Фото: Freepik
Ишдаги муҳитнинг «бузилиши», ҳамкасблар кўзига ёмон кўриниб қолишнинг олдини олиш учун қуйидаги одатлардан воз кечган яхши.
Гигиенага риоя қилмаслик
Гигиена қоидаларига риоя қилмаслик ёки аксинча, атирни ҳаддан ортиқ сепиб олиш атрофдагиларга ёқмаслиги табиий. Шу сабаб ҳам уйдан чиқаётганда сиздан ёмон ҳид анқимаётгани ва ўткир атир ифори бошқаларни асабийлаштирмаслигига амин бўлинг. Аксарият ҳолларда ёмон ҳид анқишига терлаш эмас, вақт ўтиши билан кўпаядиган бактериялар сабаб бўлади. Бу муаммони бартараф қилишда эса душ қабул қилиш яхши самара беради. Қолаверса, кийимларнинг тоза ва ювилган бўлишига эътибор қаратинг.
Ҳиди чиқадиган таом ёки егуликни иш жойида истеъмол қилиш
Саримсоқли, пиёзли таом ёки кабоб егандан кейин ҳамкасблар нима учун сизга ўқрайганига ҳайрон бўлиб юрманг. Хонага тарқаганидан ташқари, овқат ҳиди кийимга ҳам ўтириб қолиши мумкин. Қолаверса, парҳез тутаётган, тушлик қилишга улгурмаган ҳамда гастрити бор ҳамкасбларингиз сизни бу қилмишингиздан кейин хурсанд бўлмаслиги аниқ. Шу сабабдан ҳам ташқарида овқатланиб келинг, вақтингиз бўлмаса, ҳиди чиқмайдиган егуликни бошқа хонага чиқиб, еб олинг.
Тартибсизликка сабаб бўлиш
Ювилмаган идишни раковинада, буюмларни стол устида қолдириб кетиш, умуман, тартибсизликларга сабаб бўлиш яхши эмас. Кўпчилик бор жойда нарсаларни ташлаб кетиб, муаммоларга сабаб бўлманг.
Ҳамкасбларга тегиниш
Қучоқлаш, бармоқ билан тегиниш ва шунга ўхшаш ҳолатлар ҳеч кимга ёқмаслиги аниқ. Тегиниш тугул, ҳаддан ортиқ яқин келиш ҳам кимларнингдир ўзини ноқулай ҳис қилишига сабаб бўлиши мумкин. Ўзбошимчалик билан ҳаракат қилманг, кимнингдир елкаси чанг бўлган тақдирда ҳам шошқалоқлик қилиб, ёрдам бермасдан бу ҳақда ўша одамнинг ўзини огоҳлантириб қўйганингиз яхши.
Кимдир сўрамаса ҳам шахсий маълумотлар билан бўлишиш
Суҳбатдошига ёқиш-ёқмаслиги, уялаётгани ёки қизараётганига қарамай, жағи тинмайдиган одамлар йўқ эмас. Вазият тақозоси билан ҳар куни бирон киши ёки кишилар гуруҳи билан дуч келиш, улар билан қадрдон ёки яқинликни билдирмайди. Иш, ўқиш билан боғлиқ ёки бошқа тасодифан дуч келган одамлар вақт синовидан ўтмаган ва ҳар икки томонда самимий муносабат бўлмаса, ўзига ҳаддан ортиқ яқин олиб юбормаслик керак.
Ўзини касалга солиш, чорасиз кўрсатиш
Бошқалар ишлаётган бир вақтда вазифани камроқ бажариш учун ўзини касалга солиш яхши эмас. Ўзи умуман бирон камчилик ёки муаммо сабаб ўзини чорасиз кўрсатиш, оқибатда муносабатларнинг ёмонлашишига сабаб бўлади. Гап шундаки, аввалига сиз ёки ҳамкасбларингиз шундай кишига ёрдам беришга ҳаракат қилади. Аммо ўша киши атрофдагиларнинг раҳмини келтириши ва бундан фойдаланишини бир кун келиб тушуниб етиш ҳафсала пир бўлишига олиб келади. Одамлар ялқовлик ёки ишнинг бировнинг елкасига юклаб қўйилишини кечириши мумкин, аммо ўзларининг аҳмоқ қилингани ва раҳмдиллигидан фойдаланилганини кечира олмайди.
Касал ҳолда ҳам ишга келиш
Тана ҳарорати кўтарилган бўлса ҳам ишга келган одам ўзи учун қаҳрамондир, лекин бошқалар кўз ўнгида вирус тарқатадиган касаллик манбайи бўлади. Ҳаво томчи йўли билан тарқаши мумкин бўлган касалликка чалинган бўлсангиз, яхшиси даволанмагунча ишга борманг.
Телефон овозини ўчириб қўймаслик
Хонадан чиқиб кетган ҳамкасб телефонининг тинмай жиринглаши бошқаларнинг иш жараёнига таъсир қилмай қолмайди, асабийлашишига сабаб бўлади. Шу сабаб ҳам жамоат жойида телефонни овозсиз режимга қўйиб қўйиш ёки уни чўнтакда олиб юриш керак.
Шахсий масалаларни телефонда муҳокама қилиш
Ҳамма ўтирган жойда телефонда гаплашиш одамларни ишдан чалғитади, қолаверса, шахсий гапларни ҳамманинг олдида гаплашиш дардни дастурхон қилиш билан баробар. Иш вақтида иш билан машғул бўлиш, шахсий муаммоларни эса ишдан ташқарида муҳокама ва ҳал қилиш керак.
Мусиқанинг овозини баланд қилиб эшитиш
Мусиқани баланд овозда эшитиш бошқалар диққатини тўплашга халал бериши мумкин. Шу сабаб ҳам ўзингизга ёққан мусиқани яхшиси қулоқчинда эшитинг. “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
БААда исроиллик раввин ўлдириб кетилди
Украина Курск областида эгаллаб олган ҳудудларининг 40 фоиздан ортиғини йўқотди
Медведев: Махсус ҳарбий операция учун қуролларнинг аксарияти Россияда ишлаб чиқарилади
Абдусалом Азизов Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашига ўтказилди
Европа суперклуби Ўзбекистон терма жамоаси ўйинчиси трансфери бўйича иш бошлади
Филиппинда амалдор президент ва рафиқасини ўлдириш учун қотил ёллади
Максим Шацких "Истиқлол"га қарши ўйин олдидан нималар деди?
Хонанда Муниса Ризаева илк марта она бўлди