12:02 / 04.08.2021
2 998

Организмнинг сувсизланганидан дарак берувчи 6 белги


Фото: Getty Images
Сув ичиш организмдаги аъзолар фаолияти, саломатлик ва кайфиятнинг меъёрда бўлишида муҳим рол ўйнайди. Суюқлик балансининг бузилиши эса турли муаммоларга олиб келиши ва белгилар билан намоён бўлиши мумкин.

Қуруқ тери
Тери организмга сув етишмаётганидан дарҳол белги беради. Ранги сўлғин бўлади, қуриш кузатилади. Авваллари унча билинмаган ажинлар кўзга ташлана бошлайди. Кўз остидаги ҳалқалар эса яна ҳам қорароқ бўлиб кўринади. Кўпчилик муаммога доимий равишда намлантирувчи крем суртиш билан ечим топмоқчи бўлади. Аммо кўпроқ суюқлик истеъмол қилинмаса, бундан фойда бўлмайди. Қолаверса, косметологлар ювиниш учун даражаси тананикидан юқори бўлмаган ҳароратли сувдан фойдаланишни тавсия қилинади.

Чарчоқ
Суюқлик миқдорининг етарли бўлмаслиги ҳолсизлик ва чарчоққа сабаб бўлиши мумкин. Организмдаги сувсизланиш ҳисобига артериал қон босими пасайиб кетади, юрак ритми жадаллашади, мияда қон яхши айланмаслиги эса чарчоқ ҳиссини келтириб чиқаради. Шу сабаб ҳам қаҳва ичишдан аввал, бир стакан сув ичишни эсдан чиқарманг. Бу сизни тетиклашишингизга ёрдам беради.

Жиззакилик
Сабабсиз асабийлашиш ва жиззакилик сизга бегона бўлмаган вақтларда бир стакан сув ичишни канда қилманг. Кайфият тўғридан-тўғри организмдаги суюқлик миқдорига боғлиқ бўлади: Бир нечта ўтказилган тадқиқотларда сувнинг меъёрдан ҳатто 1 фоизга кам бўлиши ҳам инсон ўзини ёмон ҳис қилишига олиб келиши аниқланган.

Бош оғриғи
Суюқлик етишмаслиги кучли бош оғриғига сабаб бўлиши мумкин. Сувсизланиш қондаги серотонин миқдорига таъсир қилиб чакка соҳасида оғриқ келиб чиқишига олиб келиши мумкин. Қолаверса, бош миядаги майда қон-томирлар сувсизланишга нисбатан тез муносабат билдиради — меъёрдагидан кам бўладиган бўлса, кучли мигрен келтириб чиқариши мумкин. Шуни инобатга олган ҳолда оғриқ қолдирувчи қабул қилишдан аввал икки стакан сув ичиб кўринг.

Мушаклар спазми
Сув етарли миқдорда қабул қилинмаганда, қон айланиши секинлашиши бу эса мушаклар спазмига олиб келиши мумкин. Организм мушаклардаги суюқлик ҳисобига ҳаёт учун муҳим аъзоларнинг сувсизланмаслигини олдини олади.

Шишлар
Сув етишмаганда организм бор суюқликни ҳужайраларда ушлаб туришга мажбур бўлади. Бу эса қон айланиши, моддалар алмашинуви жараёнининг секинлашишига ҳамда шишлар пайдо бўлишига олиб келади. Кўпчилик, шишлар суюқликнинг ҳаддан ортиқ экани сабаби юз беради деб ўйлайди ва бу муаммога истеъмол қиладиган суюқлик миқдорини камайтириш билан ечим топмоқчи бўлади.

Аммо бу усул тескари таъсир кўрсатиб, шишларнинг ортишига сабаб бўлади. Ушбу ўзгаришни бартараф қилиш осон. Шифокорлар 1 кило вазн учун 30 миллилитр яъни кун давомида 2-2,5 литр сув ичишни тавсия қилади. Чой, қаҳва, шарбат ва лимонадлар сув ўрнини боса олмайди. Аксинча, организмни сувсизлантиради. Шу сабаб ҳам уларни ҳаддан ортиқ даражада истеъмол қилмаслик керак.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Организмнинг сувсизланганидан дарак берувчи 6 белги