Ким Кардашьян телеюлдуз, модель ва фарзанд тарбияси билан бирга бизнесдаги муваффақиятни умумлаштира олган аёл сифатида яхши маълум. 1980 йил таваллуд топган Кардашьян хоним 21 октябрь куни 41 ёшни қаршилади. Шу муносабат билан унинг машҳурликка эришиш борасидаги қоидалари ҳақида маълумот бериб ўтамиз.
Биринчи қоида: ўрнак олиш
Ушбу тавсия кўплаб бизнес-тренингларда берилади. Тан олиш керак ўз йўлини топишдан кўра кимгадир эргашиш осонроқ. Аммо ошириб юбормаслик, масалан, Мэрилин Монро сингари шон-шуҳратни орзу қилмаслик керак. Муваффақиятга эришган қариндошингиз энг яхши ўрнак бўлиши мумкин. У сизга маслаҳат билан ёрдам бериши ва тўғри йўналтириши мумкин. Ким Кардашьяннинг бу борада омади чопган. Онаси Крис Женнер унинг болаликдаги кумири бўлган.
«Мен ҳамиша онамдан илҳомланганман, унинг кийиниш услуби ва ўзини тутишига тақлид қилганман ва бунинг уддасидан чиқдим, деб ўйлайман», — деган Ким интервьюларидан бирида.
Маълумот учун, Крис Женнер 6 нафар фарзанднинг онаси. У биринчи собиқ турмуш ўртоғи, Америкадаги машҳур адвокатлардан саналган Роберт Кардашьян соясида мода оламидаги казо-казолар даврасида ўрнини топган. У ҳали ҳамон подиум ва кечки зиёфатларнинг энг азиз меҳмонларидан бири саналади. Кимга устозидан ўзиб кетган шогирд деб таъриф берса ҳам янглиш бўлмайди. У машҳурлик ва муваффақият борасида бир вақтлар ўхшашни хоҳлаган онасини ортда қолдирган.
Иккинчи қоида: мақсад қўйиш
Ким Кардашьян болалигиданоқ бир кун келиб машҳур бўлишини яхши билган. Нуфузли Беверли-Хиллз мактабида ўқиганига қарамай, коллежда ўқиш ва диссертация ёқлашни хаёлига ҳам келтирмаган. Унинг барча ўй-хаёли телевидениеда кўриниш билан банд бўлган. Синфдошларининг айтишича, у ўз истакларидан уялмаган, аксинча, атрофдагиларга ўзининг бўлажак юлдуз эканини уқтиришга ҳаракат қилган.
Учинчи қоида: мақсадга эришиш усулларини топиш
Телевидениеда кўриниш беришдан аввал Ким турли зиёфатларда иштирок этган. Ундан олдинроқ эса Пэрис Хилтон, Николь Ричи ва Линдси Лохан билан апоқ-чапоқ бўлиб юрган. Аста-секинлик билан у акс этган суратлар деярли барча журнал муқоваларида чоп этила бошлаган. Аммо бу бўлажак юлдуз учун етарли бўлмаган. У ўзининг кийим, атир брендига асос солган, интернет-дўконини ҳам очишга улгурган. Тобора машҳурликка эришишига эса оиласи ҳам ҳисса қўшган. 2007 йилда Америка каналларидан бирида «Кардашьянлар оиласи» номли реалити-шоу эфирга узатилган. Унда Кардашьян-Женнерлар оиласининг барча вакиллари иштирок этган. Мухлислар шоуни томоша қилар экан, Кимни ундаги энг ёрқин, фаол ва истеъдодли иштирокчи деб эътироф этган.
«Болалигимдан актриса бўлишни орзу қилганман ва ҳамиша мени яширин камералар суратга олаётганини тасаввур қилганман. Шу сабаб ҳам реалити-шоу қаҳрамони бўлиш мен учун осон кечди», — деган Кардашьян.
Тўртинчи қоида: ўз хатоларини тан олиш
Хато ва камчиликлар ҳар доим бўлади. Бу айниқса бирон ишга қўл урганда кузатилиши сир эмас. Шундай онларда орзулардан воз кечмаслик, қўл силтамаслик муҳим саналади. Ким ёқимсиз вазиятларда шундай йўл тутишга ҳаракат қилади.
Бешинчи қоида: ўзини хафа қилдириб қўймаслик
Танқидлардан қочиб бўлмайди, айниқса машҳурлар қаттиқ танбеҳларга ҳамиша тайёр бўлиши керак. Аммо кези келганда ўзини хафа қилдириб қўймаслик керак. Токи ҳеч кимнинг сизни ҳақорат қилишга ҳадди сиғмасин. Ким Кардашьян мана шундай қоидага амал қилади. 2013 йил The Tonight Show’га берган интервьюси бунга яққол исбот бўла олади. У фарзандли бўлганидан кейин қоматига билдирилган изоҳларга қуйидагича жавоб берган: «Туғуруқдан кейин бошқа аёллар сингари вазн тўпладим. Аммо мени семиз дейдиган ҳар кимга жуда ҳам қўпол жавоб бераман».
Олтинчи қоида: камчиликларни афзалликка айлантириш
Ким бўйининг пастлигини баланд пошна билан яширишнинг уддасидан чиқади. Кийиниш услуби ва аксессуарлар билан эса қоматига урғу беришни афзал билади.
Еттинчи қоида: рақобатлашиш
Усуллар турли бўлиши мумкин, аммо уларни ҳаммага бирдек қўллаш керак. Ҳатто бу туғишганинг бўлса ҳам. Сал аввалроқ Кардашьяннинг синглиси Хлои фойдаланувчилар томонидан ёзилган изоҳ сони бўйича Кимдан ўзиб кетган. Бунга унинг суратлар остига омадсиз севги ҳақидаги фалсафий фикрларни ёзиб қолдиргани сабаб бўлган. Ким бунга шундай қараб турмаган. «Кўп иқтибос ёзиб қолдирадиганларнинг муаммоси бисёр бўлади. Twitter’да бу нормал, аммо Instagram суратлар учун керак», — деб ёзиб қолдирган у.
Саккизинчи қоида: ҳар куни ўзини бошқаларга эслатиб туриш
Ким Instagram’даги энг машҳур юлдузлардан саналади. Унинг саҳифасини 259 миллион фойдаланувчи кузатади. У бир кун ичида бир неча марта янги суратлар жойлашни афзал билади. Суратлари миллионлаб лайк йиғиши ҳам ҳеч кимга сир эмас.
Тўққизинчи қоида: келажакка оид режалар билан бўлишиш
Ҳатто бошқалар учун нореалдек туйилган тақдирда ҳам ўз режалари ҳақида гапиришдан чўчимаслик керак. Бир вақтлар Ким селфи китобини тақдим этмоқчилигини айтганида, кўпчилик узоқ вақт давомида унинг устидан кулган. Аммо нима бўлганда ҳам у режасини амалга оширишга муваффақ бўлган ва бунинг ортидан яхшигина гонорар ҳамда машҳурликка эга бўлган. “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»
Ижтимоий тармоқлар даврида руҳий саломатликни қандай сақлаш мумкин?
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Шимолий Корея Россияга узоққа зарба берувчи қуроллар юборди
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди