20:25 / 31.07.2021
3 556

«Азобли йилларим учун ҳеч кимни айбламайман, фақат шукр қиламан» — ҳаёт синовларида синмаган аёл ҳикояси


Ёшим 41да. Самарқанд вилоятиданман. 18 ёшимда ўзим истамаган инсонга турмушга чиқдим. Эрим менга очиқчасига хиёнат қиларди. Кўз юмардим. Оилам бут бўлсин, деб савдогарлик қилдим. Уйнинг ҳам эркаги, ҳам аёли эдим. Аёллик вазифасини ҳам унутмадим. Шунда ҳам таҳқирландим, зўрландим. Болаларим келажаги учун Россия, Туркияда муҳожирликда умримни ўтказдим. Бошимдан ўтганлари учун ҳеч кимни айбламайман. Бу менга берилган синов...

Уйда Қурбон ҳайитини ўтказиб, Тошкентга қараб йўл олдим. Автобусда бир аёл билан ҳамроҳ бўлдик ва суҳбатлашиб кетдик. Бошидан ўтганларини эшитиб, ўзимда ғалати ҳиссиёт ўтди: мени қийнаётган кундалик муаммолар бу аёл бошидан ўтказганлари олдида сомон уюми ичидаги бир чўпдай эди. Ношукрлик қилиб қўйдим, деб ўзимни айбладим.

Аёл ўз тақдири ҳақида гапира туриб, бошқалардан фарқли ўлароқ кимнидир айбдор қилмади, нима бўлгандаям барчаси учун Аллоҳга шукр қиламан, бундан баттари бўлиши мумкин эди, деган гаплари жуда таъсирлантирди. Ажабмас, қаҳрамонимнинг қисмати кимлар учундир хулоса қилишга, балки тўғри йўл танлашга туртки бўлса.

“Отамнинг гапини икки қилолмадим”
18 ёшимда узоқроқ қариндошимга турмушга чиқдим. Дадам қариндошимизга ваъда бериб қўйгани, ўртада қариндошлик муносабатлари мустаҳкамланиши учун унга турмушга чиқдим.

Бундан аввал бир йигит билан аҳд-у паймон қилгандик. Уйимизга бир неча марта совчи жўнатди, кўп ҳаракат қилди, отам кўнмади, чунки қариндошимизга лафз қилганди. Онам у йигитни севишимни биларди. Отамга на мен, на онам гап ўтказа олардик. Дадам қатъий жавобини айтгач, севгимдан воз кечиб, ноилож рози бўлдим.

“Эрим ўз уйимда менга хиёнат қилди”
Турмуш қуришимизга отамдан бошқа ҳамма қарши чиққанди. Чунки эрим ўзига тўқ оиланинг эрка фарзанди эди, кенжа фарзанд бўлгани учун айтганини қилдирадиган, дунёқараши жуда тор, енгил-елпи ҳаётни яхши кўрарди. Маишатбозлик, “тунги капалаклар” жон-у дили эди. Тўйдан олдин ўзим эшитгандим. Уйлангач, ҳаммаси яхши бўлиб кетар, деб ўйлагандим.

1998 йилда турмуш қурдик. Ўша пайтлардаги энг дабдабали тўйлардан бири бўлди. Бир йил хотиржам яшадик, кейин қиз фарзандли бўлдим. Овсиним, қайнакам, қайнона-қайноталар билан бир ҳовлида яшардик. Қайнакам тўйларга чиқиб, созандалик қиларди. Эрим акасига ёрдам бериб, тўйларга чиқиб юрарди.

Эрим уйга кеч қайтарди. Нима иш қилиб юришини билардим. Кўриб кўрмаганликка олиб юравердим. Уйдагиларимга бу ҳақда бирон марта айтиб бормаганман. Тўлиб кетганимда онамга айтардим, “Сабр қил, қизим”, деб овунтирарди. Оиламизда шундай тарбия кўргандикки, уйдаги гапни кўчага олиб чиқмасдик. Шу сабабли эрим қанча уришса, урса, хўрласа, ҳеч кимга билдирмаганман.

Бир куни эрим тўйга кетди. Тўйни ўтказиб, уйга бир қиз билан кириб келди. Уйига боришга кеч бўлганини баҳона қилиб, раққоса қиз бир кеча бизникида тунади. Уни ҳурматини жойига қўйиб, кутиб олдим. Алоҳида хонага жой ҳам солиб бердим. Қизим ҳали бешикдаги чақалоқ эди. Кечаси уйғониб кетди, овқатини бераман, деб турсам, эрим олдимда йўқ.

