16:20 / 13.10.2021
2 271

Қандли диабет касаллигида оёқларни қандай парвариш қилиш керак?

Қандли диабет касаллигида оёқларни қандай парвариш қилиш керак?
Фото: Pinterest
Қандли диабет касаллигида қонда глюкоза миқдорининг ошиши майда қон томирларини ва асаб толалари рецепторларини шикастлайди, бу тўқималарни озиқланиши ва қон билан таъминланишнинг бузилишига олиб келади. Натижада оёқларда жиддий асоратлар ривожланиши учун замин яралади.

Қандли диабет касаллигида оёқларда яра ривожланишининг асосий омиллари
  • Оёқ кийимининг ҳар қандай нуқсонлари – терининг эзилишига ёки ишқаланишига, микроишемияга олиб келади, натижада яра пайдо бўлади.
  • Тана вазнининг ортиши оёқнинг ҳар бир бўғимига, айниқса, кафти юзасига юк тушишини кўпайтиради.
  • Тери юзасининг қалинлашиши – қандли диабет касаллиги фонида терида метаболик жараён бузилиши туфайли юзага келади.
  • Терининг майда жароҳатлари.

Оёқларни парвариш қилиш қоидалари
1. Тери қуриб қолмасин. Ҳар куни оёқларни оддий болалар совуни билан яхшилаб ювиш лозим, сув ҳарорати юқори бўлмаслиги керак. Ювиш жараёнида бармоқлар орасидаги терига алоҳида аҳамият берилади. Оёқлар юмшоқ сочиқ билан яхшилаб артилади ва намлантирувчи кремлардан фойдаланилади. Терининг эластиклигини сақлаш зарур, чунки қон томирларининг узоқ вақт шикастланган ҳолда бўлиши терини жуда қуриб қолишига ва осонлик билан ёрилишига сабаб бўлади. Яхши ёритилган жойда оёқлар ва кафт кўздан кечирилади. Бармоқлар орасидаги терига, тери қатламидаги ёриқлар, тирналган, қавариқ жойлар, яралар, тери рангининг ўзгаришига, ҳарорат ва таъсирни сезиш қобилиятига эътибор берилади.

2. Тирноқларни жуда қисқа қилиб ва бурчакларини айлана тарзда олиш мумкин эмас.

3. Пойабзал қулай бўлсин. Пойабзални синчиклаб танлаш лозим, у тегишли ўлчамда ва қулай бўлиши керак. Орқа тарафи мустаҳкам, усти юмшоқ, тумшуғи кенг ёки тўртбурчак шаклда, амортизацияси яхши спорт пойабзали ёки кроссовка кийган маъқул. Бу каби пойабзалларнинг патаклари олинади ва уларни вазиятга қараб алмаштириш мумкин, масалан оёқ шишганда.

4. Оёқларингиз тагини асраш керак. Кўчада ҳам, уйда ҳам оёқяланг юриш тавсия этилмайди. Табиий матолар – жун, пахтадан тайёрланган оқ тусли пайпоқ кийган маъқул. Пайпоқ резинаси оёқни қисмаслиги керак, акс ҳолда оёқларда қон айланиши бузилиши мумкин. Пайпоқларни иложи борича ҳар куни алмаштириш керак.
Оёқдаги яраларни даволашда эътиборли бўлиш лозим

Қандли диабет касаллигида оёқ кафтлари озгина шикастланса ҳам узоқ вақт битмайди ва фаол даволашни талаб этади. Бундай пайтда яраланган жойга антисептик суртилади – масалан, 70 фоизли этил спирти 3 фоизли перекись водород эритмаси билан аралаштирилади. Зелёнка ёки йод каби антисептиклардан фойдаланиш мумкин эмас, чунки дорининг ранги шифокорга яллиғланиш даражасини ва инфекция бор, йўқлигини аниқлаш имконини бермайди. Агар яра 2-3 кун давомида битмаса, шифокорга мурожаат қилиш зарур. Ўз-ўзини даволашда касаллик чуқурлашиб кетмаслигининг олдини олиш керак.

Шифокор Хуршид Аъзамхўжаев тавсиялари асосида тайёрланди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Қандли диабет касаллигида оёқларни қандай парвариш қилиш керак?