06:30 / 21.10.2022
1 435

Кўчма савдо фаолияти учун талаблар соддалаштирилмоқда

Кўчма савдо фаолияти учун талаблар соддалаштирилмоқда
Рўйхатдан ўтказилган кўчма савдо объектларини ёки унинг бир қисмини бошқа шахсга фойдаланишга ёки ижарага беришга ўрнатилган тақиқ бекор қилинмоқда.

Ҳукуматнинг тегишли қарори билан кўчма савдо фаолияти учун талаблар соддалаштирилмоқда, дея ёзади Norma.uz.

Қарорга мувофиқ, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилган ва вақтинча фойдаланилмаётган ер участкалари кўчма савдо объектини жойлаштириш учун тадбиркорларга электрон онлайн-аукцион орқали 3 йилгача ҳамда мавсумий кафеларни ўрнатиш учун ижарага берилиши мумкин.

Кўчма савдо объектлари тоифасига100 квадрат метр майдондан кўп бўлмаган лотоклар, палаткалар, савдо аравалари, пештахталар, автодўконлар, автотиркамалар, автоцистерналар, фудтраклар, тонарлар, савдо автоматлари, мобил контейнерлар, енгил конструкциялар, шу каби ва шунга ўхшаш бошқа кўчма савдо объектлари кириши белгиланмоқда.

Шунингдек, энди фудтрак эгалари ўтириш жойлари билан кичик ошхоналар ташкил этишлари мумкин. Илгари ўтириш жойларини ташкил этишга рухсат йўқ эди.

Кўчма савдо объектларида қуйидаги фаолиятга рухсат берилмоқда:
- етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини енгил конструкцияли кўчма музлатгичларда сақлаш ва сотиш;
- енгил турдаги транспорт воситаларини (енгил автомобиль, велосипед, самокат, скутер ва бошқалар) ижарага бериш ва таъмирлаш хизматлари;
- электромобилларни қувватлаш;
- сартарошлик хизматлари;
- косметолог хизматлари;
- пойабзал таъмирлаш хизмати;
- маиший техника воситаларини таъмирлаш хизмати;
- калит ясаш хизмати.

Қуйидаги жойларда кўчма савдо объектларини жойлаштиришга йўл қўйилмайди:
- маъмурий биноларда;
- жамоат транспорти бекатларида;
- пиёдалар ўтиш жойларидан олдин 15 метрдан кам масофада.

Қолаверса, рўйхатдан ўтказилган кўчма савдо объектларини ёки унинг бир қисмини бошқа шахсга фойдаланишга ёки ижарага беришга ўрнатилган тақиқ бекор қилинмоқда (фойдаланишга ёки ижарага бериш Давлат солиқ қўмитасининг махсус автоматлаштирилган ахборот тизимида амалга оширилади)

Умумий овқатланиш ташкилотига туташ ёки 5 метрдан ошмайдиган масофада жойлашган, бўш турган кўчма савдо жойи электрон онлайн-аукционсиз умумий овқатланиш ёки савдо соҳасида қўшимча хизмат кўрсатиш учун ижарага берилиши мумкин.

Хоким ёрдамчилари, жисмоний ва юридик шахслар кўчма савдо жойини "K — SAVDO" тизимига киритиш ҳуқуқига эга. Бунда ғолиб деб топилган жисмоний шахс 5 иш куни ичида тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтиши шарт.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Кўчма савдо фаолияти учун талаблар соддалаштирилмоқда