Билиб турибман, эрим ўша қизнинг олдида эканини. Кирсам, жанжал чиқишидан қўрқдим. Ўз уйимда эрим менга хиёнат қилаётганини била туриб, кўз юмдим. Эртаси куниям эримга ҳеч нима демаганман. У ҳам ҳеч нимани билмагандек юраверди.

“Болаларим келажаги учун ўзимни ўтга-чўғга урардим”
Эримнинг топиш-тутиши яхши эди, лекин ундан ҳеч нарса сўрамасдим. Уйга нимадир олиб келинг, деб айтиш ўрнига рўзғорни ўзим бутлардим. Савдогарлик қонимда бор эканми, шу касбнинг бошини тутдим. Тошкентдан майда-чуйда нарсалар олиб келиб сотардим. Аввал эрим, қизим ва ўғлимга керакли кийимларни олиб, кейин сотиладиган буюмларни олардим. Уйнинг кам-кўстини тўлдириш, эрим ва болаларимнинг эҳтиёжларини қондиришни биринчи навбатдаги вазифам, деб билардим.

Кечаси соат 2-3 ларда аёл бошим билан қоп орқалаб уйга чарчаб келардим. Шундай пайтларда эрим бирон марта ҳол-аҳвол сўрамаган.  
Эримга қўнғироқ қилиб, Тошкентга кетяпман, болаларга қараб туринг, деб айтсам, майли, ўзинг бориб келавер, мен уйдаман, деб мени алдарди. Бир куни савдогар аёллар билан биргалашиб автобусда Тошкентга кетаётганда олдимизда турган бир машинада эрим бегона аёл билан қучоқлашиб ўтирганини кўриб қолдим. Ўша пайтда танишларим олдида қанақа аҳволга тушганимни ўзим ва Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Автобусдан тушиб, жанжал кўтариш ҳақида ўйладим.

Шу пайт олдимдаги савдогар дугонам ҳозир ҳамманинг эътиборини тортиб, билмаганларга билдириб, эл олдида шарманда бўлмагин, ҳаммаси яхши бўлади, деди. Чидагин, у кўчадаги фоҳиша, сен эса уйдаги аёлисан, деб мени шаштимдан қайтарди. Уйга бориб эримга бўлган ишларни айтсам ҳам тан олмади. Бунақа ҳолатлар жуда кўп бўлган.

“Сотувчилар эрингиз йўқми, деб сўрашарди”
Қайнона-қайнотамнинг уйидан алоҳида бўлиш учун ўзимизга уй қурдик. Қурилишга нима керак бўлса, барчаси учун ўзим елиб-югурдим. Қурилиш материаллари сотиб олиш учун бозорга борсам, савдогарлар эрингиз йўқми, деб сўрарди. Уларга баҳона қилиб, эримнинг тоби йўқ, дердим.

Савдогарликдан топган даромадимни қурилишга сарфладим. Эрим ҳеч қачон мана бу пулни ишлат, деб айтмаган. Топганини кўчага сарфларди, мен ҳам пули қаерга кетганини сўрамасдим. Уйда бирор кун ишлатишга керак бўлади, деб пул сақланмасди. Эрим қизлар билан айш-ишрат қилиб юрганида, ҳали савдога ўзимни уриб, ҳали усталарнинг ош-овқатига қараб юрардим.

“Эрим тўшакка михланганда тилла тақинчоқларим, мебелларни сотдим”
Орадан бироз вақт ўтгач, эримнинг бели, оёғи оғрийдиган бўлиб қолди. Кечалари ухламасди, уқалаб чиқардим. Шифокорга борганимизда, ревматизм, радикулит ташхиси қўйилди. Турли шифокорларга бордик, нотўғри даволаниш ҳам бўлганини айтишди.

Бир оёғи ишламай қолди. Кейин Самарқанд шаҳрига шифохонага бордик. У ерда орқа мия саратони ташхиси қўйилди. Турмуш ўртоғим болалигида йиқилиб тушганида, лат еган экан. Унчалик эътибор бермаганлиги туфайли касаллик йиллар давомида ривожланган. Бир ҳафта операцияга тайёрлашди, икки ой шифохонада қолиб даволанди.

