21:39 / 24.05.2022
1 325

АҚШ юқори мартабали мулозими Ўзбекистон ТИВда ўтган учрашув тафсилотларини очиқлади

АҚШ юқори мартабали мулозими Ўзбекистон ТИВда ўтган учрашув тафсилотларини очиқлади
Дональд Лу сўнгги беш ой ичида Ўзбекистонга иккинчи бор ташриф буюрди.
Фото: «Xabar.uz»

Бугун, 24 май куни «Тошкент гуллари» мажмуасида АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) томонидан хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш мақсадида амалга оширилаётган лойиҳаларга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Анжуманда айни кунларда юртимизда меҳмон бўлиб турган АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Дональд Лу ҳам иштирок этди.

Тадбирда маълум қилинишича, USAID’нинг агробизнесни ривожлантириш лойиҳаси доирасида мамлакатимиз хотин-қизларини иш билан таъминлаш, тадбиркор ва ҳунарманд аёлларни қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2021 йили мазкур лойиҳага бир миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилган эди.

Айни пайтда ушбу молиявий кўмак доирасида 1000 дан зиёд хотин-қизлар 18 та йўналишда билим ва малака ошириш имконига эга бўлмоқда. Мазкур анжуман ташкил этилган «Тошкент гуллари» мажмуасида ҳам хотин-қизларни гул парвариши санъатига ўргатиш бўйича семинарлар ўтказилмоқда.

Тадбирнинг фахрий меҳмони – Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Дональд Лу ўзбекистонлик хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳалар изчил давом эттирилишини маълум қилди.

Аввал хабар берганимиздек, АҚШлик юқори мартабали дипломат Ўзбекистон ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов билан музокара ўтказди.

Фурсатдан фойдаланиб, Давлат котиби ёрдамчисидан Ўзбекистон ТИВда кечган музокаралар хусусида сўрадик.

«Мен Ўзбекистон ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов билан cамимий суҳбатлашиш имконига эга бўлдим. Бу – В.Норов билан илк учрашувимиздир. У менда яхши суҳбатдош, дипломатия ҳамда АҚШ билан муносабатлар борасида катта тажрибага эга инсон сифатида ижобий таассурот қолдирди.

Сир эмас, айни пайтда Ўзбекистон, умуман, Марказий Осиёда ўзига яраша иқтисодий мушкулотлар кузатилмоқда. Бу борада нарх-наво ошиши, маҳсулотларни экспорт қилишдаги қийинчиликлар, Россиядан меҳнат муҳожирларининг қайтиши кабиларни қайд этиш мумкин. Вашингтондан шундай мужда келтирдик: АҚШ ушбу мушкулотлар ечимида Ўзбекистонга кўмак бермоқчи
», – дейди Дональд Лу қисқа интервьюсида.

Дипломатнинг таъкидлашича, Ўзбекистон томони бу борадаги таклифларга қизиқиш билдирмоқда.

«Меҳнат бозори тараққиётни белгиловчи омиллар сирасига киради. Негаки, ақлли ва салоҳиятли кадрларни тайёрлаш орқали мамлакат ривожини жадаллаштириш мумкин. Биз ҳам иш ўринлари яратиш, кадрлар малакасини ошириш орқали пировардида фаровонликка ҳисса қўшмоқчимиз. Ўзбекистон маҳсулотларини ЕИ, АҚШ, Япония, Жанубий Корея ва бошқа давлатларга экспортига кўмаклашишга ҳам шаймиз. Ўйлаймизки, таклиф этилаётган имкониятлар Ўзбекистон тараққиётига хизмат қилади», – дейди Давлат котиби ёрдамчиси.

Давлат департаменти вакили музокараларда Ўзбекистонда сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни давом эттириш зарурати ёдга олинганини ҳам қайд этди.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Дональд Лу 2021 йил декабрь ойида ҳам юртимизга ташриф буюрган ва ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан биргаликда икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик мулоқотининг биринчи мажлисини ўтказган эди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » АҚШ юқори мартабали мулозими Ўзбекистон ТИВда ўтган учрашув тафсилотларини очиқлади