майдаловчи фермент лабнинг нозик терисини осонгина зарарлай олади. Яна бир тақиқлаш керак бўлган одат — тишлаш. Лабнинг юзасидан тери қисмлари кўча бошлаганда, албатта, уни тишлаб юлиб олишга ҳаракат пайдо бўлади. Афсуски, бу ҳолат биринчидан, қайта тикланмайдиган лаб терисида оғриқни келтириб чиқаради. Иккинчидан, лаб териси кўчганидан сўнг турли хил инфекция юқиши эҳтимоли ортади.

Уларни ҳимоя қилиш керак
Қуёш нуридан терини ҳимоялаш учун бир неча хил воситалардан фойдаланилади. Қишда эса иссиқ кийимлар ёрдамида совуқдан сақланади. Аммо бу борада лаблар эътибордан четда қолади. Натижада лаблар ёрилиши, қуриши яна такрорланади. Бунинг олдини олиш учун лаблар учун махсус бальзамлардан доимо фойдаланиш керак. Шунингдек, совуқ ҳавода юзнинг ярмигача бўлган қисмини шарфлар ёрдамида берикитиш зарур.

Махсус воситалардан фойдаланиш тавсия этилади
Лаб учун турли компаниялар томонидан ишлаб чиқарилган бальзамлар мавжуд. Улардан фойдаланишни канда қилмаслик зарур. Шунингдек, лаб қуришига қуруқ ҳамда сифатсиз лаб бўёғи ҳам сабаб бўлиши мумкин. Лаб қуриган вақтда иложи борича уларга махсус бальзамлардан бошқа воситалар сурмаслик тавсия этилади. Бальзам вазелин, диметикон, ши мойи ва гиалурон таркибга эга бўлиши керак. Сабаби уларнинг барчаси узоқ вақт намликни сақлаб туради ва қуриш жараёнини тез орада бартараф этади.

Бальзамлардан узлуксиз фойдаланиш муҳим
Ухлашдан аввал оғиз бўшлиғини тозалаш натижасида, шунингдек, юзни косметик воситалардан халос қилгандан сўнг лабда қуриш ҳолати кузатилиши мумкин. Шу заҳоти лаб учун махсус бальзам суришни унутмаслик керак. Бундан ташқари, бальзамни ётоқхона, иш жойи, машина ва сумкада ҳам олиб юриш ва вақти-вақти билан ундан фойдаланиш тавсия этилади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Совуқ мавсумда лаблар қуримаслиги учун 5 та фойдали маслаҳат