Тилла тақинчоқларим, мебелларимни сотиб, эримнинг операцияси учун сарфладим. Бегонага эмас, эримнинг опаси, жиянига сотганман. Яхши кунларимга ишлатаман, деб ният қилиб олган узукларимни ҳалигача уларнинг қўлида кўраман. Эримнинг яқинлари ҳам оз бўлса-да ёрдам беришди. Қайнакам қон берди, қайнотам уйдаги сигирни сотиб, бизни кўришга келганларга гўшт тарқатди.

Икки ой уйқумда ҳаловат бўлмади. Эримнинг олдидан силжимай қарадим. Икки ой даволангач, эримни операция қилишди. Операциядан кейин ҳам маълум муддат шифохонада қолдик.

“Эр киши қиладиган ишни аёл ўз зиммасига олиши керак эмас экан”
Уйга жавоб беришди. Бир йил умуман ўтириш мумкинмас, дейишди. Уйда ҳам қарадим. Оғир меҳнат қўлидан келмагани учун ўтириб ишлайдиган иш қидира бошлади. Кейин электр тармоқлари корхонасига ёзув-чизув ишларини қиладиган ишга кирди. Ойлиги яхши эди.
Эрим пул топяпти, деб уйда ўтирсам бўларди. Лекин яна савдогарлик қила бошладим. Чунки ўзи табиатан кимгадир муҳтож бўлишни истамасдим. Ҳамма юкни ўз бўйнимга олишим керак, деб янглиш ўйлаганман. Ҳозир ўйласам, энг катта хатом шу бўлган экан.

Эрим рўзғорнинг кам-кўстлари ҳақида сўрамасди. Айбим шуки, булар ҳақда эримга айтмаганман. Савдога чиққанимда уйга керакли нарсаларни ўзим уйга олиб келиб қўярдим. Уйда гўшт ёки бошқа масаллиқ йўқлигини, келишида олиб келишини айтмасдим. Дўконга чиқиб ўзим олиб келиб, эрим келишига овқатни тайёрлаб қўярдим. Эримнинг кўнглини олиш мақсадида чидардим инжиқликларига. Аслида, ҳаммасини тайёрлаб қўйганим учун ҳам қадрсизга айландим.

Савдогарликдан топган пулимни уйда сақлардим. Пулим йўқола бошлади. Кимдан шубҳаланишни билмасдим. Қарзга кириб кетаверганим учун савдогарликни ташладим. Кейин ўзимни пишириқ савдосига “урдим”. Тонггача пишириқ тайёрлаб, бозорга олиб чиқиб сотардим.

“Эрим зинадан итариб юборди”
Эримнинг сон-саноқсиз хиёнатлари мени адойи тамом қилди. Кўчада кўпчиликдан эшитардим. Кимдан фарзандли бўлгани номаълум бир енгилтак қизга илакишиб қолди. Бу ҳолатгаям доимгидай кўз юмдим. Эрим фоҳиша аёллар билан қилган ишларини мен билан қилишни талаб қиларди. Хўрлигим келарди. “Мен сизнинг аёлингизман, кўчадаги енгилтак қизларингиз эмасман”, десам, сен менинг қонуний хотинимсан, ҳаққим бор ҳаммасига, дерди. Хўрлик-у зўрликка чидолмасдан ўзимни ўлдиришга ҳам уриндим.

Бир куни эримнинг туғилган кунини бир ресторанда ўтказдик. Ҳамма қариндошлар йиғилди. Зиёфат ўртасида кўринишидан енгилтабиат икки қиз кириб келди. Зиёфат охирлаб ҳамма кета бошлади. Фақат эркаклар қолди. Мен қолган-қутганларни йиғиб, уйга ташлаб келиш учун кетдим. Қайтиб келсам, эрим ўша қизлардан бири билан вальсга тушаётган экан.

Табиийки, жаҳлим чиқди. Ўртада катта жанжал бўлди. Эрим мени ҳамманинг олдида ҳақоратлади. Кейин қўлимни силтаб юборди, мувозанатни йўқотиб, зинадан йиқилиб тушдим. Бошимдан жароҳат олганим учун ўшандан кейин бошим тез-тез оғрийдиган бўлди. Ҳаммасидан чарчаганимдан ота уйимга кетиб қолдим. Мени сўраб келмади.

