07:55 / 25.10.2021
2 046

Кўз остида шиш пайдо бўлишининг сабаблари ва даво чоралари

Кўз остида шиш пайдо бўлишининг сабаблари ва даво чоралари
Фото: «Medportal.ru»
Кўзости соҳасида шиш пайдо бўлиши кенг тарқалган муаммолардан биридир. Сабаби кўз остида тўқималар зич эмас, бўшашган тузилишга эга майда қон томирлар кўп, коллаген толалар ва ёғ тўқималари эса жуда оз, шунинг учун ушбу соҳа шишишга мойил.

Кўзости шиш пайдо бўлишининг сабаблари

Овқатланиш режими бузилганда

Вақти-вақти билан эрталаб пайдо бўлади. Уйғонгандан кейин бир неча соат ичида йўқолади. Ётишдан олдин шўр таомлар истеъмол қилинса, кўп суюқлик ичилса, шиш кузатилади. Дудланган, аччиқ маҳсулотлар ва спиртли ичимликлар шишга олиб келади. Шишни тезда бартараф этиш учун бир неча дақиқага муздек компресс қилиш тавсия этилади.

Ички аъзолар касаллиги
Кўз остидаги шишлар мунтазам равишда тонгда пайдо бўлади, узоқ вақтгача туради. Шунингдек, юзнинг ҳамма қисмида шиш кузатилади. Бемор уйқудан кейин юзида ёстиқ бурмаларининг изини кўриши мумкин.

Қалқонсимон без, буйрак, юрак-қон томир тизими, жигар касалликларида пайдо бўлади. Бундан ташқари, терининг ранги сарғиш, кўнгил айниши, оёқларда шиш, қон босими кўтарилиши мумкин. Шунинг учун шишни келтириб чиқарган касалликни аниқлаш ва даволаш керак.

Ёш билан боғлиқ ўзгаришлар
Шиш ёши катталарда 35—40 ёшдан кейин пайдо бўлади ва ўз-ўзидан йўқолмайди. Кўз атрофидаги мушаклар ёш ўтиши билан заифлашади ва осилиб қолади. Натижада мушак орқасидаги ёғ тўқимаси мушак толалари орқали ўтиб, унинг устига жойлашади, оқибатда майда қон томирларида турғунлик пайдо бўлади ва шишга олиб келади. Бунинг учун тери остига дорилар инъекцияси амалга оширилса, ёғ алмашунувини нормаллаштиради ва шишнинг камайишига олиб келади. Ёки жарроҳлик йўли билан олиб ташланади.

Ирсият билан боғлиқ ҳолат
Эрта болаликдан пайдо бўлади ва вақт ўтса ҳам йўқолиб кетмайди. Баъзи инсонларда тери остида ортиқча ёғ тўқималари бўлади, натижада қон ва лимфа оқими секинлашади. Бу организм ҳолатига боғлиқ эмас. Косметологик ускуналар ва дорилар ёрдамида шишларни даволаш мумкин. Масалан, радиочастотали юз массажи — қон ва лимфа циркуляциясини яхшилайди, коллаген толалар ривожланишини рағбатлантиради, косметологик мезоигналар терини таранглаштиради, шишларни ва терининг осилиб қолишини бартараф этади.

Шифокор Хуршид Аъзамхўжаев тавсиялари асосида тайёрланди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Кўз остида шиш пайдо бўлишининг сабаблари ва даво чоралари