18:18 / 25.02.2021
2 150

Тишлар саломатлиги учун зарарли ва фойдали маҳсулотлар

Тишлар саломатлиги учун зарарли ва фойдали маҳсулотлар
Фото: Getty Images
Шифокор Хуршид Аъзамхўжаев тишлар гигиенасида нималарга эътибор бериш кераклиги ҳақида тавсиялар беради.

Соғлом тишлар тўғри овқатланиш ва тишлар гигиенасига асосланган. Овқатланганимизда тишлар орасида ва тиш чуқурчаларида овқат қолдиқлари тиқилиб қолади, бу қолдиқларда оғиз бўшлиғидаги бактериялар ривожланиб органик кислоталар ҳосил қилади, кислоталар таъсирида тишлар устида юпқа чирк ҳосил бўлади ва минерал модалар билан реакцияга киришиб, тиш тошларига айланади. Тиш чирклари ва тиш тошлари таркибидаги бактерияларга шакар, таркибида шакар бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари озуқа манбаи бўлиб хизмат қилади.

Тишларнинг асосий душмани — шакар
Оғиз бўшлиғидаги бактериялар углеводларни кислотага айлантиради. Ушбу кислоталар тишларга «ҳужум» қилади ва қаттиқлик учун жавоб берадиган минералларни йўқ қилади. Натижада тиш қопламаси юмшайди ва кариес пайдо бўлади. Бундан ташқари, шакар пародонтитни қўзғаши мумкин. Шакар парадонтитни қўзғайдиган бактерияларни кўпайиши учун идеал озуқа ҳисобланади. Тишларнинг касаллиги шакарнинг миқдорига эмас, кун давомида қайта-қайта истеъмол қилишимизга боғлиқ ва ҳар сафар ҳосил бўлган кислота тишларимизга қайта таъсир қилаверади.

Яхши чайнаб ютиш керак бўлган сабзавотлар, мевалар ва бошқа озиқ-овқатлар сўлак ишлаб чиқаришни кўпайтиради. Сўлак тишларнинг соғломлиги учун жуда муҳимдир, чунки у ҳимоя вазифасини бажаради: зарарли кислоталарни зарарсизлантиради, тиш сирти қаттиқлигини тиклайди ва оғиз бўшлиғини тозалайди. Масалан, овқатдан кейин ейилган олма, тиш чўткаси вазифасини бажаради ва тишлар устида чирк пайдо бўлишининг олдини олади.

Иккинчи рақамли тиш душмани — лимон кислотаси
Лимон кислотаси тишлар билан алоқа қилганда тиш эмалини юмшатади ва эррозияга олиб келади. Coca-Cola, цитрус шарбатлари каби ичимликлар тиш эррозиясига олиб келиши мумкин. Бу жараённи қўзғатиш учун кунига атиги икки пиёла ичимлик ҳам кифоя қилади. Кўпгина ҳатто «соғлом« ичимликларда ҳам лимон кислотаси мавжуд. Ичимликлар ва баъзи тайёр озиқ-овқатлар таркибидаги лимон кислотаси уларни сақлаш муддатини ошириш учун қўшилади. Зарарли таъсирининг олдини олиш учун бу ичимликларни найча орқали ичганингиз маъқул.

Тиш учун нима фойдали?
Кариес туғма касаллик эмас, балки орттирилган касалликдир. Янги туғилган чақалоқларда кариесга олиб келувчи бактериялар йўқ, улар ота-оналар ва бошқалар билан алоқа қилиши орқали оғиз бўшлиғига киради. Шунинг учун болалар ўз қошиқларига эга бўлишлиги керак, бола сўрғичларини тозалагандек бўлиб, ялаб болага бериш нотўғри.

Сут ва сув тишлар учун идеал ичимликдир. Чой ва қаҳва зарарли эмас, бироқ сўлак ишлаб чиқаришни камайтиради, бу оғиз тозаланишини сусайтиради.

Кальций тишларни шаклланишида ва уларнинг соғломлигини сақлашда муҳим рол ўйнашини биламиз . Кальцийга бой маҳсулотларга творог, пишлоқ, кунжут, бодом, балиқ киради. Вояга етган одамнинг кунлик кальцийга бўлган эҳтиёжини қоплаш учун 100 грамм пишлоқ истеъмол қилиши кифоя.

Овқатланиш одатларини ўзгартириш деярли мумкин эмаслигини эътиборга олиб, олимлар кариес пайдо бўлишни сабабларини ўзгартириш йўлларини излашмоқда. Тиш устини қоплаган юпқа чиркка таъсир қилиш йўли билан кислотани ишлаб чиқариш босқичида тўхтатиш мумкин экан. Гап шундаки, тиш устини қоплаган юпқа чирк микрофлораси нафақат кислота ҳосил қилувчи, балки ишқор ҳосил қилувчи бактерияларни ҳам ўз ичига олади. Бу бактерияларга озуқа бўлиб аргинин хизмат қилади. Бунинг натижасида тишни қоплаган юпқа чирк ва оғиз бўшлиғида кислота камаяди ва тиш эмалига таъсири сустлашади.

Аргинин – бу табиий аминокислотадир. У сўлак ва кўплаб озиқ-овқатларда мавжуд. Озиқ-овқат қўшимчаси сифатида кўпгина, шу жумладан, болалар озиқ-овқатларига қўшилади. Америка Озиқ-овқат ва фармацевтика назорати бошқармаси томонидан аргенин озиқ-овқат маҳсулотларида хавфсиз таркибий қисм сифатида тан олинган. Аргининни шу хусусиятидан келиб чиққан ҳолда замонавий тиш пасталарига эримайдиган кальций, фторидлардан ташқари аргинин ҳам қўшилмоқда. Натижада кариес деярли 30 фоизга камайган. Кариес пайдо бўлишнинг олдини олишдаги тадқиқотлар давом этмоқда.

Кексаликка қадар тишларингизни соғлом сақлаш учун оғиз гигиенасининг асосий қоидаларига риоя қилиш керак. Тишларни кунига икки маҳал тиш пастаси билан тозаланг, тиш тозалагич ипларидан фойдаланинг. Стоматологга мурожаат қилиб, тиш тошлари ва чиркларидан тозалатиб туринг.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Тишлар саломатлиги учун зарарли ва фойдали маҳсулотлар