Бир куни жиянини жўнатибди. Уйда усталар ишлаяпти, овқат қилиш учун тез келсин, деб айттириб юборибди. Бормаслигимни айтдим. Бироздан кейин ўзи кириб келди. Уйда келинимдан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Бошимни бетонга уриб кетди. Қаттиқ зарба едим. Тез ёрдам чақирдик. Акам қайтиб боришимни талаб қилди. Бордим. Яна ўша аҳвол. Опамга телефон қилиб, мендан талаб қилаётганларини айтиб бердим. Опам келди, акамгаям тушунтирди. Икки боламни олиб, чиқиб кетдик.

“Россияга ишлашга кетдим”
Ота уйимда бироз муддат яшадим. Уйда ўтириш, уйдагиларнинг қўлига қараб туришга виждоним чидамади. 2011 йил эди. Худога таваккал қилдим-да, болаларимни олиб Тошкентга бордим. Қибрайда синглимнинг бўш турган уйига жойлашдик. Ўғлимни ўқишга, синглимни ўқув-марказига жойлаштирдим. Ўзим шим тикадиган цехда ишладим. Олти-етти ой ишлагач, раҳбаримиз Россиядаги корхонанинг филиалига ишчи кераклигини айтди. Кетишга қарор қилдим. Болаларимни опамникига ташлаб, 2013 йилда Россияга учиб кетдим.

Турклар очган фирма экан. Турк тилини билганим учун таржимонлик қилдим. Дам олиш кунлари бўш ўтирмаслик учун турк раҳбаримизнинг уйига бориб, тозалаш ишларини қилардим. Турк оиласига ишим маъқул келди, шу сабабли мени жуда ҳурмат қилишарди, ёрдам беришарди. Россияда доллар қиймати ошиб кетганидан кейин турклар фирмасини ёпиб, Туркияга қайтиб кетишди. Мен ҳам Ўзбекистонга қайтдим. Орадан 10 кун ўтиб, фирма раҳбарининг аёли телефон қилиб, боласига энагалик қилишим учун Туркияга таклиф қилди. У ерда 4 йилдан ортиқ туркларнинг фарзандига қарадим.

“Болаларим олдида айбдорман”
Шунча йилларим муҳожирликда ўтган бўлса, топган даромадимни болаларимга кийим-кечак, керакли буюмларни олишга сарфладим. Болаларим олдида ўзимни айбдор, деб билардим. Чунки уларнинг болалиги ота-онасиз ўтди, энг ширин дамларни ҳадя қилолмадим, деб ич-этимни тирнайман. Ортиқча пул йиғиб қўйишни ўйламаган эканман. Яқинларим қарз сўраса, бериб юбораверганман. Ҳозир кўчада 13-14 минг доллар пулим бор, ҳали ололганим йўқ.

Туркияда тўрт йил ишлаганимдан кейин Ўзбекистонга қайтиб келдим. Бироз муддат ўтиб, Россияга ишлашга кетдим. Қизимни ҳам чақирдим, бирга Москвада ишладик. Эрталаб тонг саҳарда кириб, кечки пайт ишдан чиқардик. Йигирматадан кўпроқ хонани бўлишволиб, қизим иккимиз тозалаб чиқардик. Икки йил ишлаб, Ўзбекистонга қайтдик. Карантин бошланганидан бери шу ерда қолиб кетдим.

Ҳозир қизим билан Тошкентда ижара уйда яшаймиз. Бирга тикув цехида ишлаймиз. Топганимиз ижара пули, еб-ичишга зўрға етиб турибди. Ўғлим дадаси билан Самарқандда ўз уйимизда яшайди. Эрим бу орада бошқа аёлга уйланди, ундан бир қизи бор. У эрим билан ўша уйда яшаяпти.

Қизим Самарқанд давлат университетига ўқишга кирди. Лекин имкониятим бўлмагани учун таътил олишга мажбур бўлдик.  
Умримиз шу тариқа ўтяпти. Бошимдан ўтганлари учун ҳеч кимни айбламайман. Бундан ҳам баттари бўлиши мумкин эди-ку, деб ўзимни овутаман. Барчасига шукр қилиб яшаяпман.

Муҳаббат Маъмирова суҳбатлашди.
Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » «Азобли йилларим учун ҳеч кимни айбламайман, фақат шукр қиламан» — ҳаёт синовларида синмаган аёл ҳикояси